20:47 / 05.02.2018
7 649

Аканинг бахти учун сингил курашса…

Аканинг бахти учун сингил курашса…
Ота-онам бевақт қазо қилгач, укам иккимизни тоғамиз Меҳрибонлик уйига топширган экан. Улар биздан тез-тез хабар олиб турар, доимо яхши ўқишимизни тайинларди. Ҳар сафар бизга албатта китоблар олиб келарди. Укам иккимиз шундай тоғамиз борлигидан суюнардик. Китобларимизни бошқа болалар ҳам қўлма-қўл қилиб, ўқиб чиқарди.

Ёшим улғайгач, Меҳрибонлик уйи билан хайрлашиб, коллежда ўқидим, сўнг университетни имтиёзли дипломга тугатдим. Ўз мутахассислигим бўйича нуфузли ташкилотда хизмат қила бошладим. Шу пайтда Нилуфар исмли қиз билан танишиб қолдим. У билан сирдош дугона бўлиб кетдик, муҳими, бир-биримизни сўзсиз тушунардик. У Меҳрибонлик уйида тарбияланганим, ҳаётимдаги ҳар бир воқеадан хабардор эди. Ўзи ҳам сирларини ишониб айтар, менга яқин инсондек муносабатда бўларди.

Бир куни Нилуфар “Сиздек келинойим бўлишини жуда-жуда хоҳлайман”, деб қолди ва мени акасига келин қилиш ниятида эканини айтди. Йигит билан танишиб, бир-биримизга маъқул бўлдик. Совчилар келишди, тоғам тўйга розилик берди.

Шу орада йигитнинг холаси бўлғуси қайнанамга “Келиб-келиб ёлғиз ўғлингизга етим қизни раво кўрасизми? Шу қизни келин қилиб авлодимизни иснодга қўясиз-ку”, дебди.

Бир куни Нилуфар ишга хафа ҳолда кириб келди. Ундан шу хабарни эшитиб, баданимдан муздек тер чиқиб кетди. Акасига қўнғироқ қилсам, кўнглимни кўтариш ўрнига, индамай тураверди. Нилуфар эса мени тинчлантириб, ҳаммаси яхши бўлишини айтиб кўнглимни кўтарди. Менга “Нега менинг бахтим учун айнан уйланадиган йигит эмас, синглиси курашиши, керак?” деган ўй тинчлик бермай қўйди…

Бу гапдан хабар топган тоғам “Ҳозирдан гап-сўз қилган аёл тўйдан кейин жиянимнинг кўзини очирмайди” деб, тўнини тескари кийиб олди. Бу орада қайнанам келиб вазиятни юмшатишга уринди, узрини сўради. Аммо йигитдан на бир сас, на бир садо чиқди. Ўз тақдирига бунчалар бефарқ қаровчи инсон билан ҳаёт йўлларимни боғлашни ҳам, ўртадаги риштани узишни ҳам билмай қолдим.
Сабина, Тошкент шаҳри.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аканинг бахти учун сингил курашса…