00:20 / 16.04.2022
2 888

Киевга ҳужум ҳақидаги таҳдиддан кейин Россиянинг чегара ҳудудларига зарбалар берилди

Киевга ҳужум ҳақидаги таҳдиддан кейин Россиянинг чегара ҳудудларига зарбалар берилди
Россия мудофаа вазирлиги генерал-майори Игорь Конашенков агар Украина Россия ҳудудини ўққа тутса, Киевдаги қарор қабул қилиш марказларига зарба берилиши билан таҳдид қилди. Кейинги куни Россиянинг Брянск областида портлашлар рўй берди.

Россиянинг чегарадаги регионларида сўнгги кунларда террористик хавфнинг «сариқ даражаси» эълон қилинган, ҳудудий нашрлар бу областларда камида бир неча жиддий ҳодисалар ҳақида хабар берган. Бу эса уруш Россия ҳудудига кўчиши мумкинлиги тўғрисидаги гапларни келтириб чиқармоқда.

«Қайноқ нуқтада хизматдаман. Қирқ дақиқа давомида тинчимиз бўлмади. Шундай яшаяпмиз. Павильон бузилган, том элак бўлиб кетган», дея 14 апрел тонгида Брянск областидаги Климово посёлкасида яшовчилар аҳоли пункти яқинида рўй берган портлашлар ҳақида хабар беришди, бу вақтда ижтимоий тармоқларда осмонга қора тутун ўрлаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Кейинроқ Украина билан чегарадаги «Новие Юрковичи» назорат-ўтказиш пункти ўққа тутилгани маълум бўлди, россиялик чегарачилардан бири пунктга зарар етгани акс этган видеони интернетга жойлаштирди. Брянск области губернатори Александр Богомаз аниқлик киритишича,назорат-ўтказиш пунктидан ташқари Климово посёлкасига ҳам зарба берилган. Ҳужум натижасида етти киши яралангани, уларга тиббий ёрдам кўрсатилгани, камида икки уй вайрон бўлгани айтилган.

Бир неча соат ўтиб Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Украина ҳудудидан туриб Грайвороновский шаҳар округидаги Сподарюшино посёлкасига зарба берилгани ҳақида хабар тарқатди. Област расмийлари хабарида бу ҳужум оқибатлари бўйича тафсилотлар келтирилмаган.

Шу кунларда Россия мудофаа вазирлиги агар Украина Россия ҳудудига диверсия ва зарбалар беришни бас қилмаса, Киевдаги қарор қабул қилиш марказларига зарба берилиши билан таҳдид қилганди.

Украина ҳукумати аввалроқ, уларнинг маълумотларига кўра, Россиянинг чегарадош ҳудудларида провокациялар уюштирилиши, Москва буни «РФ ҳудудида Украинага қарши жазава уйғотиш» учун Украина ёки украинпараст «террорчилар» билан боғлаши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирганди.

Белгород, Курск, Кубань, Брянск

Россия ҳудудига илк снарядлар март ойи охирларида, Россиянинг Украинага босқинидан бир ой ўтиб учиб кела бошлаганди. 23-24 март кунлари Россиянинг Украина билан чегарадош ҳисобланган Белгород областининг жанубида жойлашган Журавлёвка қишлоғида портлашлар рўй берди. Маҳаллий расмийлар фавқулодда ҳолат эълон қилишган ва Белгороддаги икки қишлоқ - Журавлёвка ва Нехотеевкадан 178 кишини эвакуация қилган.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков телеграм каналида снаряд портлаши оқибатида 13 уй ва фуқароларнинг саккиз машинаси жабрлангани, тинч аҳоли вакилларидан уч киши яралангани ҳақида маълум қилган. «Барчаси назорат остида», дея ишонтирганди ўшанда Белгород ҳукумати.

Белгород области губернаторининг телеграм каналида эълон қилинган Журавлёвкада олинган сурат. T.ME/VVGLADKOV
Кейинроқ бу ҳодиса вақтида бир киши - ҳарбий руҳоний, Новая Ладогадаги ибодатхона клирики Олег Артёмов ҳалок бўлгани маълум қилинди. РФ тергов қўмитаси баёнотида руҳоний 24 март куни Журавлёвка қишлоғи ҳудуди Украина қуролли кучлари томонидан «Смерч» баравар ўт очиш тизими орқали ўққа тутилиши сабаб вафот этгани айтилган. Ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бир ҳафта ўтиб, 1 апрел куни Белгород областида яна портлашлар кузатилди - «Роснефт»нинг Белгороддаги нефтбазаси портлади, икки ходим жабрланди. Ўша куни губернатор Гладков Никольское ва Ясние Зори қишлоқлари атрофидаги дала майдонларида снарядлар портлашидан ўралар ҳосил бўлганини айтди, шунингдек электр узатиш линияси ва битта турар жой шикастланган.

