22:33 / 24.11.2016
12 807

«Дадамнинг маккора котибаси»

«Дадамнинг маккора котибаси»

Ёш бошимга ёпирилган ғалвалардан довдираб қолдим. Шу пайтгача ҳаётнинг фақат оппоқ томонини кўриб келган эканман. Энди эса унинг қора рангларини ҳам кўришга мажбур бўляпман. Энг ёмони, бу қораликларни менга ўз яқинларим, ишонганларим кўрсатишди. Шундан кейин болалагимда мен учун тушунарсиздек туюлган айрим воқеа ва ҳодисаларга ҳам аниқлик киритилгандек бўлди. Одамнинг кўзи мошдек очилганидан кейин тушунмовчиликларнинг барчаси барҳам топса керак...

Ҳикоям тушунарли бўлиши учун гапни ҳаётимнинг оқ томонидан бошласам. Оилада тўрт қизмиз. Дадам эсимни билганимдан буён раҳбар лавозимларда ишлаганлар. Онам эса уй бекаси. Рўзғоримизда камчилик бўлмаса-да, онам негадир қисиниб-қимтиниб юрарди. Биз — қизлар шўхлик қилиб, баъзида онамга “Нега сира бўяниб-ясанмайсиз?” деб ўзимизча стилистлик қилиб, онамни сочларини турмаклаб, бўянтириб қўярдик. Онам кун бўйи қувониб шу тарзда юрарди-да, дадам ишдан келар вақти бўлганда юзини ювиб, бошига рўмолини ўраб оларди. Лекин онам соддагина бўлгани билан бизга ўта қаттиқўл эди. Ҳаммамиз мактабда “аъло” баҳоларга ўқирдик. Мактабда бизнинг оилани ҳамма мақтарди. Лекин дадам ўқишни давом эттиришимизга қарши эди. Опамнинг шифокор бўлиш орзуси бор эди, лекин дадам гапига қулоқ ҳам солмади ва турмушга бериб юборди. Опамдан кейин менга ҳам совчилар кела бошлади. Лицейни тугатай деб ялиниб-ёлвориб, дадамни зўрға кўндирдим. Бўлмаса, мени ҳам узатиб юбормоқчи бўлишганди. Лицейга энг юқори балл билан кирганман, жамоат ишларида ҳам фаоллигим учун ҳеч бир тадбир менсиз ўтмайди. Ўқитувчиларим ўқишни давом эттиришимни истаб, буни онамга ҳам айтишган. Онам эса “дадаси қўймайди” деб гапни қисқа қиларди. Яқинда лицейимизда шаҳар ҳокими ва бошқа мартабали меҳмонлар ташриф буюришган бир тадбирида бошловчилик қилдим ва тадбир тугагач, саҳнанинг зинасидан йиқилиб тушдим. Оёғим шишиб, уч кун шифохонада ётишимга тўғри келди. Ўша кунларнинг бирида бир ёш аёл мени кўргани келди. Танимаганим учун ажабландим. У эса ўзини Сабоҳат деб таништирди ва дадам билан бирга ишлашини, менинг касалхонада ётганимни эшитиб, атайин кўргани келганини айтди. Қимматбаҳо атир ҳиди уфуриб турган, сочлари чиройли турмакланган, ўзига ярашган либоси қоматига чиппа ёпишган аёлнинг ҳуснига ҳавасим келдию, лекин негадир кўнглим хира бўлди. Бу чиройли аёл ҳар куни дадамнинг кўз ўнгида юришини ўйлаб, ўзимнинг содда, камсуқум онам билан қиёслаб дадамни қизғандим. Аёл эртаси куни яна келди. Бу сафар ҳам тансиқ таомлар, ширинликлар келтирди. Бир марта бўлса, онамга айтмай қўя қолардим, аммо икки марта келгани ва ҳали яна хабар оламан дегани ғалати туюлиб онамга оғиз очдим. Онам “Сабо келдими?” деди ғалати бўлиб.

— Ие, сиз у аёлни танийсизми? — дедим ҳайрон қолиб.

— Ҳа... яхши танишмасмизу, бир-икки кўрганман, — деди онам овози титраб. Кейин шифокорлардан илтимос қилиб мени шифохонадан олиб кетди. Назаримда, онам у аёл билан бошқа учрашишимни истамаётгандек эди. Шу воқеадан кейин кўп ўтмай, дадам онамга “Қизинг ўқишини йиғиштирсин, директори билан ўзим гаплашаман, ўқишга бормаса ҳам бўлади, қиз бола ўқийман деб кўча-кўйда дайдиб юришини истамайман”, дебди. Бу гапни эшитиб роса йиғладим. Бироқ оёғим тузалгач, барибир ўқишга бордим. Ўша куни тушдан кейин ўқишдан қайтаётиб, светафорда турган таниш машинага кўзим тушдию, музлаб кетдим. Дадамнинг хизмат машинаси рулида ҳайдовчи Сардор аканинг ўрнида дадам ўтирар, ёнида эса Сабоҳат опа...

Кўзим тиниб кетди. Хаёлимдан ёмон фикрларни ҳайдаш учун иш юзасидан бирор жойга боришаётгандир, деб ўйладим. Лекин Сабоҳат опа дам-бадам меҳр билан дадамнинг юзини силаб қўяётганини кўрганимдан кейин ҳаммасини тушундим. Ўша куни уйгача йиғлаб бордим. Остонадан ўтишим билан онамга бақирдим:

— Сиз билгансиз! Дадам Сабо билан юришини била туриб индамагансиз!

Онам аввалига гап нимадалигини тушунмай турдию, кейин секингина «Сен аралашма! Бу сенинг ишинг эмас, шанғилламасдан хонангга кир, сингилларинг билмасин», деди. Онамнинг дард тўла кўзларига қараб нафасим ичимга тушди. Хонамга кириб йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Кеч кирганда ғўнғир-ғўнғир овоздан уйғониб кетдим, қулоқ солсам дадам билан онам ошхонада жанжаллашаяпти.

— Уни мен эмас, сен яширгансан! Энди қизларингга ўзинг тушунтир! Ажрашиб кетмаганимга шукр қилсанг-чи!

Бу гапларни эшитиб қулоқларимга ишонмадим. “Шу менинг дадамми? Наҳотки дадамнинг бошқа оиласи бўлса? Энг ёмони, буни онамга очиқчасига айтгану, онам кўнган бўлса?” Бу нарсани қабул қилиш мен учун қийин эди. Онам шўрлик неча йилдан буён хиёнатга чидаб келаётган бўлса? Нега? Қайси айби учун”.

Худди шуни кутиб тургандек, дадам саволимга жавоб берган каби онамга деди:

— Туққанинг нуқул қиз бўлса, сени деб дўсту ёримнинг ёнида бошим эгилиб яшашим керакмиди? Ахир, ўзинг «майли, ўғил туғиб берадиганига уйланинг» демаганмидинг?

Бу гапдан кейин устимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Демак, дадам бизни фарзанд ўрнида кўрмаган экан-да, деб ўйладим.

Онам эса: “Мен бир нарса дедиммми? Фақат, илтимос, қизларингиз билмасин”, деди синиқ товушда.

— Ҳалиям, “қизларимни узатиб олгунимча ажрашманг” деб ялинганинг учун, чидаб юрибман. Буни била туриб, қизларингни тезроқ-тезроқ узатайлик десам, ўқисин дейсан... Сабо тўғри айтади, “сен вақтни чўзсам, фикридан қайтади”, деб ўйлаяпсан. Хомтама бўлма!

Бу жанжалнинг давомини эшитгим келмай қулоқларимни бекитдим. Мен оила деб ишонган, суянган, муқаддас билан нарса сароб бўлиб чиқди. Бир зумда ҳаётим гугурт қутисидан қурилган ўйинчоқдек остин-устин бўлиб кетди. Энди қандай яшашни билмай қолдим. Онамга бақирганимдан пушаймон едим. Эрталаб ҳеч нарса юз бермагандек (онамга ачинганимдан) ўқишга йўл олдим. Дарсда ҳам ичимдаги туғённи босолмай титраб-қақшаб ўтирдим. Қулоғимга ҳеч кимнинг гапи кирмасди. Дарсдан чиқиб уйга йўл олганимда лицей кўчасида кимдир отимни айтиб чақирди.

Ўгирилсам қаршимда чиройли жилмайганча Сабоҳат опа турарди. Кутмаганим учун салом беришни ҳам унутиб унга қараб туравердим. Чиройли юзига тарсаки тортиб юборишдан ўзимни зўрға тийдим. Индамай йўлга тушдим, у эса менга эргашди.

— Сен ақлли қизсан, дадангни тўғри тушунасан деб ўйлайман. Дадангга қийин пайтда далда бўлганман, тақдир экан, қўлимиздан нима ҳам келарди...

— Дадамни тушунганингиз яхши, онамни ҳам тушунасизми? — дедим кўзларига тик қараб.

У бир зумга ўзини йўқотдию, кейин дарров қўлга олди:

— Катталарнинг гапига аралашмаганинг яхши... Истасанг, сен билан ўртоқ бўлишимиз мумкин. Хоҳласанг, меникига меҳмонга бориб тур, мени иккинчи она сифатида қабул қилсанг хурсанд бўлардим.

Унинг мулойим гапидан довдираб қолдим. Онамнинг синиқ овозда мулзам бўлиб гапириши кўз ўнгимдан ўтиб яна ғазабим қўзиди:

— Нега менга она бўлмоқчисиз? Ўзингизнинг болаларингиз камлик қиляптими?

Чиройли опанинг ранги оқариб кетди.

— Сен ҳам онангга ўхшаб, писмиқ, заҳар экансан-ку! Энди кўрасан мендан, — деди ва югургилаб кетиб қолди.

Унинг нега бирдан ўзгарганини тушунолмай қотиб қолдим. Асл башарасини кўрсатишига қайси гапим сабабчи бўлди экан, деб ўйлай бошладим. Уйга келганимдан кейин бор гапни онамга гапириб бердим.

— Унинг фарзанди йўқ, шунинг учун гапинг ёмон таъсир қилган. Дадангга сизга қўша-қўша ўғил туғиб бераман деб ваъда қилиб, бошини айлантириб олган. Сени шунга шама қиляпти деб ўйлаган-да... — деди онам хўрсиниб.

Бу хабарни эшитганимдан кейин дадамнинг хатти-ҳаракати мантиқсиздек туюла бошлади. Чунки онамга «фақат қиз туғдинг» деб ажрашмоқчи бўлган одам нега унда фарзанд кўролмайдиган аёл билан яшаб юрибди? Балки бу онамнинг кўз ёшлари учун жазомикан? Хаёлимга келган фикрдан қўрқиб кетдим.

Сабоҳат опа бекорга таҳдид қилмаган экан. Дадам эртаси куни уйдан чиқиб кетганича, мана, ярим йилдирки, қайтиб келмаяпти. Сингилларим дадамни сўраб йиғлаганда эзилиб кетаман.

Шу воқеадан кейин одамларга ишончим қолмади. Бундан бу ёғига қандай яшашни билмаяпман...

Дилфуза СОБИРОВА

Манба: darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Дадамнинг маккора котибаси»