09:59 / 09.08.2024
271

Ортиқча вазндан халос бўлишга тўсқинлик қиладиган мевалар

Ортиқча вазндан халос бўлишга тўсқинлик қиладиган мевалар
Барчага маълумки, озиш мақсадида муайян парҳезга амал қиладиган шахслар қовурилган овқатлар, оқ нон ва ширинликларни кундалик таомномадан чиқариб ташлаши ҳамда кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиши лозим. Баъзи парҳезшунос шифокорларнинг фикрича, қўшимча тарзда яна айрим турдаги меваларни ҳам чеклаш озиш учун сарф қилинган вақтни қисқартиради.

Янги пишган мевалар таркибида фойдали ўсимлик толалари ва антиоксидантлар кўп бўлса-да, уларнинг баъзилари таркибидаги шакар туфайли озишга халақит берадиган маҳсулотлар сирасига киритилади. Қуйида шифокор Жанин Боуринг томонидан озиш пайтида истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган меваларни кўриб чиқамиз.

Банан

Банан — дунёнинг кўпгина мамлакатларида энг оммабоп бўлган мевалардан бири бўлиб, ўзининг юқори озуқавий аҳамиятга эга таркиби — минераллар ва антиоксидантларга бой хусусияти билан соғлиқ учун фойдали мева ҳисобланади. Аммо банан таркибидаги шакар озиш истагида бўлганларга ўз мақсадига етишишга халақит бериши мумкин. Чунки оғирлиги 120-140 г бўлган ўртача катталикдаги банан энергетик қиймати тахминан 100-120 килокалорияни ташкил қилади, яъни бир дона банан бир бўлак донат ширинлиги билан бир хил калорияга эга. Агар банансиз ҳаётингизни тасаввур эта олмасангиз, етилиб пишмаган яшилсимон рангдаги бананни истеъмол қилинг.

Гилос

Фото: Pixabay
Гилос ҳам таркибида шакар миқдори юқори бўлган мевалар сирасига киради, чунки бир стакан гилос ичида 20 г шакар мавжуд.

Гилос антиоксидантлар манбаи бўлиб, таркибида полифеноллар, мелатонин, каротеноидлар, E ва C витаминлари мавжуд бўлиб, улар танани ҳужайраларга зарар етказадиган эркин радикаллардан ва бир қанча касалликлардан ҳимоя қилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гилос сурункали яллиғланиш асоратларини сезиларли даражада камайтиради. Гилос таркибидаги полифеноллар артрит, қанд касаллиги, саратон ва гипертония каби касалликларнинг олдини олиши мумкин. Шунингдек, гилосда мелатонин миқдори юқори бўлганлиги сабабли яхши ухлашга ёрдам беради.

Узум

Фото: Vistа Create
Узум саратон касаллигининг олдини олишга ёрдам берадиган антиоксидантларни ўз ичига олади. Аммо унда табиий шакар — глюкоза бисёр экани ҳисобига узумни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш семиришга олиб келиши мумкин. Қандли диабети бор беморларга эса яхшиси ушбу маҳсулотдан тийилиш тавсия қилинади.

Меванинг бир шингилида C витаминининг кунлик, К ва B1 витаминининг 15 фоизга яқин меъёри мужассамдир. Узумда организм учун муҳим бўлган минерал моддалар — темир, натрий, рух моддаси, фосфор, темир ва калий бисёр бўлади. Унинг истеъмол тромблар пайдо бўлишининг олдини олади, миокард инфарктидан кейин тикланишга ёрдам беради. Қоннинг ивишидан ташқари, айланишини ҳам яхшилайди. Ушбу маҳсулот организмни ёшартириб, сочлар, тирноқ ва тери аҳволини яхшилайдиган антиоксидантларни ўз ичига олади.

Манго

Фото: Shutterstock
Тадқиқотга кўра, бир пиёла манго бўлакларида 2,6 грамм ўсимлик толаси ва C витаминининг кунлик тавсия этилган қийматининг 67 фоизи мавжуд. Манго А, B6, E ва К витаминларининг манбаи ҳисобланади.

Аммо озиш ниятида бўлганлар мангони чеклаши зарур, чунки ушбу мева ҳам ўта ширин — бир дона манго таркибида 46 грамм шакар мавжуд.

Ананас

Фото: iStock
Ананас C витаминининг манбаи бўлиб, атиги бир стакан янги ананас шарбати кундалик эҳтиёждан ҳам кўпроқ фойдани ўз ичига олади. Шунингдек, ананасда суякларни соғлом ва мустаҳкам сақлаш учун зарур бўлган марганец ҳам мавжуд. Аммо ушбу тропик мева ҳам шакарга бой маҳсулот ҳисобланади. Бир стакан ананас бўлаклари таркибида 16 граммдан ортиқ шакар мавжуд.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ортиқча вазндан халос бўлишга тўсқинлик қиладиган мевалар