00:08 / 29.05.2017
8 272

"Рамазон — руҳиятни поклаш ойидир"

"Рамазон — руҳиятни поклаш ойидир"
Рамазон ойида биринчи нав­батда урушганлар ярашиши, муносабатларни ислоҳ қилиши зарур. Аслида бу ишни Рамазонга қолдирмай, вақтлироқ амалга ошириш ва шу орқали бу муқаддас ойга тайёрланиш маъқул амаллардан саналади. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари келтирган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан ва савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», — де­йилган. Демак, бу ой биз учун руҳиятни поклаш ойидир.

Рўза тутишни бизга Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган. Бақара сурасининг 183-оятида: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз», — дейилган. Рамазон ойида, шунингдек, кўпгина савобли ишларни қилиш, ибодатни ошириш, Қуръон тилoват қилиш, эҳсонларни кўпайтириш тавсия этилади.

Мусулмонлар фақатгина Рамазон ойида эмас, балки йил давомида ҳам бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиши зарур. Инсонга бойликни Аллоҳ беради. Шундай экан, саховатпеша одамлар муҳтожларга ёрдам бериши, хайр-эҳсон қилиши керак. Бунда боқувчисини йўқотган, жисмоний имконияти чекланган кишиларга ёрдам қўлини чўзиш айни муддао. Рўзадорнинг ибодати фақат кун бўйи оч юришдан иборат эмас. У нафсини идора қилиши даркор.

Ўзбекистонимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакил­лари яшайди. Динимизда кишиларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишга ундаш билан бирга, уларни динидан, миллатидан қатъи назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга чақирилади. Нисо сурасининг 36-оятида: «Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар. Шунинг­дек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни ва бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!», – дейилган.

Муқаддас динимиз шариатига биноан, рўза тутмаслигига рухсат берилган одамлар масаласига ҳам тўхталиб ўтсак.

Бемор касалликдан тузалганидан сўнг, Рамазон ойида тутмаган кунларининг рўзасини қазо қилиб тутиб беради. Мусофир агар рўза тутиши машаққат бўлмаса, рўза тутгани яхши. Сафарда тутмаган кунлари рўзасини кейин тутиб беради. Шунинг­дек, ҳомиладор ва эмизикли аёл ҳам рўза тутмайди. Кексайиб, қувватдан қолган кишилар, тузалишига умид қолмаган беморлар, кекса онахонлар ҳам бу амални бажармайди. Бундай кишилар кейинчалик ҳам рўза тута олмаганлари сабабли, рўзага қазо қилмайдилар, балки тутмаган ҳар кунлари учун фидя берадилар.

Рамазон ойида китоб мутолаасини кўпайтириш, ҳар томонлама фойдали бўлган адабиётларни ўқиш айни муддаодир. Шу ўринда Президентимизнинг китобхонликни тарғиб қилиш ҳақидаги фармойиши ҳам катта воқеага айланганини алоҳида таъкидламоқчиман. Буни байрамдек қабул қилдик. Негаки, китоб ўқимай туриб, жамият тараққий этмайди. Моддий жиҳатдан ҳамма нарса етарли бўлса ҳам, хонадонларда китоб ўқилмас экан, улуғлар туғилмайди, миллат ўсмайди. Бу тарих тасдиқлаган ҳақиқатдир.

Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Манба: Hilol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Рамазон — руҳиятни поклаш ойидир"