Соғлом тишлар ва чиройли табассум кишининг ҳуснига ҳусн қўшади. Сарғайган ва парвариш қилинмаган тишлар эса ҳатто мукаммал образ эгасини ҳам бошқаларда ижобий таассурот қолдирмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Тишларнинг кўриниши ўзгаришига гигиена қоидаларига риоя қилмасликдан ташқари, айрим маҳсулотлар истеъмоли ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу каби маҳсулотлар ҳақида эса қуйида маълумот бериб ўтамиз.
Цитрус мевалар
Цитрус меваларни истеъмол қилгандан кейинги сарғайишни тиш ювиш пастаси ҳам тозалайдиган ип ҳам бартараф қила олмаслиги, бу борада фақат стоматолог ва унинг профессионал асбоб-ускунаси ёрдам бериши мумкин. Цитруслар витаминга бой эканига қарамай, бу каби маҳсулотларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилмаслик керак — таркибидаги кислота тиш эмалига зарар етказиб, тишларнинг сарғайишига олиб келади.
Газланган ичимликлар
Газланган, ширин ичимликлар зарарли кислоталар ажратадиган бактерияларнинг кўпайишига таъсир қилади. Бу эса тишларнинг сарғайишига олиб келади. Қолаверса, газланган ичимликлар тишнинг кўринишини ўзгартириш билан чекланмай, кариес пайдо қилади ва дентин (бевосита эмал остидаги қатлам)ни шикастлайди.
Чой
2013 йилда Британиянинг Дерби университети мутахассисларининг Тhе Telegraph нашрида чойни тиш эмалига зарари ҳақидаги мақоласи эълон қилинган. Унда айтилишича, арзон пакетли қора чойда суяк, хусусан, тиш касалликларини келтириб чиқариши мумкин бўлган фторидлар бисёр бўлади. Микроэлемент организм учун муҳим эканига қарамай, уни ҳаддан ортиқ миқдорда истеъмол қилмаган яхши. Олимлар шу сабаб ҳам кун давомида 4 финжондан ортиқ чой ичмаслик ва сифати яхши бўлмаганини харид қилмасликни тавсия қилади.
Маймунжон, қорағат ва олча бошқа “рангли” мевалар
Антиоксидантларга бой ва фойдали эканига қарамай, бу каби мевалар тишга турли ранг бериши мумкин бўлган бўёвчи пигментларни ҳам ўз ичига олади. Ушбу мевалар истеъмолидан кейин тишларда кийимлардаги кетказиш қийин бўлган доғ сингари ювишнинг ўзи билан бартараф қилиб бўлмайдиган из қолади.
Вино
Қизил вино нафақат тишларнинг саломатлиги, балки кўринишига ҳам салбий таъсир қилади. Эмалга осон йўл билан кетказиб бўлмайдиган кулранг тус беради. Оқ вино эса аксинча, тиш юзасида из қолдирмайди, аммо эмалга зарар етказади. Бунинг ҳисобига тишлар сезувчан ва мўрт бўлиб қолади ҳамда носоғлом кулранг кўринишга эга бўлади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг