Дўстларим билан зиёфат жуда қуюқ ўтаётганди. Ёниб ўчаётган чироқлар, баланд мусиқа, соҳибжамол қизлар, зални босиб олган тутун иси мана, мен севган ҳаёт!
— Сен бойлигингни қайси банкда жамғарасан? — дея сўраб қолди яқинда танишган дўстим.
— Баъзиларга ўхшаб, банк ёки бошқа ҳисоб рақамларини танламаганман. Бойликларимни ҳалигача отамдан қолган сейфда асрайман.
Янги улфатим менга ҳар томонлама ёқиб қолганди. Айтишича, у бир аблаҳни деб қамалиб чиққан, ҳозир эса шунинг аламида юрган экан. Мен эса унга бу ишда, албатта, ёрдам беришимни айтдим.
— Сенга жуда ҳавасим келди, биродар, — деди жингалак сочли янги дўстим, — Бойлигинг етарли, обрўинг бор, севимли ишинг билан шуғулланасан, оиланг ҳам…
— Ҳар икки гапининг бирида «Ўзгаришим кераклиги, бемеҳрлигим» ҳақида ваъз ўқиб, дийдиё қиладиган хотинимдан дам олиш учун айнан шу ҳаёт керак менга.
Суҳбатдошим бироз ҳайратлангандай бўлди-ю, индамади. Мен эса ўз хаёлларимга берилдим. Ҳайронман, қайси каромати учун хотинимни севиб қолгандим ўзи? Севганидан айириб, ўзим уйланганим сабабини ҳам тушунолмайман. Хотиним эса бу ҳолатни бориб турган жоҳиллик, худбинликка йўяди. Ҳар не бўлмасин, ундан жуда зерикканман ва яхшики, яқинда ажрашамиз. У алвасти эса мен билан ажрашгач, бир тийинсиз қолишини билади-да, ҳеч бунга розилик бермаётганди.
Кутилмаганда авжига чиққан базму жамшидни ташлаб, машина тўхтатдим-у, негадир ярим тунда уйга келдим. Одатимга зид ҳолат. Темир дарвозали эшикни зарб билан тепганим ёдимда, холос…
* * *
Шом маҳал уйғониб, бошимдан муздак сув қуйгач, бироз ўзимга келдим. Аҳволим расволиги етмагандай, кўнглим ҳам айниётганди. Ошхона тарафга қараб бақирдим:
— Ҳой, менга муздак ичимлик билан аспирин олиб кел, ҳой, қаердасан?!
Жавоб келмади. Отам қуриб берган қасрнамо уй жим-жит. «Ҳой» деган овозимнинг акс-садоси шифтгача етар, лекин рафиқамдан ҳамон дарак йўқ.
«Шайтоннинг урғочиси, қаерга йўқолди экан?!» дея ювиниш хонасидаги ванна ёнидан зўрға турдим. Аввал ётоқхонадан, сўнг узун йўлаклардан судралиб, рафиқамни бақирган кўйи излар, ора-орада сўкиниб ҳам қўярдим. Навбат меҳмонхона етгач, бошимни эшикдан суқдим-у, шу он кўзларим катта стол остидаги оёқларга тушди. Гарчи ҳолсизланаётганимга қарамай, чайқалиб-чайқалиб шу томон юрдим ва бу.. . Хотинимнинг кўзлари юмиқ, лабининг четида эса қон қотиб қолган.
— Ҳой, ҳ-ҳ-ҳой, тентак, нега ётиб олдинг? Тур ўрнингдан, турсанг-чи!
Хотинимнинг юзига бир-икки шапатилаётиб, чаккасидаги кичик дарчага кўзим тушди. Унинг жони узилганига шубҳам қолмади. Фавқулодда тетиклашдим-да, дарҳол ортга тисарилдим. Тез-тез нафас олганим сабаб, кўксим ҳавога тўлган, тилимдан эса «Эй, Худо!» деган нола тушмайди. «Уни қутқаришга ҳали кечмасдир, балки жиноятчи яқин орададир?!» деган ваҳима ва яна билмайман, аллақандай шунга ўхшаш ўй билан хона бурчагида турган телефон томон шошилдим. Эски урфдаги тилларанг телефонга ёпишиб, милиция рақимини тера бошладим.
