01:01 / 05.07.2017
14 007

Бахтли ва бахтсиз кунлар? Ўқинг ва хулоса қилинг

Бахтли ва бахтсиз кунлар? Ўқинг ва хулоса қилинг
Бахт ва бахтсизлик доимо инсон ҳаётида ёнма-ён юради. Одам нималардандир манмун бўлса яна нималардир унинг кўнглини хира қилади. Бу ҳаёт қонуни. Ҳеч ким доимий саодатда яшаган эмас. Энг муҳими шундай дамларда кимнингдир томонидан берилган оқилона тасалли ва ҳамдардлик бўлиб, у кишининг ҳаётга бўлган ишончини қайтаради, кўнглини кўтаради, атрофга ижобий кўз билан қарашга ундайди. Айниқса, оилада эр-хотин доимо бири-бирига суянади ва ҳаёт машаққатларини босиб ўтишда уларнинг ўзаро бирдамлиги асқотади. Қуйидаги ҳаётий воқия айнан шундай ҳолатни ҳикоя қилади:

Машҳур ёзувчилардан бири иш столига ўтириб, қўлига ручкасини олди ва ўтган йил давомида ҳаётида содир бўлган баъзи ишларни ёза бошлади:
“Касал бўлдим ва ўт пуфагимни олдирдим, натижада бир неча ой тўшакка михландим. Олтмиш ёш тўлдим, ўттиз йил давомида ишлаган нашриётдаги асосий ишимдан бўшадим. Отам қазо қилдилар. Ўғлим автоҳалокатга учради, шундан сўнг бир неча ой ўқишга бормагани сабабли курсдан курсга ўтолмади”. Саҳифа охирига “Қандай ҳам бахтсизлик йили бўлди”, деб ёзиб қўйди. Ўша вақт хонага турмуш ўртоғи кирди. У эрининг сўлғин ҳолатда ўтирганини кўриб яқинлашди ва елкаси оша эри ёзган нарсаларни ўқий бошлади. Лом-лим демай хонани тарк этди.

Бироздан сўнг қўлида бошқа бир вароқни кўтариб кириб келди ва уни эри қоралаб қўйган вароқнинг ёнига қўйди. Шу вақт эр унда ёзилган сатрларни ўқий бошлади: “Ўтган йили анча вақтдан бери сизга азоб бериб келаётган ўт пуфаги оғриқларидан шифо топдингиз. Соғ-саломат ҳолда олтмиш ёшга тўлдингиз. Кўплаб китобларнинг нашр этилишида бош бўлганингиздан сўнг энди нафақага чиқиб ўзингиз ҳам мақола ва китоблар ёзишга вақт топдингиз. Отангиз узоқ умр кечириб, саксон беш ёшга кириб бирор одамга ортиқча юк бўлмасдан ҳамда бирор касаллик билан узоқ вақт оғринмасдан ҳаётдан кўз юмди. Ўғлингиз автоҳалокатдан омон қолди ва бирор асоратсиз тузалиб кетди”.

Аёл ўз сўзларини “Бахтимиз бахтсизлигимиздан кўра кўпроқ бўлган бу йил қандай ҳам яхши йил бўлибди”, дея тугатибди. Саҳифанинг охирига етганида ёзувчининг юзида самимий бир табассум пайдо бўлди.

Ш.Чулпанов
ТИИ ўқитувчиси

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахтли ва бахтсиз кунлар? Ўқинг ва хулоса қилинг