14:52 / 13.05.2017
9 277

«Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман»

«Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман»
Бундай сўзларни замонамиз ёшларидан кўп эшитамиз, лекин хоҳиш ҳар доим ҳам қобилиятга мосмикан?
Ушбу мақола мавзусига таҳририятимизга қилинган телефон қўнғироғи туртки бўлди. Тошкентлик аёл газетада ёшлар иш топа олмаётгани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаяпти, дея куйиб-пишар эди. У сўзларини исботлаш учун ўғлини мисол келтирди. Унга ҳеч ким “бирмунча яхшироқ, яъни тузукроқ маош тўланадиган” иш таклиф қилмаётган экан. “Хўш, “тузукроқ” деганингиз қанча?”

Бу саволимизга “Аввалига ҳеч бўлмаса миллион сўм”, деган жавобни олдик. Кейинги саволларимиз эса фарзандининг мутахассислиги, касбга тайёргарлик даражаси, меҳнат стажи ҳақида бўлди. Суҳбатдошимиз буни қандайдир ҳақоратдек қабул қилди, назаримизда. Унинг фикрича, олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ўзи юқори маошли лавозим учун “рухсатнома” ролини ўйнаши керак. “Ўғлимнинг тўлов-шартнома асосидаги ўқишига катта-катта пулларни у 600 — 700 минг сўм маош олиши учун тўламаганмиз”, деди-ю, гўшакни қўйди…

Муаммо нимада ўзи?
Албатта, ҳар қайси она учун фарзанди энг ақлли ва қобилиятли, у яхши маош тўланадиган ишга киришга муносиб. Шунинг учун қўнғироқ эгасининг ҳис-ҳаяжонини тушунса бўлади. Лекин барибир, масалага холис ёндашиш керак-да!
Масалан, бандликни таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида ўтган йилнинг ўзида 726 минг киши, шу жумладан, таълим муассасаларининг 438,5 минг нафар битирувчиси ишга жойлаштирилди. Деярли барча инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда янги иш ўринлари яратиш энг асосий кўрсаткич ҳисобланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳам аҳолининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Президентимизнинг шу йил 17 мартдаги “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш орқали аҳолига қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Тўғри, бугун ҳеч ким “Бизда ишга жойлашиш бўйича муаммо йўқ”, деб айтмаяпти. Лекин унинг келиб чиқиши ҳамиша ҳам иш ўринлари етишмаслиги билан боғлиқми? Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва мақсадли чора-тадбирларга қарамай, “Бугунги кунда коллеж ёки институт битирувчиларига “тузукроқ” маошли иш топиш қийин”, деб иддао қилаётганлар-чи, улар ҳақмикан?

Айни вақтда меҳнат бозорида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда. Яъни очиқ маълумотлар кўпайди: иш қидириш учун электрон маълумотлар базаси, компанияларнинг ўз расмий сайтлари ёки уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мулоқот учун мобиль интерфаол воситалар дегандек. Босма нашрларда ҳам мунтазам равишда бўш иш ўринлари тўғрисида ахборотлар берилади, махсус замонавий агентликлар (рекрутинг) ишга жойлаштириш бўйича ўз хизматларини таклиф қилмоқда.

Иш таклиф этиш билан тегишли давлат ташкилотлари шуғулланишини ҳамма билса керак. Масалан, Миробод тумани бандликка кўмаклашиш маркази ходими Гулҳаё Ҳодиеванинг айтишича, жорий йил 1 апрель ойи ҳолатига кўра, шу туманнинг ўзида 1 950 та бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, улар турли соҳаларга тегишли. Иш ўринлари борлигини яқинда Ёшлар ижод саройида ўтказилган ярмарка ҳам тасдиқлади. Меҳнат вазирлигининг ахборот хизмати тақдим этган маълумотда келтирилишича, ушбу тадбирда 350 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар 5 мингдан зиёд бўш иш ўрни билан қатнашди.

