“Ёшим қирқ бешда. Уч фарзанднинг онасиман, бир қизимни турмушга узатганман. Эримнинг ишлари 2-3 йил олдин юришиб кетди, топиш-тутиши яхшиланди. Пули кўпайгач, у ўзгариб қолди. Ичадиган одат чиқарди, ҳали ишхонасидагилар билан, ҳали чет элдан келган меҳмонлар билан отамлашиб, уйга маст бўлиб келади. Менга ҳам муносабати совуқлашган. Бир куни телеграмига «Яхши етиб олдингизми?» деган хабар келди. Мен ҳам хабар эгаси кимлигини билиш учун «Расмингизни юборинг», дея ёзиб юбордим. У томон эса «Ҳозиргина кўрдингиз-ку» дея хабар жўнатди. Кўнглимга шубҳа оралаб, рақам эгаси кимлигини хўжайинимдан суриштирсам, «Танимайман, адашган», деб туриб олди. Эртасига ўша аёлга оилали эркакни тинч қўйишини таъкидлаб «SMS» юбордим. Пули кўп эркак қиз-жувонларга илакишиб қоларкан-да. Ўтган ҳафта эримнинг телефонда аёл киши билан жуда маромига етказиб гаплашаётганининг устидан чиқиб қолдим. Жим туролмадим, жанжалимизнинг охири унинг «Бор, кетавер, ҳозироқ бошқасига уйланиб оламан», дейиши билан тугади. Қизимни олиб, иккинчи уйимизга кетиб қолдим.
Энди нима қилишни билмаяпман. Эримнинг раҳбарига қўнғироқ қилиб, ходимини тартибга чақириб қўйишини сўрасаммикан? Ахир хиёнатга чидолмайман. Тўйимиздан аввал «Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам майли, фақат устимга юрманг», дея шарт қўйгандим. Ваъдасида турмади бевафо. Эримнинг аввалги аҳволига қайтиши учун қандай йўл тутишим керак?”
Сожида, Самарқанд шаҳри
Пул ҳар қандай одамга ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсир салбий бўлса, албатта, оқибат ҳам шунга яраша бўй кўрсатади. Эр киши бир-икки сўм кўп топа бошлагач, сўл йўлларга оралай бошласа, кибрга берилиб ўзидан кетиб қолса, аёл киши қандай муносабат билдириши керак? Бугун мурожаат эгасининг саволини таҳлил қилиш орқали мавзу юзасидан мулоҳаза юритамиз. Мутахассис — руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА.
Эркакнинг топиш-тутиши яхшилангач...
Ўзгариши рост. Умуман, эркакми-аёлми, моддий имкониятлари кенгайгач, ўзгаради, кишининг ўзига бўлган ишончи ҳам ошади. Айниқса, эркакларни пул анча тепага кўтаради. Кимнингдир оёғи ердан узилади, кимлардир янада оқиллашиб, оилапарварга айланади. Хўш, нега айрим эркаклар бир-икки сўм кўп топа бошлагач, босар-тусарини билмай қолади. Сабаблар асосан қуйидагича бўлиши мумкин: фото: бойвачча йигитлар давраси
А. Камчиқимроқ, қўли калтароқ оилада ўсган ва доим ўзидан бойроқ дўстлари, ошналари, қариндошлари олдида армонли вазиятларга дуч келган. Натижада ичида алам пайдо бўлган: «Бир кун бойиб кетсам, ҳаммага кўрсатиб қўяман...»
Б. Онаси томонидан ерга урилган, доим камситилган ўғил болалар ҳам улғайиб, қўли чўзган жойига ета бошлагач, болаликдаги аламларини хотинидан олади. фото: 7 ёшли бола онаси уришаяпти
В. Аёл киши эридан пул топмаганида ҳам норози бўлгани, ҳозир ҳамма нарсани бадастир қилиб қўйганида ҳам миннатдорчилик билдирмаслиги эркакнинг хатти-ҳаракатларига таъсирини ўтказади.
Аламзадалик, ўзини ҳамма нарсага қодир санаш оқибатида эркак нафснинг қулига айланиб қолиши ҳеч гапмас. Чунки пулга фақат тананинг эҳтиёжларини қондирувчи бир восита сифатида қараш бошландими, истаклар чегара билмай қолади. Кўнгил яна-яна нималарнидир тусай бошлайди. фото: қўлида кўп пул ушлаб турган эркак
Баъзи тоифа эркаклар ичкиликка ружуъ қўяди. «Ичмаса иш битмайди», «Фалончининг ҳурмати учун ичмасам бўлмасди» каби баҳоналар билан қиттай-қиттай қилишни одат тусига айлантиради. Кўпчилик эркакларнинг ичишига эса уни қийнаётган, ечимини топа олмаётган муаммоси, кимгадир айта олмаётган дарди ҳам сабаб бўлади. Пулнинг етарлилиги эса шу дардни унутиш учун имкон беради. Бу ўринда, эркакнинг иродаси ва ўз ҳаётий тамойилларига эгалигида гап кўп.
«Хотин»ни кўпайтирмаслиги учун...
Неча йиллик оиласидан воз кечиб, дарров бошқасига уйланиб олиш фикри эркакнинг хаёлига келиши ҳам нафснинг йўлига юришнинг далолати. Эр очиқ-ойдин тилига шу истагини кўчирдими, аёл сергак тортиши керак.
1. Қалтис ҳаракатлардан сақланинг. Жанжал кўтариш, ҳар икки гапнинг бирида «Пул топиб, ўзгариб қолдингиз» дея иддао қилиш, уйдан кетиб қолиш, бошлиғи ёки бирор ундан юқори турувчи шахсга айтиб, танобини торттириб қўйиш — булар бари фақат ва фақат зарарингизга ишлайди. Эрингизнинг совиган муносабатини музлатса-музлатадики, иситмайди.
2. Шубҳанинг ортидан қувманг. Эркак кўпроқ пул топиш учун кўпроқ ишлайди, дўст-оғайниси кўпаяди, кутилмаган ишлари, тадбирлари чиқиб қолади. «Пули кўпайиб, бошқасини топиб олган бўлса-чи?» дея беҳуда рашкка берилиб, ишдан чарчаб келган эрингизнинг ҳадеб тергов қилаверманг.
3. Ҳамма гап бойликда деб адашманг. Эрингиз моддий имкониятлари кенгайгач, бегона аёлга илакишиб қолди, дейлик. Хўш, гап фақат ортиқча топилаётган пулдами? У нега меҳнат қилиб топганини кўчадаги кимгадир сарфлаяпти? Биласизми, эркаклар психологиясининг ўзига хос томони шундаки, улар доим эътироф эшитиш учун довон ошишади. Кўчадан уйга нимадир кўтариб келганида аёли хурсанд бўлиб, миннатдорчилик билдириб, уни мақтаб қабул қилганидан илҳомланади. Яна-яна ҳаракат қилади. Агар хотини унинг ҳаракатларини муносиб баҳолай олмаса, рағбатлантирмаса, мақтовга, олқишга бўлган эҳтиёжини бошқалар орқали қондириш пайига тушади.
4. Эрингизга мос бўлинг. Ҳеч бир эркак арзон аёлни ёқтирмайди. Ҳаммаси (албатта, жоҳил бўлмаганлари) яхши пул топишни, аёлининг кўнглини олишни, рафиқаси доим чиройли кўринишда бўлишини исташади. Сабаби, унга аёлининг юриш-туришига қараб баҳо берилади. Турмуш ўртоғингизнинг қўли узайиб қолгач, инжиқликлари, талаблари ортгани кундек равшан, энди у бир пайтлардагидек кўйлагини ўзи дазмоллаб кетмайди. Кийим жавонда ҳамма кийимлари тахт бўлиб туриши керак. Овқатнинг сарасини, шароитнинг зўрини истайди. Сиз-чи? Сиз ҳам унга қўшилиб ўзгардингизми? Ёки «Менга шу ҳам бўлаверади» қабилида ўзингизга яхши нарсаларни раво кўрмасдан юрибсизми? Ўша-ўша ташқи кўринишингиздан чарчаган эрингизнинг кўзлари олма-кесак териб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ўзига сизни мос кўролмай ҳам тирноғингиз остидан кир қидира бошлайди. Шундай экан, у билан тенг ривожланинг. Токи ёрингизнинг ягона илҳом париси сиз бўлинг.
