14:54 / 31.10.2023
286

Бананни қандай ҳолатда истеъмол қилган яхши?

Бананни қандай ҳолатда истеъмол қилган яхши?

Дўкон растасида турган ям-яшил бананни харид қилиб, бир оз етилиши учун 2-3 кунга қолдирган вақтингиз бўлган, тўғрими? Бунинг жиддий хато бўлиши мумкинлиги ҳақида эса ўйлаб кўрмаганингиз аниқ.

“Аслида барчаси ушбу маҳсулотдан саломатлик учун қандай фойда олишни мақсад қилганингизга боғлиқ”, – дейди британиялик шифокор Каран Раж. Унинг айтишича, етилиб пишган ва ҳали тўлиқ пишиб улгурмаган банан саломатликка турлича таъсир кўрсатади.

Чидамли крахмал

Ражнинг таъкидлашича, бананнинг ранги яшилга қанчалик яқин бўлса, унинг таркибидаги чидамли крахмал миқдори шунчалик кўп бўлади. Чидамли крахмал ошқозон ости бези ферментлари таъсирида парчаланмайди, натижада йўғон ичакка тушади ва бактериялар кўпайиши учун қулай муҳит ҳосил қилади.

Оддийроқ қилиб айтганда, чидамли крахмал қондаги глюкоза миқдорини ошириб юбормайди (у яшил рангли банан истеъмол қилганда ишлаб чиқарилмайди), шунинг учун ҳам яшил банан ўз вазнини назорат қилувчилар ёки озиш мақсадида бўлган инсонлар учун хавфсиз саналади.

Чидамли крахмалнинг бошқа фойдали томонлари ҳам бор: у иммун тизими фаолиятини рағбатлантиради, ичаклар иши яхшилайди, моддалар алмашинувини тезлаштиришга ёрдам беради. Агар сиз ҳам бананнинг саломатлик учун фойдали саналмиш ушбу жиҳатларидан баҳраманд бўлишни истасангиз, уни истеъмол қилиш учун етилиб пишишини кутманг!

Антиоксидант ва оқсиллар

Доктор Караннинг айтишича, банан етилиб пишганда унинг таркибидаги чидамли крахмал оддий углеводга айланади. Аммо ушбу жараённинг ўзига хос ижобий томони ҳам бор: бананнинг ранги қанчалик тўқ бўлса, унинг таркибидаги антиоксидантлар миқдори шунчалик кўп бўлади.

“Шунингдек, банан етилиб пишаётган вақтда унинг таркибидаги оқсил миқдори ошади, клетчатка ва А витамини миқдори эса ўзгармай қолади”, – дейди Раж.

Шундай экан, кейинги сафар ранги бир оз қорайиб қолган бананни ташлаб юборишдан аввал ундан смузи тайёрлаб ичиш фойдали бўлишини ўйлаб кўринг. Бундай банан таркибидаги антиоксидантлар организмни оксидланишдан ҳикоя қилади ва қариш жараёнини секинлаштиришга ёрдам беради.

Банан ҳақидаги қизиқарли фактлар

– Бананларни одатда яшил ҳолатда узиб олишади, боиси мева сунъий шароитда етилсагина мазали бўлади.

– Ҳиндистонда кемаларни сувга тушириш учун банандан фойдаланишади: банан эти кеманинг пастки юзасига суртилади. Битта кемани сувга тушириб олиш учун ўртача ҳисобда 20 000 дона банан керак бўлади.

– Тадқиқотларнинг кўрсатишича, 2 дона банан истеъмол қилиш 1,5 соатлик спорт машғулотидан кейин танани қувват билан таъминлаш учун етарли бўлади.

– Банан жиғилдон қайнашини бартараф этувчи ажойиб воситалардан бири: у организмдаги ортиқча кислотани нейтраллаштиради, ошқозоннинг шиллиқ қаватини қоплаб олади ва шу орқали безовталикни камайтиради.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бананни қандай ҳолатда истеъмол қилган яхши?