Жигарнинг буткул ишдан чиқишига олиб келадиган цирроз касаллиги нафақат спиртли ичимликка муккасидан кетган кишилар, балки бошқаларда ҳам кузатилиши мумкин.
Жигар циррози қандай касаллик?
Цирроз бу исталган сурункали жигар касаллигининг энг сўнгги босқичи. Бунда инфекция, спиртли ичимлик ва бошқа сабаблар таъсири остида жигар ҳужайралари ўлади ва ўрнини бириктирувчи тўқималар эгаллайди. Оқибатда жигар ўз вазифасини бажара олмайди, ички қон айланиши ишдан чиқиб, жигар етишмовчилиги ривожланади.
Цирроз ривожланишига нима сабаб бўлади?
80 фоиз ҳолларда сирроз спиртли ичимлик сабаб келиб чиққани билан айрим пайтларда уни оғзига олмаган одамда ҳам касаллик кузатилиши ва бунга қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
- сурункали вирусли гепатит (B, C);
- ўт йўли касалликлари;
- дорилардан ва кимёвий заҳарланиш;
- рационда оқсил ва витаминларнинг сурункали танқислиги;
- моддалар алмашинуви билан туғма жиддий муаммоларнинг борлиги.
Жигар циррозини қандай қилиб пайқаш мумкин?
Касаллик уч босқичда бўлади. Деярли симптомсиз кечадиган биринчи босқичдаги касалликни фақатгина таҳлиллар билан аниқлаш мумкин. Билирубин миқдори ортиб, протромбик кўрсаткичининг миқдори пасаяди. Агар касаллик шу босқичда аниқланса, парҳез ва турмуш тарзини ўзгартириш орқали унинг ривожланишини секинлаштиради. Иккинчи босқичида ҳам касалликнинг ривожланиб кетишини секинлаштирса бўлади. Айнан шу сабаб ҳам қуйидаги симптомлар кузатилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак.
- ҳолсизлик;
- апатия (лоқайдлик);
- бош оғриғи;
- кўнгил айниши;
- диарея;
- ўнг қовурға остида дискомфот;
- бурун қонаши;
- милкларнинг қонаши;
- соч тўкилиши.
Учинчи босқич терминал ҳисобланади. Бунда фақат бириктирувчи тўқималардан иборат бўлиб қолган жигар биронта ҳам вазифани бажара олмайди ва сиррозга хос кенг тарқалган симптомлар: терининг сарғайиши, қориннинг шишиши ва катталашиши, юз ва оёқлар шишиши кузатилади.
Циррозни даволаш мумкинми?
Ушбу касалликни даволашнинг ягона радикал усули — жигар кўчириб ўтказиш ҳисобланади. Лекин биринчи ёки иккинчи босқичларида аниқланса, уни секинлаштириш ва ривожланишининг олдини олиш мумкин.