Лекин яна Г. Ҳодиеванинг сўзларига қулоқ тутсак, 2017 йилнинг уч ойи давомида марказга фақат 144 нафар киши мурожаат қилган, улардан 103 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 30 нафарига қайта тайёргарликдан ўтиш учун йўлланма берилган.
Бўш иш ўринлари мавжуд экан, нега унда кўпчилик ёшлар иш йўқ, дея ҳасрат қилаверади? Бунинг сабаби, асосан, иккита: ёшларни таклиф этилаётган маош миқдори қониқтирмайди ёки уларнинг ўзи иш берувчининг талабларига жавоб бермайди.

Кимни афзалроқ билишади?
Албатта, бугунги кун ёшлари фаоллиги, уддабуронлиги ва ташаббускорлиги, замонавий билимларни ўзлаштиришга интилиши билан ажралиб туради. Йигит-қизлар яхши лавозимни эгаллаб, мўмай даромад топишни истайди. Бу табиий. Аммо ҳаммасига бирдан, шу топда эришишни кўзлайдилар. Аслида, бундай бўлиши мумкинми ўзи? Касбий фаолиятда ва жамиятда юқори ўрин эгаллаш, демакки, катта маош олиш учун шахсий фазилатлардан ташқари, амалий тажриба ҳам кераклигини, мансаб пиллапояларидан кўтарилиш учун ўз устида мунтазам ишлаш талаб этилишини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда-ку! Шундай экан, олий таълим даргоҳини эндигина битириб келган ёш мутахассисга бирданига юқори лавозим ва катта миқдордаги маош таклиф қилиниши амримаҳол.

Ҳозирги вақтда энг кўп тарқалган фикрга кўра, яхши ишга жойлашишнинг биринчи шарти олий маълумотли бўлишдир. Тўғри, олий таълим муассасасини битирган киши суҳбатда ўзини дадилроқ тутади, лекин бу дадиллик ўзига ҳаддан ташқари ишонишга ўтиб кетмаслиги керак. Хўш, ҳар битта диплом ўз соҳибининг юксак касбий тайёргарлигидан далолат берадими? Пойтахтимиздаги “Person Hunters” МЧЖ рекрутинг компанияси ходимларни излаш ва танлаш бўлимининг бошлиғи Дарья Солоницина қайд этганидек, кўпчилик иш берувчилар номзодларни кўриб чиқишда диплом мавжудлигини ижобий омил сифатида белгилашади. Шу билан бирга, улар олий таълим муассасаси битирувчиларининг тайёргарлиги етарли даражада эмас, деб ҳисоблайдилар. Бунинг сабабини эса ўқув юртида берилаётган назарий билимлар билан бозор шароитидаги ҳақиқий вазият ўртасида фарқ борлигида кўришади. Шунинг учун ҳам аксарият иш берувчилар меҳнат стажига эга бўлган номзодларни ишга олган афзал, деган фикрдалар.

Мана, ҳаётий бир мисол. Алишер мактаб ва лицейда фақат аъло баҳоларга ўқиган. Ота-онасининг маслаҳати билан нуфузли олий таълим муассасасига ўқишга кириб, уни “қизил диплом” билан тугатди. Тасаввурида уни зўр истиқбол кутарди. Афсуски, ҳаммаси ҳам у ўйлаганчалик силлиқ кечмади. Ўзи хоҳлаган жойга ишга кира олмаганига сабаб — иш берувчи ундан кўра тажрибали, эпчил ва абжир ходимни маъқул топди. Натижада Алишер “камтарроқ” лавозимда ишлаб, юқори мансабни кўзламай қўйди.

Демак, корхона ёки ташкилот раҳбари ҳар қандай, айниқса “юқори” лавозимга касбий тажрибаси бўлмаган мутахассисни дарҳол ишга олавермайди. Ёшлар учун келгусида ўзи ишлашни орзу қиладиган компанияларда стажировка ўташ фойдали, бу даврда улар иш услубларини ва касбининг ўзига хос сир-асрорини ўрганиб олишлари мумкин бўлади. Тўпланган тажриба кейинчалик ҳаёт ва фаолиятда асқатиши билан бирга, қобилияту иқтидорини намоён қилишга имкон яратади. Яхши мутахассис эътибордан четда қолмайди ва кейинчалик иш берувчиларнинг ўзлари уни излаб топишади.

Меҳнат бозорида рақобат кучайиб бораётган ҳозирги шароитда иш берувчилар номзодларга катта талаблар қўйишмоқда. Бугун олий ўқув юртини битирганлик тўғрисидаги дипломнинг ўзи етарли эмас. Номзод ўз устида доимий ишлаши, малака ошириши, билимларини кенгайтириши зарур. Яхши иш топишни истаган кўпгина ёшлар ўқишдан ташқари турли курсларга қатнайди, чет тилларини ўрганади. Дарвоқе, чет тилини билиш — ишга муваффақиятли жойлашишнинг муҳим шартларидан бири. Тошкентдаги “Golden Bridge Education” МЧЖ ўқув марказининг директори Шерзод Нурмуҳаммедовнинг фикрича, бугунги кунда ёшлар нафақат анъанавий ҳисобланган инглиз тилини, балки бошқа хорижий тилларни ҳам ўрганишга ҳаракат қилишаяпти. Масалан, немис, француз ва испан тиллари билан бир қаторда, хитой, корейс, араб тилларига қизиқиш кучли. МДҲ мамлакатларига хос яна бир хусусиятни айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ: рус тили сиёсий ва иқтисодий мулоқотда, шунингдек, маданий алоқаларда ҳамон ўз мавқеини сақлаб турибди. Шу боис ишга кириш вақтида рус тилини билиш мажбурий бўлмаса-да, ҳар ҳолда, мақсадга мувофиқ ҳисобланувчи мезондир.

Ўзингизга сармоя киритинг!
Албатта, қўшимча билим олиш учун унинг ҳақини тўлаш керак. Буни эса келажакка сармоя, бир куни ўзингизга қайтадиган захира, деб билинг. Яна бир мисол. Назокат ўз вақтида Тошкент кимё технологиялари институтига кириш мақсадида Бухородан келган эди. Икки йил давомида уринишлари зое кетди. Лекин у умидини сўндирмасдан, тайёргарлик кўришда давом этди. Ниҳоят, учинчи йили ўқишга қабул қилинди. Институтда таҳсил олиш билан бир қаторда, рус тили ва инглиз тили курсларига қатнади. Бакалавриатни тугатгач, хорижий давлатда магистратурада ўқиди. Ўзбекистонга қайтиб, шу ердаги халқаро ташкилотга ишга кирди. Бугун у бўлим бошлиғи. Айтишича, республикамизда катта бир лойиҳа унинг бевосита иштирокида амалга оширилмоқда.

Тўғри, айримлар бу энди онда-сонда учрайдиган воқеа-да, дея эътироз билдиришлари мумкин. Лекин ундай эмас, шунга ўхшаш далиллар йилдан-йилга кўпаймоқда. Вазирлик ва идораларнинг, турли фирма ҳамда компанияларнинг раҳбарлари билан суҳбатлар ҳам буни тасдиқлайди. Улар орасида шундай ёш мутахассислар ҳам борки, яқиндагина кичик маош билан оддий ходим сифатида иш бошлаб, кейинчалик фақат меҳнатсеварлик, интилувчанлик, ўз устида ишлаш, касбий маҳоратни тинимсиз ошириш эвазига мансаб пиллапояларидан тобора баланд кўтарилишган. Бугун эса яхшигина маош олишмоқда.

Қисқаси, мақола бошидаги телефон қўнғироғига яна қайтамиз. Нафақат ўша аёл, балки унинг ўғлига ҳам шундай маслаҳат берган бўлар эдик: иккиланмасдан 600 — 700 минг сўм маош таклиф қилинаётган жойда иш бошласа, онаси айтганчалик энг ақлли ва қобилиятли йигит эканини атрофдагилар, албатта, сезишади. Касби бўйича тажриба тўпласа, маҳоратини ошириб борса, юқори маошли ва обрўли ишни топиши аниқ. Бунинг учун биринчи қадамни қўймоқ, жуда кўп ва тиришиб меҳнат қилмоқ зарур.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман»