14:12 / 23.02.2022
1 269

Икки нафар ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига киритилмади

Икки нафар ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига киритилмади
Фото: Мадина халқаро аэропорти терминали / Фото: Urdu News
20 феврал, якшанба куни икки нафар ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига киришга тақиқ борлиги сабабли Мадина халқаро аэропорти Чегара хавфсизлик хизмати томонидан тўхтатиб қолинган.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборотига кўра, мазкур Ўзбекистон фуқаролари бундан аввал – 2019 йилда Қирғизистон Республикасининг қалбаки паспорти билан Умра сафарига бориб келган.

Саудия Арабистонидан чиқиш вақтида Саудия қонунларини бузгани учун мамлакат чегара хавфсизлик хизмати томонидан уларга нисбатан мамлакатга кириш учун 10 йил муддатга тақиқ белгиланган. Шу боис, ушбу фуқаролар подшоҳликка киритилмади”, – дейилади идора хабарида.

Мусулмонлар идораси фуқароларни “турли алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли” зиёратга боришни тавсия қилган.

Идора матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича 2 нафар зиёратчи бугунги кунда Ўзбекистонга қайтиб келган. Улар қилган тўловларнинг қайтарилишига доир сўровимизга эса идора матбуот котиби “табиийки, авиачипталар сарф-харажати чегириб қолинади, қолган масалалар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади”, дея жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, қарийб 2 йиллик танаффусдан сўнг ўзбекистонликлар учун Умра мавсуми жорий йилнинг 22 январь куни бошланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси пандемия талаблари, Саудия Арабистонида 15 фоизлик ҚҚСнинг жорий қилиниши ҳамда нарх-наво кўтарилгани сабабли ўзбекистонлик Умра зиёратчилари учун тўлов миқдори 4 миллион сўмдан кўпроққа оширилганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги очиқлик сиёсатига қарамай, монополияга асосланган Ҳаж ва Умра зиёратининг ташкил этилиши ва хизмат кўрсатувчи компанияларнинг танлаб олинишида ҳамон шаффофлик йўқ, зиёрат учун тўланган пулдан қайси хизмат учун қанча ишлатилиши эса сир сақланмоқда.

Соҳадаги монополияни тугатиш ва пуллик хизматлар кўрсатишни хусусий секторга беришга доир таклифлар ва танқидларга масъул ташкилотлар бир неча йилдан буён кўз юмиб келмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Икки нафар ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига киритилмади