18 166
Интернетдан ёр излаб! (…Намунча, нозланасиз? Ёш қиз бўлмасангиз. Хотинлик қилгингиз келмаса, балки...)
— Ҳафиза, сенмисан?
Саида дугонасининг унга ҳайрон бўлиб, қараб турганини кўриб, кулимсиради.
– Мен Саидаман, дугон. Танимадингми?
– Вой-бу намунча озиб кетдинг, ўртоқ. Тинчликми?
Ҳафиза институтда 5 йил бирга ўқиб, қадрдон бўлиб кетган дугонаси билан қучоқ очиб кўришар экан, қўярда-қўймай уни йўл чеккасидаги кафега судради.
– Юр, бироз ўтирайлик. Уйда уришадиган эринг бўлмаса? Кўрмаганимга ҳам уч йил бўлибди-я!
Саида анчадан буён дийдорлашмаган ўртоғига дардини ёрди. Бундан бир неча йил аввал ажрашган турмуш ўртоғининг уйланганини эшитиб, адойи тамом бўлганини айтди. Турмушлари давомида феъл-атворлари бир-бирига тўғри келмаганлиги учун ажралишган бўлишса-да, уни ҳамон севишини ана шу шум хабарни эшитиб англаган эди. Саиданинг гапларини эшитар экан, табиатан қувноқ Ҳафиза хохолаб кулиб юборди.
– Сени қара-ю, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Эрим уйланди, деб аза очиб юраверасанми? Қара, атрофда эркак дегани тиқилиб ётибди. Қадди-қоматинг жойида бўлса, сулувликда унча-мунча аёл олдингдан ўтолмайди. Ўзи нега ҳалигача эрга тегманингга ҳам ҳайронман. Намунча сиқиласан, ўртоқ? Эринг уйланган бўлса, сени ўзингни осишинг керакми? Ундан кўра, сен ҳам бирортасига тегволсанг бўлади-ку.
– Қизиқсан-ей, Ҳафиза. Бола билан кимга ҳам керакман. Қизимга бошқа эркак оталик қила оладими? Энди уни деб яшайман, ахир.
– Жинни бўп қопсан? Эртага қизингни турмушга берсанг, сўппайиб ўзинг ўтирасанми? Ҳали ёшсан.
– Мени эрга олинглар, деб кўчага чиқиб бақирайми, бўлмаса. Ўзи кун тартибим бир хил – уйдан ишга, ишдан уйга. Биров билан танишиш учун ҳам вақт йўқ.
– Э, ишинг ҳам қурсин. Онангнинг айтгани тўғри ўзи. Ўша ишингга эрга теккансан, сен. Кўчада танишишга вақтинг бўлмаса интернетдаги “знакомства”га кир. Билсанг агар, бир ўртоғим ўша ерда бойвачча, фирмаси бор эркак билан танишиб, ҳозир унга турмушга ҳам чиққан. Мазза қилиб яшаяпти.
Орадан бир ҳафта ўтиб, иш билан интернетга кирган Саида Ҳафизанинг айтганини эслади. Таваккал қилиб, исмини ўзгартириб ёзди-да, “танишув” сайтида рўйхатдан ўтди. Чиройлироқ расмини жойлаштиришни ҳам унутмади. Орадан беш дақиқа вақт ўтар-ўтмас унинг номига олтита хабар келганини кўриб, қувониб кетди. Хабарларнинг барчаси эркаклардан эди. Ёшига мос келадиганини танлаб, унинг сертакаллуфлик ила шеърлар билан ёзган мактубига жавоб битди. Кунлар кетидан кунлар ўтар Саида номига келаётган хабарларнинг сони кўпайганда-кўпайиб борарди. Аммо уларнинг орасида бахаёларча таклифларнинг ҳам тез-тез учраётганлиги Саиданинг тобора асабига тега бошлади. Ҳануз фақатгина ҳол-аҳвол сўраб, ўзини камтарона тутаётган уч нафар виртуал танишлари билан ёзишиб, қолганларига мутлақо жавоб бермай қўйди. Айниқса унга ўзини Санжар деб таништирган одам жуда ҳам ёқарди. Ёши 45 да. Ҳар доим танишув сайтига кириб, ундан келган хабарни очганида, суратдан ёқимтой, кўриниши қайсидир хорижий актёрни эслатувчи эркак кулиб қараб турарди. Саида бир ой ичида янги танишига шунчалик боғланиб қолдики, ҳар куни ундан хабарни интиқиб кутарди. Санжарга бир-икки маротаба учрашишни таклиф қилиб, ёзмоқчи бўлди-ю, ғурури йўл қўймади. Бугун эрталабдан танишув сайтига кириб, келган хабарларни эринчоқлик билан текшириб кўрар экан, Санжарнинг суратини кўриб ўзида йўқ қувонди.
“Салом, Саидахон. Ҳақиқий исмингиз жуда ҳам чиройли экан. Сизни билмадим-у, аммо мен ҳар куни сиздан хабар кутаман. Телефонингизни ҳам бермадингиз. Шундай латофатли аёлнинг албатта овози ҳам ширали бўлса керак. Бугун кечки овқатни бирга қилмаймизми? Қаерга келиб туришни айтсангиз, етиб бораман. Фақат бир-биримизни топишимиз учун қўл телефонингиз рақамини беринг. Меники 392……..”
Саида орзиқиб кутган дамлар ниҳоят келган эди. Шоша-пиша рози бўлиб, жавоб ёзди. Тақдир-тақозоси билан фарзанд доғида куйиб оиласидан ажрашган, боласи бўлса ҳам ўзига меҳрибон, тушунадиган аёл қидираётганлигини, атрофдаги танишлари ҳеч ҳам унинг дидига ўтиришмаслигини хабарларида билдирган Санжар билан келгуси ширин турмушини тасаввур қилар экан, Саида сабрсизлик билан кечки 18.00 бўлишини кутарди.
Белгиланган жойга етиб келганида соат 18.40 бўлган эди. Келишилган пайт эса 18.30 эди. 10 дақиқага кеч қолибди. Саида бежирим қўл соатига назар ташлаб, атрофга аланглади. Сал нарироқда турган оқ “Nexia”дан тушган эркакка бефарқ назар ташлади-да, яна йўлга кўз тикди. Сўнг сабрсизлик билан Санжарнинг телефон рақамини терди. Машина олдида турган эркакнинг телефонинга қараётганини кўриб, ажабланди
– Сиз Саидахонмисиз? Мен Санжарман.
Саида олдида ёши 60 ларга яқинлашиб қолган, паст бўйли, қориндор эркакка ажабланиб қаради.
– Аммо… Мен..
– Ҳа, биламан. Сиз бошқа одамни кутгансиз. Мен ҳақиқатдан ҳам Санжарман. Аёллар чиройли эркакларга ошиқ бўлишади. Суратим ўрнига бир чет эл актёрини расмини қўювдим, бунинг учун албатта узр сўрайман. Шаҳарда кўпчилик мени танийди, ортиқча гап-сўз бўлмасин, дедим-да. Қолган гапни бир пиёла чой устида давом эттирармиз, марҳамат.
Орзиқиб кутган танишувининг ёлғон билан бошланишини кутмаган Саида иккиланиб қолди, Санжарнинг “Қани, марҳамат” дея машина эшигини очиб турганини кўргач, ноилож олдинга юрди. Машинада яна бир эркак ўтирарди. Уни Шароф ака, ўртоғим деб, таништиргач, Санжар машинани юргизди.
– Аслида, Шароф акани уйлантирмоқчимиз, – деди Санжар жимликда танновул қилинган овқат устида. – Бечора, хотини уйдан ҳайдагач, қаерга боришини билмай юрибди. Мардлик қилиб, борини оиласига ташлаб чиқиб кетган. Рози бўлсангиз, никоҳ ўқитиб, бирга яшасангиз. Ойим бор девдингиз. Вақтинчалик қизингизга ойингиз қараб турса. Чиқишиб кетсангиз, мен ҳам савобга қолардим. Шароф ака хотинли, қизингиз отали бўларди.
Шу пайтгаача умидлари чил-парчин бўлиб, ўзини зўрға тутиб турган Саида, кесатиб деди.
– Шароф акамиз, анча қари кўринадилар, ёшлари нечада, ўзи?
– Э, эркак одамнинг ёшини сўраб нима қиласиз. Ҳали Шарофбой ака куч-қувватга тўла. Худо хоҳласа ўғил туғдиришга қодир. А Шарофбой ака, нима дедингиз?
Шу пайтгача ўзини сипо тутиб, гапга қўшилмай ўтирган Шароф пиёладаги танишув учун қўйилган ароқни бир кўтаришда сипқирди-да, анчадан буён совун кўрмаган рўмолчаси билан ёғли лабларини артди.
– Мани учта ўғлим бор. Тақдир экан, хотин билан келишолмай қолдик. Шу ёшда кўчада қолишни ўзи бўлмайди. Худо хоҳласа сизга тоғдай суянчиқ бўлишга ҳали қувватим бор.
Саида жаҳлини аранг босди:
– Иссиқ жой қидириб юрибман, денг. Демак, сизни кир-чирингизни ювиб, сидқидилдан хизматкорлик қилсам, кўнглингизни хушласам бир йилдан кейин уйланасиз. Бўлмаса бошқа жой қидирасиз, шундайми?
– Албатта, аввал бир-биримизни синашимиз керак. Турмуш қуришнинг ўзи бўлмайди. Менга жуда ёқиб қолдингиз, – деди Шароф чайналиб.
– Сиз нотўғри тушундингиз, Саидахон. “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма“ деганларидек, аввал бир-бирларингга кўникинглар демоқчимиз. Ўртада Шароф акада законний ажрашишига ҳам вақт бўлади.
Санжар гапини тугатишга улгурмай, Саида уни бўлди:
– Ўзингиз ёшингизни 45 да деб ёзиб, камида 60 ни уриб қўйгансиз, шекилли. Бунинг устига одамлар тақдири ўртасида даллолман денг. Даллоллигингиз учун қанча ҳақ оласиз?
Санжарнинг юзи қизариб, пешонасини реза тер қоплади. Аввалги сертакаллуфлигидан асар ҳам қолмади.
– Намунча, нозланасиз? Ёш қиз бўлмасангиз. Хотинлик қилгингиз келмаса, балки бир кечага келишармиз.
– Сиз… сиз. Мени ким деб ўйлаяпсиз?
Жаҳли чиққан Саида шахд билан ўрнидан туриб, пальтосини кия бошлади.
– Ўзингизни босинг. Кимлигингиз аён. Ўзингизни хаёли, иболи аёл қилиб кўрсатмай қўяқолинг. Бундай бўлганида, эрсираб, танишув сайтидан эр қидириб юрмаган бўлардингиз.
Санжарнинг сўнгги сўзлари Саиданинг қулоғига кирмади. Ҳислари топталган, ҳақоратланган аёл тамаддихонадан югурганича чиқиб кетар экан, юзини юваётган кўз ёшлари ёғаётган совуқ ёмғир билан қўшилиб оқарди.
Ҳуқуқшунос маслаҳати:
Ҳаётимизга интернетнинг кириб келиши натижасида жамиятимиз аъзолари кўпроқ ахборот олиш имконига эга бўлдилар. Интернетнинг ижобий ва салбий томонлари хусусида батафсил тўхталиб ўтирмай, фақатгина танишув сайтларига эътиборингизни қаратмоқчиман. Кейинги пайтлари ҳар куни сони кўпайиб бораётган мазкур танишув сайтларида эркак ва аёлларнинг асосий қисми бошқа ном билан рўйхатдан ўтишади. Ўзларининг яширин, яқинлари ва танишларига айта олмайдиган фикрларини интернет орқали виртуал танишларига тўкиб солиб, қайсидир жиҳатдан кўнгилларини бўшатишади. Тўкис оиласи бўла туриб, четдан бир-икки кунлик кўнгилхушлик истаганлар учун ҳам ҳозир бу сайтлар жуда қўл келмоқда. Энг ачинарлиси, қаҳрамонимиз Саидахонга ўхшаб, яхши ният билан унга кирганлар камдан-кам учрайди. Шунингдек, узоқроқ шаҳардан бошқа ном, бошқа одамнинг сурати билан танишиб, “учрашувга бориш” учун янги танишидан йўл пули ундираётган фирибгарлар ҳам оз эмас. Шунинг учун танишув сайтларидан ўзингизга дўст ёки турмуш ўртоғи изламоқчи бўлсангиз, албатта қуйидаги қоидаларга риоя қилинг:
– Виртуал танишингиз фирибгар, сиз билан кўнгилхушлик учун танишиш ниятида эмаслигига ишонч ҳосил қилмагунингизгача телефонингиз, уй манзилингизни берманг;
– Россия, Корея давлатларида меҳнат қилаётган аксарият юртошларимиз асосан зерикканларидан, Ўзбекистонни соғиниб, бўш вақтларини ўтказиш мақсадидагина танишув сайтига киришларини унутманг;
–Аксарият вилоятдаги эркаклар пойтахтдан бошпана топиш ва рўйхатдандан ўтиш ниятида танишишга ошиқадилар;
– Виртуал танишингиз бошқа шаҳардан бўлиб, учрашишга келиш учун йўл пули сўраб юракни ларзага келтирувчи хабар жўнатса, ҳеч қачон унга пул юбора кўрманг. Балки иложини қилиб келиши, сўнг унинг йўл билан боғлиқ муаммоларини биргаликда ҳал қилишингиз ҳақида ёзиб юборинг;
– Учрашувга таклиф қилинсангиз, одамлар гавжум, нейтрал жойни танланг. Чунки унинг уйи ёки офисига борсангиз, ҳолатнинг хўжайини виртуал танишингиз бўлиб қолади, зеро ҳар бир инсон ўз ҳудудида ўзини эркин сезади;
– Сиздан банкдаги ҳисоб рақамингизни сўраб, унга катта пул жўнатиш ниятида бўлган виртуал танишларингизга ишонманг. Бу ноқонуний йўл билан топилган пулни “ювиш”нинг бир усули, бўлиши мумкин.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?