Мастура соат кундузги ўн бирларга яқин базўр уйқудан уйғониб ваннахонага йўл олганди. Эшик қўнғироғи чалиниб қолди. У уф тортганча йўлакка чиқиб эшикни очди. Яқин дугонаси Холида экан. Анчадан бери кўришишмаганди. Маст уйқуси бирдан тарқаб дугонасини маҳкам қучоқлаб олди.
— Вой, Холи, бормисан? Намунча-а?.. Шу томонларда бир ўртоғим бор эди, хабар олай-чи, ўликмикан, тирикмиканам демайсан-а?.. — ўпкаланган бўлди Мастура. — Кун бўйи бир ўзим зерикиб, қон бўлиб ўтиришимни билардинг-ку!..
Холида кула-кула ичкарига кириб жиҳозларни кўздан кечира бошлади.
— Ў, зўр-ку-а? — деди табиатан ҳасадгўй, айниқса, Мастуранинг бу қадар шоҳона яшаётганига чидай олмай бораётган Холида билинар-билинмас лаб буриб. — Кучайиб кетибсизлар-да-а?..
Мастура унинг ҳолатини пайқамадими, бепарво жавоб қилди.
— Ҳа, ойим бозорда, биласан-ку!..
— Ҳалиям ош сотаяптими? Наҳотки, биттагина ошнинг орқасидан шунчалик…
— Йўғ-э, — унинг сўзини бўлди Мастура. — Бу нима деганинг?.. Ойим ҳозир Хитойга қатнайди. Бир йилдан ошди.
— Ҳа-а, гап буёқда дегин? — Мастурага сирли қараш қилди Холида. — Сен-чи?.. Сенга нима олиб берди ойинг? Биттагина қиз бўлсанг…
— Менга қолса, машинам бўлса дейман. Аммо…
— Нима аммо?.. Ҳайдашга қўрқасанми?
— Нега қўрқарканман?.. Ойимни сира кўндириб бўлмаяпти. Биласан-ку, ўлгудек қайсар!.. Буям етмагандай, тергагани-тергаган. Баъзан тўйиб кетаман. Бошимни олиб бир ёқларга кетворгим келади.
— Ие, ёлғиз қизниям тергайдими одам?.. Сени аксинча эркалатиб олиб юрмайдими ойинг?!. Бўлмабди бунақаси… Ҳеч бўлмаса, пул-мул бериб турар? Ресторанларга бориб турарсан?..
— Ресторан? — қошларини чимирди Мастура. — Қаҳвахонани сўрасанг-чи!.. Мана шу туришим туриш. Кун бўйи уйда ўтирганим-ўтирган.
— Шунақа дегин?.. Э, мен сенинг ўрнингда бўлсам, бошқача йўл тутардим.
— Нима қилардинг?..
Холида бир муддат ўйланиб турди-да, хонага кўрк бағишлаб турган жиҳозларга ишора қилди.
— Мана шуларни сотиб-сотиб ўша ойимнинг кўзини очиб қўярдим. Ана ундан кейин кўзи очиларди.
— Э, нималар деяпсан?.. Ўзимнинг ойимни-я?.. Қўй-э!..
— Менга қара, — гапни бошқа ёққа бурди Холида. — Қаҳвахонада охирги марта ўтирганимиз эсингдами?..
— Ҳа, эсимда. Зўр бўлувди-а?..
— Оҳ, анави Анвар-чи!?. Жуда шум эди. Алдаб-сулдаб роса вино ичирганди ярамас.
— Барибир яхши ўтирганмиз.
— Бормаймизми яна?..
— Айтдим-ку, пул йўқ деб! — қовоғини уйиб деразадан ташқарига боқди Мастура. — Ойим бугун қайтиши керак. Сўраганимминан бермайди барибир.
— Сенда йўқ бўлса менда бор. Тур, кийин!.. Анваргаям қўнғироқ қиламиз. Бир ўтирайлик. Ўладиган дунёда яйраганимиз қолади… Йигитларни ялинтирганларимизни эслаб бир маза қиламиз…
— Бўпти, ҳозир, сен ўтира тур, мен дарров кийиниб олай!..
Мастура шоша-пиша ўрнидан турди-да, ётоғига чопди…
* * *
Ориқдан келган, қора дори истеъмол қилаверганидан кўзлари ичига тортиб кетган Анвар икки дугонани кўриб ичига сиғмай кетди.
Анчадан бери айниқса, Мастурага кўз ташлаб юрар, худди Холида каби уни ҳам тўшакка тортиш иштиёқида эди.
Шу сабаб икковларини қаҳвахонага олиб кириб стол устини ичкилик, егуликка тўлдириб ташлади.
— Анвар, бир маслаҳатли иш бор. — деди ҳийла кайфлари ошгач, Холида уни четга тортиб. — Агар, йўқ демасангиз, айтаман.
— Айтавер, — Анвар Холиданинг қўлтиғидан тутган кўйи бош эгди. — Йўқ деган номард.
— Анави… Мастурани бир бопламаймизми?!
— Нега?.. У сенга нима ёмонлик қилди?
— Ёмонлик қилмади… Биласанми, унинг ойиси жудаям бой хотин. Бир амаллаб йўлдан урганимизда… Каттагина пулли бўп қолардик.
— Эсингни едингми?.. Бунинг иложи йўқ. Мастура ёш боламидики, сенга уйидаги пулларни олиб чиқиб тутқазса…
— Вой-бў, жа ҳотамтой бўп кетибсанми?.. Ё пулинг ҳеч қаерингга сиғмай кетяптими?..
Анвар асабий лаб тишлади.
— Пул ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Аммо… Бошқача йўл тутиш керак.
— Хўп, айт унда ўша йўлингни!.. Ахир, бизам бир нарсали бўп қолайлик-да!.. Қара, бўйнига осган занжирини!.. Қулоғидаги зиракни, бармоқларидаги қўша-қўша узукларни кўр!.. Бизнинг қаеримиз кам ундан?..
— Сен квартирасининг калитини қўлга киритишинг лозим. — деди Анвар Мастура ўтирган томонга ўғринча кўз ташлаб. — Агар қўлга киритсанг, секингина кирасан-у, хоҳлаганингча олиб чиқаверасан. Мен унгача Мастурани чалғитиб тураман.
— Шу ердами?
— Йўқ, бир жойга обориб… Хуллас, буёғиминан ишинг бўлмасин!..
— Яхши, қани, кетдик унда ишга!..
* * *
Мастура чет эл виносининг кайфини сурганча бепарво ўтирарди. Азбаройи ўзини бўш қўйиб юборганидан Анварнинг қўли елкасига келиб қўнганини ҳам пайқамай қолди.
— Яхши ўтирибсанми? — сўради Анвар мулойимлик билан.
Бу орада қарама-қарши томондаги стуллардан бирига қўйилган сумкачасини Холида титкилаш билан овора бўлди.
— Ёмон эмас. — жавоб қилди Мастура кулимсираб. — Винонг жуда ўткир экан.
— Ие, бу винони грузин ўртоқларим совға қилишганди. Аслида меникида ўтирсак ҳам бўларди-ку, бироқ Холида қаҳвахонага борайлик деявергани учун… Биласанми, уйимда бунданам зўри бор. Фаранглар коньяги. Бир қадаҳини ичсанг, еттинчи осмонда юргандай бўласан.
— Йўғ-э, шунақаям зўрми?..
— Боргин, биласан. Мен алдамайман-ку сени!..
— Афсуски, боролмайман. Ойим қайтиши керак бугун.
— Қайтса нима қипти?.. Кўп ўтирмаймиз.
— Холи, сенам борасанми? — сўради Мастура калитни олиб ҳеч нарса бўлмагандай атрофни томоша қилиб ўтирган дугонасига юзланиб.
— Йўқ, менинг зарур ишим бор. Сизлар бориб келаверинглар!..
