Уни кўпинча Болливуднинг биринчи хоними ва Шоҳрух Хоннинг бир умрлик муҳаббати деб аташади, аммо Гаури Хон суперюлдуз билан турмуш қурган йиллари давомида ўзининг бетакрор образини яратишга муваффақ бўлди. У продюсер, интерьер, либослар ва мода дизайнери сифатида танилган. Тўғри, унинг ҳашаматли, қимматбаҳо ишлари тобора кўпроқ танқид қилинмоқда, аммо Гаури бунга эътибор бермайди.
У ўзининг дизайн студиясини очди, “Дизайндаги ҳаётим” китобини нашр этди, ҳашаматли декорацияга бағишланган “Орзудаги уйлар Гаури Хон билан” ток-шоусини бошлади ва ҳатто ҳар кимга дизайнни ўргатишни ваъда қилган курсларни сота бошлади.
Гаури Хон 1970 йил 8 октябрда Ҳиндистон армияси полковниги Рамеш Чандра Чиббер ва унинг рафиқаси Савита оиласида туғилган. Гаури туғилганда жуфтликнинг Викрант исмли ўғли бор эди, у кейинчалик тадбиркорлик соҳасидан кетди.
Отаси Рамеш эрта нафақага чиққач, аёллар кийимларини ишлаб чиқариш ва чет элга экспорт қилиш бизнесини бошлайди. Бугун унинг ишини ўғли ва набираси давом эттирмоқда. Гаури мактабдан кейин узоқ вақтгача қандай касб танлаши тўғрисида қарор қабул қила олмайди, отаси бошлаган бизнес эса унга ёрдам беради.
Аввалига у коллежни тугатади ва тарих бўйича бакалавр даражасини олади, кейинроқ Миллий технология ва мода институтининг мода дизайни курсларига ўқишга киради. У ерда отасининг кийим-кечак бизнесига қўшилиш учун тикувчилик бўйича таҳсил олади.
Аммо Шоҳрух Хонга турмушга чиқиши ва Деҳлидан Мумбайга кўчиб ўтиши Гаурининг мода дизайнери сифатидаги истеъдодини рўёбга чиқариш имкониятини кўп йилларга кечиктиради. Шоҳрух мусулмон экани ва актёр бўлганлиги сабабли қизнинг ота-онаси дастлаб ёшларнинг турмуш қуришига рози бўлмаган. Аммо уларнинг қароридан Хоннинг қатъияти, севгиси ва харизмаси кучлироқ бўлиб чиқди.
Улар 1984 йилда Деҳлида Шоҳрухнинг Болливуддаги муваффақиятли карьераси бошланишидан олдин учрашган. Жуфтлик 1991 йил 25 октябрда турмуш қуради.1997 йилда ўғли Арян, 2000 йилда қизи Суҳана, 2013 йилда эса суррогат она ёрдамида Шоҳрух ва Гаурининг учинчи фарзанди — ўғли Абрам дунёга келади.
Суперюлдузнинг рафиқаси бўлган Гаури ёшлигида унга тез-тез актриса бўлишни таклиф қилишганини тан олади. Аммо Шоҳрух уни телбаларча рашк қилган ва Гаурининг ўзи ҳам камера қаршисида туришни ёқтирмагани учун продюсер бўлишни танлаган. Улар биргаликда Red Chillies Entertainment компаниясига эгалик қилади ва “Мен борман-ку”, “Ом Шанти Ом”, “Ра.Биринчи”, “Ченнай экспресс”, “Менинг исмим Хон” каби фильмларни биргаликда яратган.
Интервьюларининг бирида юлдузнинг рафиқаси айнан Шоҳрух уни интерьер дизайнига ундаганини айтади.
У ҳар доим менга ёқадиган иш қилишимни хоҳларди. Уйимизни таъмирлашни бошлаганимизда, “Интерьерни безашга ўзинг уриниб кўрмайсанми?” деди. Болалигимдан расм ва санъатга қизиқаман. Ўз уйимнинг дизайнери бўлишга уриниш ўзимга ҳам қизиқ туюлди. Ҳаммаси шундан бошланган.
Бугунги кунда Гаури Хон тижорий бинолардан тортиб, курортлар, меҳмонхоналар ва ҳашаматли уйларгача бўлган кенг кўламли лойиҳалар устида ишлайди. У ўзининг машҳур мижозлари билан газеталарда тез-тез тилга олинади.
Хон Каран Жоҳарнинг эгизаклари учун болалар боғчасини, Сидҳарт Малҳотра ва Ранбир Капур уйларининг интерьерини лойиҳалаштирган, шунингдек, Мумбайдаги замонавий ҳинд ресторани Arth интерьери устида ишлаган.
Бунга Гаури Кhan Designs бренд дўкони, италян дизайнер лампалари коллекциялари ва дунёнинг турли бурчакларидан келган гўзал санъат асарларини қўшиш мумкин. Унинг мақсадли аудиторияси — юқори синф вакиллари. Ахир, унинг дўконидаги чироқ ёки столнинг нархи 240 минг долларгача етиши мумкин.
Бироқ ҳашаматли ва юқори нархга қарамай, ҳамма ҳам Гаури Хоннинг интерьер борасидаги дидини ёқтирмайди.
“Унинг дизайни жуда ноқулай ва дидсиз! Гарчи буюмлари қиммат бўлса ҳам арзон нарсалардек кўринади!” — деб ёзади фойдаланувчилар.
“Мижозлар унинг олдига фақат Шоҳрух Хоннинг турмуш ўртоғи бўлгани учунгина боради. Лойиҳаларининг 90 фоизи ўртача”, — дейди бошқаси.
Бир воқеага кўра, панжоблик бадавлат оила уйини лойиҳалаш учун Гаурини ёллайди. Мебелнинг сифати шунчалик ёмон чиқадики, бир неча ойдан кейин синиб кетади. Улар Гаурини судга бериш билан таҳдид қилади.
Кейин бу ишга Шоҳрух аралашади. У даъвогар оила билан учрашиш учун шахсан ўзи Панжобга учиб кетади, етказилган зарарни сахийлик билан қоплайди ва вазиятни ўз назоратига олади. Айтганча, ўша мебел визуал жиҳатдан чиройли кўринса-да, мутлақо сифатсиз ва ноқулай бўлган.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг