Ассалом, ойижон! Ва ниҳоят, мен оғриқ ҳис қилмаяпман…
Мен иштончамга хўллаб қўйганим учун сиздан кечирим сўрашга улгурмадим. Кечиринг! Ваъда бераман, бу бошқа ҳеч қачон такрорланмайди.
Нимагадир илгарилари бу ҳақда сизга айта олмасдим. Бундай қийин сўзларни қандай айтиш кераклигини тушунмас эдим. Энди эса ҳаммаси ўз-ўзидан рўй бермоқда. Ғалати… Умуман, ҳозир менда кўплаб ғалати воқеалар содир бўлмоқда, лекин бу ҳақда сал кейинроқ.
Ойижон, билинг-ки, табассумингиз жуда чиройли, ўзингиз эса — энг гўзал онасиз! Мен сизни жуда яхши кўраман, яна бир марта қучишни, ўпишни ва ҳидингизни тўйиб ҳидлашни истайман… Лекин сизни тополмаяпман, қаердалигимни тушунмаяпман. Нега сизни чақирганимда жавоб бермаяпсиз?
Кўзларингиз маъюс тортганда, сизга қараш менга оғриқ берарди. Кўз ёш тўкканингизда, қанчалик қийналаётганингизни ҳис қилардим. Сизни қўллаб-қувватлашни, хали ҳаммаси яхши бўлишини, мен эса ҳамиша ёнингизда бўлишимни айтишни хоҳлардим. Бошқалар сингари сиздан юз буриб кетмаслигимни айтишни жуда-жуда хоҳлардим. Лекин айтолмасдим… Бунинг ўрнига кўзларим хоинларча мен уларни тийишни ўрганмаган кўзёшларга тўларди. Мен ҳатто эплаб бир сўзни айта олмасдим — ўрнига чинқириқ чиқарди. Агар ўзимни қўлга олишни ўрганганимда эди, ҳаммаси бошқача бўларди.
Аслида уч йил ичида сиз билан кўп нарсаларни ўргандим. Оёққа туришни, юришни, сизнинг телефонингизда мультфильм қўйишни… Аммо кунларнинг бирида мультфильм кўриб, ҳамма пулларингизни сарфлаб қўйганим учун мени жазолаган эдингиз.
Яна, менга шоколадли тухум сотиб олиб берганингиз ҳам ёдимда. Менга жуда ёққанди, лекин сизнинг бошқа пулингиз қолмаганди. Эҳ, бу пуллар! Улар нега кераклигини ҳеч қачон тушунмаганман. Кунларнинг бирида сумкангизни титкилаб, кошелёгингиздан топиб олдим уларни. Ўрганаётиб, кутилмаганда йиртиб қўйдим. Сиз яна мени жазоладингиз. Шунга лойиқ бўлган бўлсам керак… улар сиз учун бу қадар муҳим эканини тушунмаганман. Сизга етказган дилхираликларим учун мени кечиринг!
Менга автобус ёки маршрутка ойнасидан йўлга қараб кетиш жуда ёқарди. Ёнимиздан «югуриб ўтаётган» дарахтлар ва уйлар менга завқ бағишларди. Сиз мени қаттиқ қучиб, яноқларимдан бўса олар эдингиз. Мен бахтли эдим…
Биз охирги марта кўришганимизда, мен иштончамга хўллаб қўйгандим. Бу иштонни менга кимдир совға қилган эди: ёки қариндошларимиз, ёки сизнинг ўртоқларингиз. Бошқа нарсаларимизни, ўша, аввал яшаганимиз — қўрқинчли хонада қолдирган эдик. Мен у ердан кетганимизга хурсанд эдим, у ерда кўп ёмонликлар бўлганди. Оқшомлари аллақандай эркаклар келарди, улар сизга оғриқ беришарди, мен эса йиғлардим. Сиз хафа бўлардингиз ва яна мени жазолардингиз. Кейин эса мен қолган биргина иштончамни расво қилдим… Сизнинг жаҳлингиз чиқди ва менга тарсаки туширдингиз — жуда оғриди. Мен чинқириб, йиғлаб юбордим. Сиз яна урдингиз. Яна ва яна… Чуқурликка тушгандай бўлдим, атроф зим-зиё бўлди.
Мен аллақандай аёлларнинг овозларини эшитардим, улар операция қилиш зарурлиги ҳақида гапиришарди. Мени қўлларида кўтариб юришарди улар, мен эса ҳаммаси яхши эканини айтаолмасдим. Нега мен энди ўз фикримни баён этишни ўргандим?!
Ҳозир атрофимда болалар тўла, уларнинг барчаси ўз ойижонларини жуда қаттиқ соғинишган. Болаларнинг бирини онаси кладовкага қамаб қўйиб, узоқ вақт овқат бермаган экан. Лекин айб унинг ўзида — онасининг қорнига иссиқ чой қуйиб юборган… Бошқа бир қизни эса отаси урган. Мени хабарим йўқ, ўзи шунақа дейди. Айтишича, отаси аллақандай темир сим билан урган эмиш, кейин қон кетибди. Бу қизча менга ёқади. Мен уни ҳаттоки ўпганман.
Яна мен «нафратланиш» нималигини билмайман. Бу ердаги болалар илгарилари ўз ота-оналаридан нафратланишганини айтишади, мендан ҳам «Ойингдан нафратланасанми?», деб сўрашади. Уларга нима деб жавоб қайтаришни билмайман.
Бу ер менга ёқади, ойижон. Бу ерда ҳамма нарса бор. Хоҳлаганча мультик кўриш мумкин… Фақат сизни ёмон соғинаман. Қачон мени олиб кетасиз? Сизни яхши кўраман ва энди ҳаммаси яхши бўлади, деган гапларни айтишни орзу қиламан. Ахир энди гапиришни биламан-да.
Эркин Алимбеков
Манба: mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”