20:05 / 14.04.2022
1 714

Уруш бошидан шиддатли ўққа тутилган ва Россия қамалида қолаётган Мариуполда вазият қандай?

Уруш бошидан шиддатли ўққа тутилган ва Россия қамалида қолаётган Мариуполда вазият қандай?
Мариуполда Россия армияси ҳужумига учраган бинолар
Фото: «ТАСС»

Россиянинг Украинадаги босқини 50 кундан буён давом этмоқда. Апрель бошида Россия Мудофаа вазирлиги Киев атрофида асосий вазифалар бажариб бўлингани ва эндиликда Донбассни озод қилишга эътибор қаратилишини маълум қилди ҳамда қўшинларини Киев дарвозасидан олиб кетди.

Украина расмийлари Россия Донбассда кенг кўламли янги ҳужумга тайёрланаётганини айтмоқда. Россия Донбассда қўлга киритмоқчи бўлган энг катта «ўлжа» — Мариупол бўлиб, шаҳар етти ҳафтадан буён Россия қамали остида. Агар Россия Мариуполни қўлга киритса, шарқдаги қўшинларини Қримдан келадиган қўшинлари билан бирлаштириб, бор диққатини Украинанинг ушбу минтақада жойлашган асосий кучларини қуршаб олишга қаратиши мумкин.

Мариупол мери Россия қамали бошланганидан буён шаҳарда 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтди. Мернинг сўзларига кўра, қурбонлар сони 20 минг кишидан ортиқ бўлиши ҳам мумкин, чунки Мариупол аҳолисининг жасадлари «кўчаларни гиламдек қоплаган».

Украина президенти Владимир Зеленский Мариупол қамалини «асрлар давомида эсдан чиқмайдиган террор» деб атади:

"Мариупол қамали уруш жиноятлари учун жавобгарликлар тарихига киради. Тинч шаҳарни шундай кўйга солиш — босқинчилар қилмиши – бу террорни асрлар давомида эслаб қолишади. Украиналиклар бу ҳақда дунёга қанча кўп айтса, биз шунча кўп қўллаб-қувватлов оламиз, Россия Украинага қарши қанчалик кўп террордан фойдаланса, унинг оқибатлари шунчалик ёмон бўлади».

Бир пайтлар 400 000 аҳолиси бўлган Мариупол Россиянинг аёвсиз ҳужумлари оқибатида деярли бутунлай вайронага айланди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари шаҳардаги турар жой бинолари атрофида сочилиб ётибди ёки шошилинч равишда яқин атрофга кўмилмоқда. Қабрлар вақтинчалик хочлар билан белгиланган, тахтачаларда марҳумларнинг туғилган ва ўлган саналари ёзиб қўйилган.

Мариуполда аҳоли яшайдиган бинолар ҳовлисидаги қабрлар
Фото: «ТАСС»

Мариуполни тарк эта олмаётган ёки шаҳардан кетишни истамаган юз минглаб одамлар ичимлик суви, озиқ-овқат, дори-дармон ва электр қувватисиз ертўлаларда яшамоқда. Аҳоли гуманитар ёрдам олиш учун узундан-узоқ навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уруш бошидан шиддатли ўққа тутилган ва Россия қамалида қолаётган Мариуполда вазият қандай?