17:45 / 27.01.2022
929

Эрдўғон фуқароларни давлат банкларидан кредит олишга чақирди

Эрдўғон фуқароларни давлат банкларидан кредит олишга чақирди
Фото: Reuters
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат аҳолисини давлат банкларидан кредит олишга чақирди, деб хабар беради НТВ телеканали.

Туркия етакчиси мазкур баёнотни янги кенг кўламли иқтисодий сиёсат доирасида билдирган бўлиб, унинг сўзларига кўра, бу иқтисодий инқироздан жабр кўрганларни чайқовчиликдан ҳимоя қилиши керак. Эрдўғон фоиз ставкалари пасайганига қарамай, хусусий банклар томонидан қўлланилаётган ставкалар ҳамон юқори эканини айтган.

Шунингдек, Туркия президенти фоиз ставкалари пасайтирилмаса, кураш давом этиши ҳақида хусусий банкларни огоҳлантирган. Бундан ташқари, у ҳукумат ўтган ой 36 фоизга қадар кўтарилган инфляция юкини енгиллаштириш чораларини кўришини ва инвесторлар учун янги муқобил қарз эмиссияси чиқарилишини маълум қилган.

«Бизнинг устувор вазифамиз доимо экспорт ва аҳоли бандлигини ошириш бўлиб келган. Ишонаманки, бу курашда давлат ресурслари ва банк кредитларидан ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда фойдаланиб, муваффақиятга эришамиз. Ушбу модель билан мамлакатимиз янада кучли бўлади, иқтисодиётимиз эҳтимолий спекулятив аралашувлардан камроқ таъсир кўради», — дейди Эрдўғон.

Унинг сўзларига кўра, миллий валютанинг қадрсизланиши банклар ваъда қилган фоиз ставкаларидан ошиб кетса, Анқарадаги ҳукумат лирада омонат қўйган фуқароларнинг кўрган зарарини қоплайди.

Туркияда 2021 йил бошидан буён лира курси долларга нисбатан қарийб икки баробарга арзонлашган: курснинг энг жиддий қулаши ноябрда қайд этилди — турк валютаси бир ойда ўз қийматининг 40 фоизини йўқотди. Лиранинг тарихий минимумга қадар тушиб кетиши ортидан 23 ноябрь куни йирик шаҳарларда юзлаб одамлар кўчаларга чиқиб, президентнинг истеъфосини талаб қилди. Эрдўғон эса фуқароларни сабрли бўлишга ва ҳукуматнинг янги иқтисодий моделига ишонишга чақирди, товарлар нархининг ошишидан фойдаланиб қолмоқчи бўлган шахсларга раҳм-шафқат қилмаслигини айтди. Бироқ вазият кундан кунга ёмонлашиб, маҳсулотларнинг нархи ва доллар курси ошиб боряпти.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўғон фуқароларни давлат банкларидан кредит олишга чақирди