15:01 / 24.11.2016
8 805

Тишларга зарар етказадиган одатларимиз

Тишларга зарар етказадиган одатларимиз

Стоматологлар тишларни ишдан чиқарадиган асосий одатлар нималигини айтди. Баъзи тавсияларга риоя қиламан, деб ўз тишларимиз саломатлигига зиён етказаётганимизни билмай қоларканмиз.

Британиянинг The Daily Mail газетаси стоматолог Тариқ Идрисга таяниб, баъзи кенг тарқалган хатолар ҳақида мақола эълон қилди.

Кўп чой ва қаҳва ичиш

Ушбу ичимликлар таркибидаги кофеин оғиз бўшлиғини қуритиб юборади, бу кариес хавфини оширади. Яна бир модда, танин (у айниқса, чойда кўп бўлади) терини ошловчи хусусиятларга эга бўлиб, эмалнинг қорайишига, тишларда сарғиш доғлар пайдо бўлишига олиб келади. Шу билан бирга, тишлар сарғайиши учун кунига 5—6 чашка аччиқ қора қаҳва ичиш кифоя бўлади.

Баъзи аёллар чой ёки қаҳва ўрнига, безарар ичимлик сифатида лимонли иссиқ сув ичишни афзал кўради. Аммо бундай ичимлик тишлар учун чой ёки қаҳвадан ҳам кўра зарарлироқдир, чунки у эмал эрозияси ривожланишига имкон яратади.

Тишларни жуда тез-тез ювиш

Тишни кунига икки маҳал — эрталаб ва кечқурун ювиш — оғиз бўшлиғида гигиенани сақлаш учун етарли. Бироқ баъзилар ҳар сафар овқатланиб бўлгач, айниқса, тўйимли тушликдан сўнг тиш тозалайди. Шу билан бирга, ёдда тутингки, газли ёки нордон ичимликдан сўнг дарҳол тиш ювиш эмаль ва унинг остидаги қават — дентинга зарар етказади. Агар овқатдан сўнг тишларни тозалашингиз керак бўлса, камида бир соат кутиб туринг. Бу вақт ичида сўлак кислотани нейтраллаштиришга улгуради.

Жуда кўп мева ейиш

Бошқа органлар учун фойдали жиҳатларига қарамай, мевалар тишларга зарар келтиради. Мевалар оғизда жуда нордон муҳитни яратади. Бундан ташқари, кислота ишлаб чиқариб, шу билан вазиятни чуқурлаштирадиган бактериялар фруктоза билан озиқланади.

Зарарни йўққа чиқариш учун мева еб бўлгандан сўнг оғизни сув билан чайқаб ташлаш ёки кислотани нейтраллаштирадиган маҳсулот, масалан, пишлоқ ейиш керак.

Ичимликларга солинган музни тишлаб ейиш

Биринчидан шу тариқа тишни синдириб олиш мумкин. Иккинчидан, тиш эмали юзасидан кичик ёриқлар пайдо бўлади, бу эса анча жиддий муаммоларни келтириб чиқариши муқаррар.

Тишдан асбоб сифатида фойдаланиш

Тиш ёрдамида бутилка қопқоғини очиш, пакетни йиртиш ёки янги кийимдаги қоғозларни узиб олишга уринар экансиз, тишларингизга шикаст етиши мумкин — тишнинг бир бўлаги учиб кетиши ёки бутун бир тиш синиб тушиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тишларга зарар етказадиган одатларимиз