Уйқусизлик билан боғлиқ муаммолар кўпчиликка таниш. Баъзида соатлаб тўшакда ўгирилиб ётган ҳолда ухлаб бўлмайди. Бироқ невролог Жеймс Паркер бу ҳолатдан чиқиш учун кутилмаган, лекин жуда самарали усулни тавсия этмоқда, деб ёзади HuffPost.
Мутахассиснинг айтишича, асосий шарт — аввало, тўшакда ўзингизни қулай ҳис қилиш. Шундан кейин қўлларингизни кенг ёйинг ва бир қўлингизни кўтаринг. Энди иккинчи қўлингизнинг кўрсаткич бармоғи билан кафтингиз шаклини секин ва эҳтиёткорлик билан чизинг. Буни қўлнинг пастки қисми — бармоқ тагидан бошлаб, учигача ҳаракатланиб амалга ошириш тавсия этилади.
Паркeр таъкидлайдики, бу техниканинг асосий қисми нафас олиш билан боғлиқ. Яъни ҳаракатларнинг барчаси нафас ритмига мос бўлиши керак. “Бармоқни юқорига кўтарганда — бурнингиз орқали нафас олинг, пастга туширганда эса оғиз орқали чиқаринг. Энг муҳими, бу жараён чуқур ва бир маромда кечиши лозим”, — дейди мутахассис.
Бу ноодатий усул фақат ухлашни енгиллаштирибгина қолмай, балки стресс ва ташвиш даражасини ҳам пасайтиради. Асосийси — ҳар бир ҳаракатни ҳис этиш ва диққатни ўз нафасингизга қаратиш.
Паркернинг таъкидлашича, агар инсон онгли равишда нафас олиш ва ҳаракатга эътибор берса, мия “тинчланиш режими”га ўтади ва атиги бир неча дақиқада ухлаб қолиш осонлашади.
Шундай экан, кечқурун тўшакда айланиб, уйқуни кутгандан кўра, қўл ва нафас машқини синаб кўриш арзийди. Баъзан чуқур нафас ва бир оз диққат бутун тунни тинчликка айлантириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!