— Алло, милиция эшитади!
— Алло, алло, ҳ-ҳалиги…
Тилимни тишлаганча бир муддат ўйланиб, бирдан гўшакни жойига илдим. Хаёлимга шу он «Ўзи бу дардисар қандай ўлиб қолди экан?» деган фикр келди. Бошимни чангаллаб илкис деворга суяндим, оёқларимдан мадор қочиб ерга ўтирдим. Кечаги воқеаларни эслашга уринардим-у, лекин хаёлларим тарқоқ. «Уйга кетаман!» деб клубда тўполон қилганим, кейин бақириб-чақирганим ва ерда чўзилиб ётган мегажинни тепганим элас-элас ёдимда. Сўнг нималар содир этганимни эслолмайман. Лекин ҳар ҳолда уни ўлдирмагандирман?!» Не ажабки, бошидаги кичик дарчадан у отиб ўлдирилгани аниқ. «Жин урсин!» дея асабийлашарканман, худди уюштирилгандай, шу пайт кўзим сал нарироқдаги дарпарда остида ярми кўриниб турган тўппончага тушди.
Худди детектив фильмлардаги каби столдан салфетка олдим-да, тўппончани олдим. «Минг лаънат, ахир бу меники-ку!» дедим. Дарҳақиқат, бу ўша севимли бобомдан ёдгор қолган ноёб тўппончам эди. Умуман олганда, менда бошқа қурол ҳам йўқ, аммо шу меросни кўзимга суртиб асрардим. «Лекин бир нарса, мен ҳатто қуён овига ҳам ишлатиб кўрмаган, фақат сейфда сақлайдиган бу «бойлигим»ни нега олдим? Ундан ҳам қизиғи, менга хотинимни ўлдириш нима учун керак эди? Ахир шундоғам ажрашишимизга бир ой қолганди-ку!» Саволлар қийнарди мени. Ҳеч нарсага тушунолмай, гарангсираб турганимда, эшик қўнғироғи жиринглади ва чўчиб тушдим. Кимдир мени жиноят устида қўлга олган-у ва мен чиндан айбдордек эдим гўё. Саросима ичра юрагимга ғулғула тушди. Югуриб, эшик тирқишидан қарасам, кечаги жингалак сочли янги дўстим экан. У қайта-қайта қўнғироқ чалар, мен эса нима қилишни билмасдим. Бир кўнглим, «Эшикни очиб, бор гапни айт, дод-фарёд кўтар», деса, ақлан бу ишни нотўғри деб билардим. Сабри тугаган дўстим охири эшик олдидан кетди. Чуқур уҳ тортиб, нима қилишни ўйлай бошладим.
Хаёлимга келган биринчи фикр, яширин камераларни текшириш бўлди. Камералардаги тасвирни кўриб эса аҳволим яна-да оғирлашди. Ажабки, қўлимда тўппонча, хотинимнинг пешонасига ўқталиб турардим, у эса орқага тисарила-тисарила меҳмонхонага кирди, табиийки мен ҳам. Меҳмонхонамизга эса камера ўрнатилмаганди. «Эй Худо, наҳотки мен, эй Худо!» тилимда айланаётган бу гап миямда ҳам баравар чархланаётганди. Юрагим сиқилиб айбдорлик ҳиссига ўхшаш алланима ич-етимни еяётганди. Ўн дақиқа бошимни муштлаб ўтиргач, «Йиғлашдан фойда йўқ», дедим-да, ўрнимдан турдим. Муздек сувда ювинарканман, титрашда давом этардим. Ёнгинангдаги хонада мурда ётса, камига у хотининг бўлса, манаман дегани ҳам қўрқади-да. Ярим соат деганда уст-бошимни эпақага келтириб, гараждан машинани олиб чиқдим ва орқа ўриндиққа лапаткани жойлаштирдим. Қиладиган кейинги ишим камерадаги ёзувларни ўчириб, рафиқамни машина бортига юклаш ва меҳмонхонадаги тўппончадан изларни йўқотиш эди. Боягина кўрган жойимда, не кўз билан кўрайки, камера тасвири туширилган касета йўқ.
Аниқ эсимда, ярим соат аввал уни стол устида қолдиргандим. Эҳтимол, эс-ҳушим ўзимдамасдир, деган ўйда меҳмонхонага кирсам ердаги тўппонча ҳам йўқ. Икки далилий ашёни қидирмаган жойим қолмади. Тетиклашиш учун ошхона столида турган қадаҳдаги ароқни бир кўтаришда сипқордим. Шу он миямга келган қўрқинчли фикрдан ўзим ваҳимада қолдим. «Ароқни ким қуйганди ўзи?! Наҳотки уйда мендан бошқа кимдир бўлса?!» Чаккамдан томаётган тер тобора кўпайиб борар, хаёлларимни жамлолмасдим. Аммо ҳозир, тезроқ ҳаракат қилмасам, тўғри панжара ортига кетишимни ўйлаб талвасага тушган кўйи хотинимни ердан кўтардим. Ҳовлига чиқиб машинам томон тез юрдим-да, уни юкхонага жойладим. Соат миллари тунги ўн иккини кўрсатар, итларнинг овози бугун ҳар кунгидан кучлироқ эшитилар, ҳатто кўчадан уйимизга тушиб турадиган чироқлар ҳам, бугун негадир ўчиқ эди. Узоқ вақт ҳеч нарса емаганим сабабми, бошим ҳам айланар, ҳолсизланиб борардим. Шунга қарамай дарҳол рулга ўтирдим ва йўлга чиқдим.
«Эй Худо, нималар қиляпман ўзи, эй Худо, наҳот ҳозир бориб уни кўмсам!» Тахминан, бир ярим соатлар юргач, аллақандай чекка, кимсасиз жойни топдим ва машинадан тушдим. Ҳар тарафни сукунат қоплаган, ҳатто ҳар кеч сайрайдиган чигирткалар ҳам бугун жимдай гўё. Вақт тиғизлигини ҳисобга олиб, белкуракни олиш учун машина эшигини очдим. Аммо у ерда белкурак йўқ эди. Учинчи ҳолат ҳам тасодиф эканига энди мутлақ ишонолмасдим. Кийимларим нафасимни сиқиб борар, нима учундир бошим қаттиқ чайқалишни бошлаган, оёқларим эса чалишиб кетаётганди. Машинамга суяниб, ўзимни ўнглолмай қолдим. Не кўз билан кўрайки, шу он машинамнинг юкхонаси очилди ва қандайдир аёл чиқиб кела бошлади. Албатта, «Қандайдир аёл» бу хотиним экани хаёлимнинг бир чеккасига ҳам келмади. Ахир мурдалар ҳаракатланмайди-ку.
— Салом, азизим!
Аёлнинг юзи гоҳ тиниқлашиб, гоҳ хиралашиб кетар, мен ҳансираб нафас оларканман, уни кўриш учун кўзларимни қисиб қарардим. Шу дам ҳайратдан ёқа ушладим, ҳа бу менинг «ўлик» хотиним эди.
— С-сен, с-сен…
— Мен, азизим, сизнинг хотинингиз!
Борлиқ кўзимга живирлаб кўринар, энди ланжлик бутун танамни эгаллаганди. Мен ҳаракатлана олмай, ерга ўтириб қолдим.
— Нималар бўляпти ўзи? М-мен…
— Шошилманг, уйқуга кетгунингизгача ҳаммасини тушунтириб бераман, — деди хотиним ёнимга яқинлашиб, сочларимни силаб қўяркан.
— Уйқуга? — дедим мен тобора мадорим қочиб.
— Ахир уйдан чиқиш олди, доимгидай ичиб олгандингиз-ку, ўшанга бу сафар уйқу дори қўшдим.
— С-сен, с-сен боя мурда…
— Гўёки мурда эдим, аҳмоққинам, — деди хотиним гапимни кесиб, бошини қимирлатиб қўяркан. — Аслида-ку, сиз билан шу пайтгача мурдадек яшадим. Доимий калтаклар, хиёнатлар, хўрликлар мени адойи тамом қилган.
Мен ҳатто гапиришга ҳам ожиз эдим.
— Ифлос! — деди хотиним кўзларини энди қирнинг узоқ-узоқларига қадаб. — Тўрт йил муқаддам севган инсоним билан бахтли эдим. Сиз эса бизни айирдингиз ва «Менга турмушга чиқмасанг, ўша йигитни қаматаман», дея шарт қўйдингиз. Шунга яраша бахтли қилсангиз ҳам майли эди, аксинча, мудом эздингиз. Ана энди эса қасос олиш мавриди етди!
