Ош тузи йодланган бўлиши шарт — бу талаб дунёнинг кўплаб мамлакатларида амалда. ЖССТ маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг 1/3 қисми организмда йод танқислигига дучор бўлган, уларнинг 31 фоизи мактаб ёшидаги болалар.
Тиббиёт фанлари доктори Дилором Турсунова йод танқислиги келтириб чиқарадиган асоратлар ҳақида маълумот берди.
— Бу глобал муаммонинг самарали ва арзон ечими сифатида ош тузини йодлаш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда. Чунки, танада ушбу модданинг камайиши эндемик буқоқ, ақлий заифлик, перинатал ва чақалоқлар ўлимининг кўпайишига сабаб бўлади, деди шифокор.
Бундан ташқари, йод танқислиги туғма касалликлар даражасини ошириши, ҳомила ва чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланиши, интеллектуал салоҳиятнинг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин.
Қайд қилинишича, организм учун зарур миқдордаги йодни турли денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш йўли билан ҳам олиш мумкин. Бироқ кўплаб минтақалар, хусусан, Марказий Осиёда ҳам бундай неъматлар етишмайди.
Шу сабабли, Ўзбекистонда «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда давлат стандарти талабларига кўра, ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм миқдорда бўлиши белгиланган.
Сифатли ош тузининг қадоғида қуйидагилар акс этган бўлиши керак:
- ишлаб чиқарган ташкилот номи;
- товар белгиси ва маҳсулот номи;
- унинг нави ва янчилиш даражаси;
- ишлаб чиқарилган санаси;
- норматив ҳужжат номи;
- яроқлилик муддати;
- йодлаш қўшимчаси номи ҳамда бошқа бир қатор маълумотлар.
Ош тузининг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги лозим.
Қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидларга эга, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилмаслик тавсия қилинади.
Ош тузи — инсон танасига натрий етказиб берувчи ягона озуқавий модда. У организмда қон айланиши ва қон босимини бошқариш, асаб тизими ҳамда мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлайди.
Бироқ ЖССТ организмдаги моддалар алмашинувини меъёрлаштириш учун йодланган ош тузининг кунлик истеъмолини бир чой қошиқ — 5 граммдан оширмасликни тавсия қилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг