08:03 / 21.01.2018
6 591

Ҳаёсизлик иллати...

Ҳаёсизлик иллати...
Қилган гуноҳлари билан мақтанаётган одамни кўрганмисиз? Кимдир оғзига уриб, тўхтатса-ку, хўп-хўп. Бўлмаса…

Бу борада шундай ҳадис бор. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб огоҳлантирган эканлар: “Ҳар бир умматимнинг гуноҳлари кечирилади, аммо (ҳаёсизларча) ўз гуноҳини ўзи ошкора қилувчилар бундан мустаснодир”.

Хўш, гуноҳларни нега бошқаларга айтиб бўлмайди? Балки айтиб берувчи шу билан бироз енгиллашар? Йўқ, гуноҳларини гапирувчилар кўпинча мақтаниш ниятида бўлади. Мақтанаркан, қилганлари гуноҳ эмаслигига ишонч сезади. Бу – катта мусибат. Гарчи тил билан тасдиқламаса-да, онгида шу хулоса бор.

Бундай гаплар – уятсизлик белгиси. Уларни айтган кишининг ҳурмати, обрў-эътибори ошмайди, аксинча камаяди. Сўзи эътибордан қолади. Эшитган кишиларнинг эса кўнгли кирланади. Бошқа томондан, агар сўзловчи бўлган воқеаларни завқ-шавқ билан, қизиқарли қилиб айтиб берса, тингловчиларда гуноҳ ишларга нисбатан рағбат пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Бу эса бошқаларнинг ҳам эгри йўлга қадам қўйишига олиб келиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, гуноҳ ишлар ёки одамда нохуш таассурот уйғотадиган нарсалар ҳақида ҳам умуман гапирмаслик зарур. Бизнинг онгимиз бирор нарса-буюм ёки воқеа ҳақида гапирилганида уларни олдин тасаввурда жонлантириб олади. Гуноҳ иш ҳақида гапирилганида ҳам шундай – онгостининг бир жойларида кўмилиб ётган маълумотлар “уйғотилади”, янгиланади. Бу эса инсонни гуноҳларга яқинлаштиради.

Оломонча маданият қиёфасида тарғиб этилаётган одатлар, ишланаётган филм ва роликлар замирида худди шу нарса бор. Одамнинг томирларида, онгининг қаерларидадир ҳаракатсиз ётган шайтоний ҳисларни жонлантириш ва шу орқали уни тўғри йўлдан оздириш. Ҳатто хорижнинг рисоладагидай деб ҳисобланадиган айрим филмларида ҳам анъанавий оилавий муносабатларга зид келадиган ҳолатларни, ҳаёсизликни зимдан тарғиб этувчи манзараларни кўриш мумкин. Шу жиҳатдан олиб қаралса, бу иллат жамият учун ҳам катта ҳавф туғдиришини англаш қийин эмас.

Манба: irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳаёсизлик иллати...