Интернетда тарқалган видеоларга кўра, нефт базага ҳужум вертолётлар орқали амалга оширилган, Россия томони бу чегарадан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими радарларига сездирмасдан паст баландликда учиб келган украин вертолётлари бўлганини маълум қилди. Ҳолбуки Россия мудофаа вазирлиги спикери, генерал-майор Конашенков бундан бир неча ҳафта олдин Украина ҳарбий авиацияси тўлиқ яксон этилганини айтганди.

8 апрел куни Брянск областидаги Карачева посёлкаси аҳолиси уйлар устидан Су-24 бомбардимончи самолёти учиб ўтиши туфайли уйғониб кетишди - бундай самолётлар Россия армиясида ҳам, Украина қуролли кучларида ҳам бор. Шаҳар жамоатчилиги бу самолёт гўёки шаҳарда жойлашган иккита ҳарбий қисмни бомбардимон қилиш учун учиб келгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо бу маълумот расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Курск области губернатори Роман Старовойтнинг маълум қилишича, 9 апрел куни Украина томонидан миномётлар орқали Елизаветовка қишлоғи ҳудудидаги чегара пости ўққа тутилганини хабар қилди. Бу ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган, «россиялик ҳарбийлар жавоб зарбаси билан ўт очиш манбасини бостиришди», деган губернатор ўз телеграм-каналида.

11 апрел куни ижтимоий тармоқларда Азов денгизининг Таганрог кўрфази соҳилида, бир ойдан ошиқ вақтдан буён жанглар кетаётган Мариуполдан 70 километр масофада жойлашган, Кубандаги Шабельское қишлоғида олинган видео тарқалди.

Унда дала майдонида бир метр чуқурликда, диаметри 15 метрлик ўра пайдо бўлганини кўриш мумкин. Қишлоқ аҳолиси BBC мухбири билан суҳбатда икки марта портлаш овози эшитилганини тасдиқлаган. Қишлоқда тарқалган миш-мишларга кўра, биринчи снаряд денгизга тушган, иккинчиси маҳаллий аҳоли картошка экаётган полизда портлаган. Яқин жойлашган икки уй бироз шикастланган.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг сўзларига кўра, портлаш овози жуда қаттиқ бўлган ва ҳаммаёқни силкитиб юборган - тупроқ дарахтлар бўйи кўтарилган. У портлаш жойига келган сапёрлар снаряд ернинг юмшоқ қисмига тушгани ва бир неча метр ичкари кириб, лой ичида портлаганини айтишганини маълум қилган.

Шабельское қишлоғи маъмурияти портлаш бўйича изоҳ беришни истамаган.

12 апрел куни Белгород областида, Шебекино шаҳарчасида «Белгород-Нежеголь» автобус йўналишида темирйўл изи вайрон бўлгани аниқланди.Воқеа жойида олинган фотосуратларда рельслар ғижимланиб ётганини кўриш мумкин. «Бу тармоқ рельсда ҳаракатланувчи автобус учун фойдаланилган. Темирйўлнинг шикастланган қисмида тергов гуруҳи ишламоқда. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар йўқ», дея ёзган губернатор Вячеслав Гладков телеграм-каналида.

13 апрел куни Курск области губернатори Гордеевка қишлоғидаги отиш ҳақидаги янги видеони эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг ўрмон ҳудудидан туриб ўқотар қуроллар билан чегара нарядига ўт очилган. Ўтган сафар бўлганидек, Старовойт россиялик ҳарбийлар ўт очиш нуқтасини йўқ қилишгани, ҳеч ким жабрланмаганини айтган.

11 апрелдан, ҳудудий расмийлар қарори билан Белгород, Брянск ва Курск областларида, Воронеж областининг Кантемир ва Россошанский районларида, Краснодар ўлкасининг Ейск ва Шчербиновский районларида, шунингдек Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Армянск, Джанкой, Керч, Красноперекопский ва Ленин районларида «террорчилик таҳдидининг сариқ даражаси» эълон қилинган.

Террористик хавфнинг уч даражаси мавжуд: кўк (оширилган), сариқ (юқори) ва қизил (критик). Миллий терроризм қўмитаси баҳоларига кўра, сариқ даража режими теракт содир этилишининг эҳтимоли бўйича тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлганида ўрнатилади. Бундай режим жорий этилганида ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти кучайтирилади.

Россия генераллари Россия ичкарисидаги нишонларга зарбаларни эскалация кучайиши ва «Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари»га ҳужум учун етарли сабаб деб билишадими йўқми, буниси ҳозирча номаълум.

Украина томони бирор марта Россия ҳудудига берилган зарбалар учун жавобгарликни зиммасига олмади, аммо Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович Россия мудофаа вазирлигининг таҳдидига дарҳол жавоб қайтариб, Украинада Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиш учун «ажойиб имкониятлар» борлигини айтганди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киевга ҳужум ҳақидаги таҳдиддан кейин Россиянинг чегара ҳудудларига зарбалар берилди