10:50 / 24.02.2022
2 963

Трамп Путиннинг ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарорига муносабат билдирди

Трамп Путиннинг ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарорига муносабат билдирди
Фото: Getty Images
АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарорини, шунингдек, унинг тинчликпарвар миссия мақомидаги ҳарбийларни Донбассга киритиш режасини доҳиёна ҳаракат деб атади. Трамп бу ҳақда The Clay Travis and Buck Sexton Show подкастида ўз мулоҳазаларини баён этган.

- Кеча оқшомда уйга кириб, телевизорни ёқдим ва «Бу доҳиёна қарор» деб юбордим. Путин Украинанинг катта қисмини мустақил деб эълон қилди, бу жуда ажойиб. У ҳудудга тинчликпарвар қўшин сифатида киришни мақсад қилган. Бу мен кўрган энг кучли тинчликпарварлар. У ерда мен аввал ҳеч қаерда кўрмаган танклар сони мавжуд. Улар тинчликни сақлаб туради. Бу ҳақида бир ўйлаб кўринг-а.

Трампнинг қўшимча қилишича, агар у АҚШ президентлигини сақлаб қолганида бу каби ҳолатлар юз беришига йўл қўймасди.

- Бу ҳеч қачон содир бўлмасди. Аммо ўша йигит «Украинанинг катта қисмини мустақил деб эълон қиламан» деб айтишга улгурди. У мустақил сўзидан фойдаланди. «Биз йўлга чиқамиз, у ерга борамиз ва тинчликни сақлашга ёрдам қиламиз» деди. Тан олиш керак бу жуда устомонлик билан қилинган иш. Бунга Байден нима деб жавоб қилганини биласизми? Жавоб берилмади. Йўқ, бу жуда қайғули ҳолат. Жуда қайғули.

Трамп Путинни жуда яхши билиши ва у билан ташқи сиёсатда муаммоларсиз ишлашни уддалаши мумкинлигини қайд этди.

- Мен унга ёқардим. У ҳам менга ёқади. Биласизми, у чақилмас ёнғоқ, жозибадорлиги ва ғурури устун туради. У ўз ватанини севади, тушуняпсизми? Мен унинг ҳар доим Украинани эгаллашни исташини билардим. У билан бу ҳақда гаплашганман. Мен унга «Сен бу ишни қила олмайсан. Қилмайсан» деб айтганман. Бироқ унинг Украинани эгаллашни хоҳлашини билардим. Бу ҳақида батафсил суҳбат қурганмиз.

Владимир Путин 21 февралда ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди. 22 февралда Федерация кенгаши Донбассга Россия қўшини киритилишига рухсат берди. Бу Украинанинг мазкур икки ҳудудга нисбатан зўравонлик ҳаракатларига тинчликпарвар миссиянинг жавоб бўлиши тахмин қилинди. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Россиянинг ушбу ҳаракатларини тинчликпарварлик эмаслигини қайд этди.

АҚШ Россия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олгани учун мамлакатга нисбатан санкциялар қўллади. «Промсвязбанк» ҳамда унинг шўъба корхоналари (жумладан, ЦСКА футбол клуби ҳам), шунингдек Россияни ривожлантириш давлат корпорацияси ва россиялик уч амалдорларнинг ўғилларига нисбатан чекловлар ўрнатилди. АҚШ Россиянинг суверен қарзига нисбатан ҳам чекловлар жорий қилди.

Россия ТИВ АҚШнинг санкция чоралари ҳисоб бўйича 101 тага етганини билдирди. Россия ташқи ишлар вазирлигининг қўшимча қилишича мамлакат ҳам санкцияларга нисбатан кучли жавоб қайтаради, жавоб ушбу чекловларга симметрик тарзда бўлмаслиги мумкин, бироқ Америка томонига кучли таъсир кўрсатади.

АҚШдан ташқари Европа иттифоқ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Япония, Германия каби давлатлар ҳам ДХР ҳамда ЛХР мустақиллигининг тан олиниши ортидан «Шимолий оқим–2» («Северний поток–2») газ тармоғининг сертификациясини тўхтатиб қўйди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Путиннинг ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарорига муносабат билдирди