5. Уддабуронликда гап кўп. Одатда, қўл кўп пулни кўрганида, уларни қаерга сарфлашни билмай киши шошиб қолади. Уйда аёл бу борада уддабурон бўлмаса, кўчада ўз манфаатини кўзлайдиганлар етарлича топилади. Маълумки, эркаклар аёл кишига қараганда кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқроқ бўлишади. Пул сарфлаб, ўзини зўр ҳис қиладиган жой топилдими, топганини уйгамас, кўнгилхушликка ишлата бошлайди. Ичкилик, ҳар куни ошналар билан чойхона, бегона аёллар пайдо бўлади ҳаётида. Аёл киши бу вазиятда оқиллик ва айёрлик билан иши кўриши лозим. Турмуш ўртоғингиз бирор жойга бориб, овқатланиб келишни таклиф қилаяптими, «Йўқ, шу пулга беш кило гўшт олсак, бир ой еймиз», дея таклифини рад этманг. Унинг ўзига бўлган ишончига зарба берасиз бу билан. Эгри йўлларга юришни бошладими, вазиятни қўлга олинг-да, унинг кибрлантираётган пулни бошқа жойга йўналтиринг. Ўқув курсларига боринг, машина бошқаришни ўрганинг, машинали бўлиб олинг, болаларни тўгаракларга беринг, ўз бизнесингизни йўлга қўйинг, уй-жойингизни тартибга келтиринг — хуллас, имкониятдан тўғри фойдаланинг. Эрингизнинг ортидан пойлоқчилик қилгунча фойдали нимадир билан шуғуллансангиз, ҳам турмуш ўртоғингизни сергаклантирасиз (қараса, ўзига ишончингиз бор, ҳаракатдаги аёлсиз), ҳам янги иммкониятлар эшигини очиб, келажагингизни таъминлаб қўясиз.
6. Шукр қилишни билинг. Аёлларнинг «Бундан кўра пул топмагани яхши эди» деган гаплари ҳам қулоққа чалинади. Бу — ношукрлик. Киши борига шукр қилиб, йўғига сабр айласа, фаровон ҳаёт кечиради.
Мурожаатга қайтиб...
Сожида, мақсадингиз нима: оилани асраб қолишми ёки турмуш ўртоғингизни олдинги ҳолига қайтариш? Бу иккаласи бошқа-бошқа тушунчалар.
Эрингизнинг аввалгидек бўлишини исташингиз «Олтин балиқ» эртагининг якунини эслатади. Аслида, бунинг иложи йўқ. Чунки орадан йиллар ўтган, унинг ёши улғайган, тажрибаси ошган, имкониятлари кенгайган. Энди у олдинги турмуш ўртоғингиз эмас. Уни аввалги ҳолига қайтариш фикридан воз кечиб, эгри йўлдан қайтариш ҳақида бош қотиринг. Аввало, бунинг учун дарров уйга қайтишингиз керак. Болаларингиз учун ҳам бу муҳим. Оилани асраб қолиш ниятингиз борми, юқоридаги тавсиялар асосида режалар тузиб чиқинг ва ҳаракатни бошланг.
Ўзингизга бўлган ишончингизни оширинг. Аввалбошдан «Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам майли», дея хўрланишга рухсат бергансиз. Ва ўзингизча «Хиёнат қилмайди» дея келажагингизни дастурлаштириб олгансиз. Пешана, тақдир деган гаплар борлигини тан олинг. Бу ҳаёт, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тақдирнинг синовлари инсонга ўзини йўқотиб қўйиши учунмас, юксалиши, сабоқ чиқариши учун берилади.
Беклар, гуноҳдан сақланинг
Ҳаромни ҳалолдан, зарарни фойдадан, яхшини ёмондан ажрата билинг. Бойлигингиз миллий, диний, маънавий қадириятларимизга соя солаётган экан, кўзингизни очинг. Чўнтаги қаппайганда оиласидан юз ўгирган ёки хотинини хўрлаганлар, охири жазосини тортиб, пушаймон ўтида ёнганига кўҳна дунё кўп бора гувоҳ бўлган. Бирингиз икки бўлиши, топганингизнинг баракаси учмаслиги, бошга қўнган омад қуши учиб кетмаслиги учун, кексайганда ўз оилангиз бағрида қарилик гаштини суриш учун ҳам ҳаромдан тийилинг. Ёшлик ҳам, бойлик ҳам ўткинчи, ахир.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»