— Бормасанг борма. — деди Мастура беихтиёр Анварнинг елкасига бош қўйиб. — Мен бораман. Анварнинг ҳимматини кўраман…
* * *
Пулга, бойликка ўчлик ўз сўзини айтди. Умрида ўғирлик қилиб кўрмаган Холида бу оқшом ҳамма нарсага тайёр эди. Аммо тажрибасизлик қилиб қўйди.
Бу вақт Мастуранинг ойиси Меҳрибон опа олис йўлдан келиб эндигина ваннахонага чўмилиш ниятида кирганди. Ичкарида кимнингдир юргани қулоғига чалиндими, безовталаниб йўлакка чиқди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида қизининг яқин дугонаси қўлида бир даста долларларни чангаллаганча чайқалиб турарди.
— Вой, мен ўлиб қўя қолай!.. — шивирлаб қизга яқин борди Меҳрибон опа. — Бу ерда нима қиляпсан? Пулларни қаердан олдинг? Мастура қани?..
Холида орқага тисланиб деворга суяниб олди.
— Яқинлашма!.. — деди қўлини олдинга чўзиб. — Яқинлашсанг, ўлдираман!..
— Ие, нега ўлдирасан?.. Менда қасдинг бормиди?.. Пулларни бер! Яхшиликчасига бер, қизим! Шайтоннинг гапига учма!.. Қани, берақол, мен сенга ёмонлик қилмайман!.. Ҳеч кимга айтмайман ҳам. Адашибсан!..
— Нимага берарканман? — Холида пулларни маҳкам кўксига босди. — Сенлар бойийверасанларми? Биз-чи?.. Биз юраверамизми зор бўлиб?.. Йўқ, мениям ҳаққим бор бу пулларда.
— Хўп, аввал менга бергин. Ўзим сенга бераман керагини. Қўлингдаги пуллар кўп…
— Бериб бўпман! Аҳмоғинг йўқ.
— Шунақами? Унда ўзингдан кўр! Ҳозир милисага қўнғироқ қиламан. Қамоқда чиритаман сен ўғрини!..
Меҳрибон опа шундай деб секин телефон томон юришга чоғланди. Бироқ Холида эпчиллик қилди. Жонҳолатда телефонга ёпишиб симларини узиб ташлади.
— Қўнғироқ қилармиш… — У югурганча ошхонага кирди-да, ошпичоқни олиб яна ортга қайтди. — Қани, қилмайсанми қўнғироғингни?.. Бир томоша қилай-чи!
— Ғирт мегажин экансан. — деди пичоққа кўзи тушиб ранглари оқариб кетган Меҳрибон опа. — Қизимнинг яқин ўртоғи деб юрсам…
— Ким мегажин?.. Менми?.. Ўзинг-чи? Манави пулларни ҳаромдан топгансан ўзинг ҳам!.. Ғирт бузуқисан-ку!..
— Нима?.. Вой ифлос-ей!.. — Меҳрибон опа бу гапни эшитиб кутилмаганда Холидага ташланди.
Ўртада олишув бошланди. Холида сочини чангаллаган қўлларни қайириб ташлай олмай ҳалак, Меҳрибон опа эса бир қўли ўғри қизнинг сочларида бўлса-да, иккинчи қўли билан пичоқни тортиб олишга интиларди…
Улгурмади. Холида ёшлигига борди. Куч билан уни итариб юборди-да, кўксига пичоқ урди. Бир, икки, уч…
Нима қилаётганини идрок этмай, Меҳрибон опанинг дуч келган жойига пичоқ ураверди…
* * *
Дугоналар шу тахлит бир-бирларидан безишди.
Ичкилик, маишат орқасидан қувиб номусигача бой берган Мастура шу куни онадан ҳам айрилиб қолди.
Айниқса, онасини Холида ўлдирганини билгач…
Судда ҳаммасини оқизмай-томизмай айтди. Қилмишларига минг пушаймонлар еди.
Лекин энди кеч. Бўлар иш бўлган…
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари воқеани тўғри баҳолашди.
Анвар ҳамда Холида узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Бегуноҳ аёлни барибир қайтариб бўлмасди.
Олимжон ҲАЙИТ
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи