17:40 / 18.01.2022
1 836

Назарбоев Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг биринчи марта халққа мурожаат билан чиқди

Назарбоев Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг биринчи марта халққа мурожаат билан чиқди
Фото: «Элбасй.кз»
Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги норозилик намойишларидан кейин биринчи марта халққа мурожаат билан чиқди. Унинг нутқи Қозоғистон президенти сайтида эълон қилинган.

Назарбоевнинг таъкидлашича, Қозоғистонда бўлиб ўтган тартибсизликлардан мақсад «мамлакат яхлитлиги ва давлат асосларини бузиш» бўлган. У Қозоғистон мустақиллигини «кўз қорачиғидек» асрашга чақирди ва тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Бўлиб ўтган фожиа барчамиз учун сабоқ бўлди. Бу бузғунчилик ва қотилликлар ортида ким турганини аниқлаш зарур. Ушбу саволга терговдан жавоб оламиз», — деди собиқ президент.

Шунингдек, Назарбоев мамлакатни тарк этгани ва Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари ваколатларидан маҳрум этилгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.

«Менга келиб тушган кўплаб мурожаатлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарлар муносабати билан шуни маълум қиламанки, мен 2019 йилда президентлик ваколатларини Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширганман ва ўшандан бери пенсионерман, ҳозир эса Қозоғистон пойтахтида муносиб дам оляпман, ҳеч қаерга кетганим йўқ.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тўлиқ ваколатга эга. У Хавфсизлик Кенгашининг раиси. Тез орада президент «Нур Отан» партиясининг раиси этиб сайланади. Шунинг учун элита орасида ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиз.

30 йил давомида ватанимиз учун тиним билмай меҳнат қилганим ҳаммага аён. Юрт чегараларини мустаҳкамладик, изчил ислоҳотларни амалга оширдик. Биргаликда мустақил Қозоғистонни барпо этдик, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда юксак натижаларга эришдик, нафақат Марказий Осиёда, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстилигида ҳам кўп жиҳатдан етакчи бўлдик. Мамлакатдаги барқарорлик ва осойишталик менинг доимий мақсадим бўлган
», — деди Назарбоев ўз нутқида.

У амалдаги президент Тўқаев халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган янги ислоҳотлар дастурини илгари сураётгани, ушбу дастурни қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

Назарбоев ўзи давлат раҳбари бўлган пайтда олиб борган ислоҳот ва модернизация ишларини қўллаб-қувватлагани учун Қозоғистон халқига ташаккур айтиб нутқини якунлади.

Нурсултон Назарбоев 1990 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон ССРни, кейин эса мустақил Қозоғистонни бошқарган. Президентликдан кетгач, у Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари ваколатларини сақлаб қолганди. 2022 йилнинг январида Қозоғистонда бўлиб ўтган норозилик намойишлари давомида Назарбоев халққа кўриниш бермади, ҳеч қандай баёнот ҳам йўлламади. 5 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши раислигидан четлатганини маълум қилди.

Собиқ президент ва унинг оила аъзолари мамлакатни тарк этгани, ҳатто Назарбоев вафот этгани ҳақида ҳақида миш-мишлар тарқалди. Сўнг Назарбоевнинг вакили биринчи президент Қозоғистонда экани, у Хавфсизлик кенгаши раҳбарлигини ўз ихтиёри билан топширгани ҳақида баёнот билан чиқди.

The Guardian нашри Назарбоев Нур-Султонда Тўқаев билан активлар, даромадлар ва табиий ресурслардан тушган маблағларни қайта тақсимлаш бўйича «аёвсиз музокаралар» олиб бораётгани ҳақида хабар берди.

Намойишлардан кейин Назарбоев оиласи вакиллари Қозоғистоннинг катта компаниялари, давлат органлари ва ташкилотларидаги лавозимларидан маҳрум бўла бошлади. Жумладан, Қозоғистон биринчи президентининг икки куёви нефть-газ соҳасига оид йирик компаниялардаги лавозимини тарк этган. Элбошининг кенжа қизи Алиянинг турмуш ўртоғи Димаш Дўсанов «КазТрансОйл» бош директори лавозимидан, тўнғич қизи Дариғанинг «эри» Ғайрат Шарипбаев эса «ҚазақГаз Миллий компанияси» АЖ бошқаруви раиси лавозимидан истеъфога чиққан. Кейинчалик учинчи куёв – Тимур Кулибаев «Atameken» миллий тадбиркорлар палатаси раҳбари лавозимидан истеъфо берди. Қозоғистон президенти Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари генерал-лейтенант Самат Абишни лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Қозоғистон биринчи президентининг катта қизи, депутат Дариға Назарбоева январь охирида парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида январь охиригача иштирок этмаслигини маълум қилган. Унинг матбуот котиби сиёсатчи аёлнинг мазкур қарорини COVID-19 билан касаллангандан кейинги реабилитация жараёни билан боғлиқлиги ҳақида изоҳ берган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Назарбоев Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг биринчи марта халққа мурожаат билан чиқди