Хаёлан, видео тасмалар, тўппонча ва ҳатто белкуракни ҳам ким олиб қўйганини тушунардим, лекин баъзи нарсалар ҳамон мавҳум эди.
— Т-телба! — деяёлдим зўрға.
— Бир ҳафта давомида атай тинмай асабингизга тегдим. Худо қарғаган тунги клубингиздан ҳам менинг таъзиримни бериб қўйиш учун келдингиз. Мастлигингиздан фойдаланиб, мени отолмаслигингизни пеш қилдим. Сиз ландовур «шерлик» қилиб отолмасангиз ҳам тўппончани менга ўқталдингиз. Буларнинг бари етмагандай, ҳовлидаги камераларга ҳам мени юклаб машинангизга ортганингиз яққол муҳрланган. Қарабсизки, сиз энди шубҳасиз қотилсиз!
Хотиним яна нималардир деяётганди, аммо мен ҳушимни йўқотдим. Эрта тонгда эса милиция маҳкамасида кўзимни очдим. Бу вақтда маккора хотиним аллақачон бойликларимни ўмариб, бошқа мамлакатга қочиб кетганига шак-шубҳам йўқ эди. Мен учун эса кейинги кунлар ҳақиқий дўзахга айланди. Охири йўқ савол-жавоблар, тергов ишлари, мен ўзимни ҳеч қанақасига оқлолмас, хотиним, аслида, тирик эканига ҳеч кимни ишонтиролмасдим.
Мана, бугун қамалганимга бир йил тўлди. Хотираларимни ёдга олиб ўтирганимда, мени кўриш учун кимдир келгани ҳақида хабар беришди.
— Ажабо! — дедим узоқроқдан бақирганча таниш чеҳрага қараб куларканман. — Мени ҳатто яқинларим унутган бир пайтда, сени кўриш, жуда хурсандман.
Жингалак сочли бу йигитчани яхши эслардим. Мана шу лаънати фитна бўлмасидан сал аввал у билан улфатчилик қилгандик. Уни бағримга босдим. У эса жилмайган кўйи менга синчков қарарди.
— Қалайсан энди?
У менга бошдан-оёқ разм солди. Нима учундир бундай қарашидан мени майна қилаётгандек туйиларди.
— Жуда аламзадаман! — дедим дардлашмоқчи бўлиб. — Ўзимни ҳеч қанақасига оқлолмадим. Яқинда яна суд бўлади, тузукроқ адвокат ёллай, деб уйимни ҳам сотдим. Анави ифлос, сейфдаги бор бойлигимни ўмариб кетган!
— Сенга айтгандим-а, бойликни банкда сақлаш керак деб, — жилмайди у. — Лекин сени тушунаман, мен ҳам айбсиз айбдорлик таъмини тотганман.
— Эсимда, айтиб бергандинг, — дедим мен ва бирдан «ясама қотиллик» содир этилган кун у уйимга келгани ёдимга тушди. — Айтгандай, ўша куни сен нима учун уйимга боргандинг?
У индамади. Фақат кулиб тураверди, унинг сукунатли жилмайиши шу қадар узоққа чўзилдики, ҳатто асабийлаша бошладим.
— Энди мен борай! — деди у бирдан ўтирган еридан илкис қўзғалиб ва мени бағрига босиб пичирлади. — Бу қамоқхонада ўтирганимда, бир бор сени кўришни ва бизни ажратиб юборганинг учун башарангга боплаб туширишни жуда истардим. Ниятим холис экан, бошқачасига тушириб кетдик. Сенга собиқ хотининг, менинг севиклигимдан алангали салом. Рухсат беришса, тўйга ўтарсан!
У юзимга ёш болани эркалагандай оғриқсиз шапатилаб қўйганида ҳам, гапининг мағзини чақишга улгурмагандим. Фақат уч-тўрт қадам узоқлашгачгина, «жингалак сочли дўстим» ўша мен қаматиб юборган йигит эканини англадим. «У билади, хотиним қаердалигини у билади, улар уюштирган ҳаммасини», деган гапимни эса қамоқхона деворларигина эшитди, холос!
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади