У яна ғужанак бўлганча оғриқнинг зўрига чидолмай ингради. Эшикнинг ҳалиям ташқарисидан тамбаланганини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. Асабий тишларини ғижирлатди: “Бу сафар аниқ ўлиб қоламан, қаердан бўлсаям анавидан топмасам, аҳволим чатоқ” деб ўйлади. Ҳозир унинг хаёлида ўша заҳри қотилдан бошқа нарса йўқ эди…
Жавҳарбек оилада якка-ю ёлғиз ўғил бўлиб, ўзига тўқ хонадонда ўсди. Отаси шаҳарма шаҳар юриб бизнес қилар, онаси эса ҳеч қаерда ишламас, уйда ўтириб эрининг топганини латта-путта, тақинчоққа сарфлаб, гўё ҳаёт фақат бойлик билан қизиқдек, ўзини хурсанд қилиб яшарди. Уларнинг бирдан-бир овунчоқлари мана шу якка-ю ёлғиз ўғиллари эди. Шунинг учун эрка ўғилнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлиб, сиртдан қараганда Жавҳарбек учун ҳамма нарсаси муҳайё, ҳеч нарсадан кам-кўсти йўқ, болалиги осуда ўтаётган энг бахтли болалардан бири эди. Аммо, Жавҳарбек ёшлигидан ҳеч нарсага зориқмай ўсган бўлса-да, кўнгли доим кемтик эди. Чунки отасини ҳафтада, гоҳида ойда бир кўрар, ҳеч ота-онасининг бир оила бўлиб жамулжам дастурхон бошида ўтирганини эслолмасди. Унга гоҳида отасининг бошқа оиласи бордек туюларди. Жавҳарбекнинг бошқа тенгдошлари қатори отаси билан қаерларгадир боргиси, дилдан гаплашгиси келар, лекин отаси ўғлига бўлган меҳрини фақат пул билан исботларди…
Кўнгил кемтиклигини пул билан тўлдириб бўлмас экан. Жавҳарбек яхши кийингани, доимо чўнтагида пули бўлгани учун унга дўст бўлишни истайдиганлар жуда кўп эди. Айни балоғат ёшига етганда у ўзига ана шундай кўнглини очса бўладиган “дўстлар” топди. Унинг осуда, тинч ҳаёти ана шу дўстлари орқали саргузаштларга бой бўлди.
“Нега ҳаммаси шундай бўлди?” ўйлади у. Ахир бошқа эрка болалардек “мактабда ўқимайман”, деб хархаша қилмаган. Ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўқирди. Хулқи ҳам яхши эди. Мактабни битиргач, дадаси айтган олийгоҳга эмас ўзи хоҳлаган муҳандислик соҳаси бўйича олийгоҳга ўз билими билан энг юқори балл тўплаб, ўқишга кирди. Нафиса исмли синфдошини яхши кўрарди. Нафиса ҳам уни ёқтирарди. Ўша “дўстлар”га йўлиққач эса унинг феъл-атворида, руҳиятида ўзгариш пайдо бўлди. Отасига нисбатан норозилик янада кучайди. Серзарда бўлиб қолди. “Дўстлари” айтганидек, отасининг бошқа оиласи борлигига аниқ ишонди. Бу фикр уни серзарда, жиззаки қилиб қўйди. Отасига бўлган алам ва нафратини унутиш учун дўстларига қўшилиб қорадорига ўрганди. Бу пайтга келиб онаси ҳам негадир ўйчан, хомуш юрадиган бўлиб қолди. Энди отасининг топган бойлиги-ю совға саломлари онасини аввалгидек хурсанд қилмас, қандайдир сирни Жавҳарбекдан яшираётгани билиниб турарди. Нафиса эса… Йигитнинг гиёҳванд бўлиб қолганини билиб қолгач, аввалига карахт бўлиб қолди. Нафиса муҳаббатидан дарров кечиб кетмади, аммо йигитга шарт қўйди. “Агар ўзингизни даволатмасангиз, мен сиз учун йўқман”, деди.
Жавҳарбек даволанишга ваъда берди-ю, аммо ортга суравериб, игна олишгача етиб борди. Аслида ўшанда бор иродасини ишга солиб даволанса бўларкан. Энди эса тобора ортга қайтиш қийинлашиб кетяпти… Унинг ҳамма жойи қақшаб оғрий бошлади. Қанийда ўша савил қолгурдан озгина бўлса… У эшикни муштлади. Ҳар доимгидай жавоб бўлмади. Мана, уч кундирки, у уй қамоғида. Отаси Россиядан қайтгач, тажрибали шифокорларга кўрсатиб даволатмоқчи. “Ҳозир озгина бўлса эди, — ўйлай бошлади у, —кейин, майли, даволанишга розиман”.
“Ойи!”, деди у бор овози билан эшикни муштлаб. Эшик ортида хизматкор пайдо бўлди. Қадам товушларидан ойиси эмаслигини пайқаган йигит ўшқирди: “Сен эмас, ойим керак менга, бор чақир, ўғлингиз ўлаяпти, де”. Қадам товушлари узоқлашди. Бирпасдан сўнг Жавҳарбекнинг ойиси эшик ёнига келди.
— Ойи, мени эшитаяпсизми, — деди йигит овози қалтираб.
— Болам, эшитаяпман. Қани дардингга даво тополсам, ўғлим.
— Эшикни очинг. Мен билан гаплашинг, ахир сиздан бошқа мени ким тушунади, ойи…
Она, онаизор-да, кўнгли бўшади. Кўзи ёшга тўлди:
— Очсам тўполон қилмайсанми, анавидан топиб бер, деб.
— Йўқ, ваъда бераман, тўполон қилмайман. Фақат сиз билан гаплашиб ўтирмоқчиман. Ахир шунга ҳаққим бордир?!
Она ўғлининг гапига ишонди. Жигарпораси билан чин дилдан гаплашгиси келди. Эшикни очди. Ўғли онаси кутганидек тўполон қилмади. Фақат югуриб тепа қаватга чиқиб кетди. Игнага ўтиргандан бери чекадиган нашага ҳожат қолмаганди. Энди эса ўшанга ҳам зор. Яхшиям яшириб қўйгани жойида турган экан, топиб олиб, чекди. Хайрият хумори сал босилгандай бўлди. Онаси тепага чиққанда ўғлининг “сигарет” чекиб ўтирганини кўриб, кўнгли хотиржам тортди. Оёқларини керганча деворга суяниб ўтирган ўғлининг ёнига келиб бошини силади:
— Жуда қийналиб кетдинг. Даволансанг ҳаммаси бошқача бўлади. Ҳаётингни бошқатдан бошлайсан. Уйланасан. Невараларимни ўзим кўтариб катта қиламан. Фақат сен яхши бўлиб кетсанг бўлди. Сендан умидларим катта.
Негадир нашанинг таъсирданми йигитнинг миясини туман қоплагандек бўлди. Ўзининг тобора тубанлашиб бораётганини, нашага ўргангандан бери дўзах азобига дуч бўлганини ўйлади. У бундай кунларни душманига ҳам раво кўрмасди. Шундай пайтларда у болалигидаги беғубор лаҳзаларини соғинарди. Негадир доимо “қачонлардир қайтадан дунёга келсам, ҳеч қачон бу хатоимни такрорламасдим” деган умидли ўй уни тарк этмасди. Онасининг тиззаларига бошини қўйди:
— Ойижон, эсингиздами болалигимда дадамни соғиниб йиғлаган пайтларим сиз мени паркка олиб борардингиз…
— Эсимда, бир сафар бир пой туфлингни йўқотиб қўйгандинг. Дадангга йиғлаб айтганингда, уч жуфти туфли олиб келиб берганди.
— Мен ўшанда туфлиларимнинг кўплигига эмас, дадамнинг келганига хурсанд бўлганман. Нафисани яхши кўрардим. У ҳам эрга тегиб кетди.
— Дарахтни тепсанг, қиз ёғилади. Сенга аталгани ҳам бордир… Сен аввал тузалиб ол. Аҳволингга қара, кимга ўхшаб қолдинг, — деди онаизор ўғлининг озиб, соқоллари ўсиб кетган чеҳрасига изтироб билан қараркан. — Худди тарки дунё қилган одамга ўхшайсан… Мен энди овқатга уннай. Сенга ўзим ўз қўлларим билан овқат қилиб бераман.
— Э нима қилсангиз қилаверинг, менга барибир, — деди Жавҳарбек ҳафсаласизлик билан қўлини силкиб.
Йигитнинг миясини катта бир қурт кемираётгандек боши ғувиллай бошлади. Тушкунликка туша бошлади. Негадир унга ҳамма душмандек кўриниб кетди. Чеккан “сигарет”ининг кайфи унча узоққа бормади. Яна бояги оғриқ аъзои-баданини қақшатди. Кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди…
Отаси унинг гиёҳванд эканлигини билгандан бери пул бермай қўйганди. Онасининг пули турадиган хона ҳам қулф. У пастга тушди. Ошхонада куймаланаётган онасининг олдига борди. Ўғлининг ранги оқариб, кўзлари бежо бўлганини кўрган онасининг юраги шувиллаб кетди. “Яна ломкаси бошланди, шекилли” ўйлади у.
— Ойи, ойи-и-и, менга пул беринг, — деди у ингроқ товушда.
— Ҳозиргина бинойидай эдинг. Яна бошландими?
— Бу охиргиси бўлади… Даволангунимча шу нарсани истеъмол қилмасам ўлии-и-и-б қоламан.
— Беролмайман ўғлим, — деди онаси иложи борича вазиятни юмшатишга уриниб.
Шу тобда онаси унинг кўзига балодай кўриниб кетди. Яхши кўрса, боласининг шундай қийналаётганини кўриб пулини аяйдими? Буларнинг бари душман.
— Сизлар менга душмансиз, мени аввалдан ёмон кўргансизлар. Дадамга ҳам, сизга ҳам керагим йўқ. Бирон марта бошимни силаб, эркаламагансизлар, мен билан дилдан суҳбатлашмагансизлар. Шунинг учун мен дарддошни кўчадан изладим…
Онаси ўғлини шаштидан қайтариш учун яқинлашганди… у шартта онасини турткилаб юборди, халатини титкилаб, калитларни олиб қўйди. Онаизор ўғлининг орқасидан қўл чўзганча қолаверди.
… Қўлига икки даста пулни олганча кўчага отилди. Эски танишининг уйига йўл олди. Дарвозани жони борича тақиллатди. Эшикни уйқусираганиданми, кўзлари қизариб кетган бир эркак очди. Жавҳарбекни кўриб кўзлари чақнаб кетди.
— Ака, анавидан топиб бермасангиз аҳволим чатоқ, — деди Жавҳарбек ҳансираб.
— Ўшанга лойиқ пулинг борми ишқилиб? Анаву кунгидек қарзга беради, деб ўйласанг, хато қиласан, — деди у ишшайиб.
— Йўқ қарзгамас, мана қарзимни ҳам узаман, фақат тезроқ беринг, — деди у бир даста пулни тутқазиб.
…Жавҳар йўлакда беҳол ўтирган онасига ҳам қарамай, ўз хонасига югурди. Эшикни ичидан маҳкамлаб олди.
— Яна шу зормандани топиб келдингми?! — деди онаси унинг эшигини муштларкан йиғлагудек бўлиб.
— Ойи, кетинг бу ердан, — деди ўғил зарда билан, — кетинг ҳеч кимдан ҳеч нарса олганим йўқ, мени тинч қўйинг! Мен дам олмоқчиман, кетинг!
Онаизор ноилож эшик олдидан узоқлашди.
Йигит фурсатдан фойдаланиб яширган жойидан шприцларини олди. Ҳар доимгидай ўзига укол урди. Бошини деворга тираганча бир зум тек қотди. Кейин ҳамма нарсани унутди…
Қанча ётганини билмайди. Уйқудан уйғонганида негадир боши оғирлашгандек, ланж бўлиб турди. Қуёш уфққа ёнбошлаётган маҳал бўлгани учун хона ичи қоронғилашган эди. У ўрнидан туриб ўтирди. Яна ҳамма жойи қақшаб оғрий бошлади. Шунда қорадорининг кучи аввалгидек узоққа бормаётганини, уни истеъмол қилиш вақти тобора қисқариб бораётганини, олдингидек лаззат ололмаётганини ҳис қилди.
“Эртага, эртага дадам келсин, бориб даволанаман. Кейин ҳамма-ҳаммаси бошқача бўлади. Ўқишимни давом эттираман, уйланаман, машина оламан — одамларга ўхшаб яшайман. Лекин ҳозир… ҳозир анави зормандадан охирги марта укол қилмасам бўлмайди”.
У яна шприцни қўлига олди. Таъсири анчагача етиши учун бу гал у дорини шприцга ҳар доимгидан кўпроқ тортди. Кейин кўзларини юмганча билагига нинани тиқди. У яна осмону фалакда уча бошлади… Бир зумга, бир зумгинага болалигига қайтгандек бўлди. Кўз олдида миттигина, оқ кучукча билан варрак учириб чопқиллаб юрган дўмбоққина болакай — ўзи гавдаланди. Негадир осмон жуда ёруғ эди. Фақат болаликдагина ана шундай ёруғликни ҳис қилиши мумкин эди. У бир зумгина ўша ёруғликни ҳис қилди. Кейин осмон торая бошлади. Осмондаги варраги чирпирак бўлиб шиддат билан ерга туша бошлади. Гўёки Жавҳарбек осмону фалакдан қулаб тушаётгандек бўлди. “Ойи!” деган овозини ўзи ҳам эшитмади. Нафаси қисиб ҳеч қаерга сиғмай кетаётгандек бўлди. Ёқаларини йиртиб тортди. Жон талвасасида ўзини ҳар ёққа отди. Онги шуурида бир лаҳзагина “Ҳаммаси тамом, наҳотки ҳаммаси тамом бўлган бўлса?”, деган ўй ўтди. Кейин… кейин ҳеч нарсани англолмай қолди.
Тунда келган отаси онаси билан эшикни бузиб киришганда ўғилларининг ўлиб ётганининг устидан чиқишди. Фарзандининг очиқ қолган кўзларида чексиз мунг ва изтиробни кўрган ота, илк бор ўғлининг бошини кўксига олиб, сочларини силади, бўғзига тиқилиб келган фарёдни тўхтата олмади…
Барно СУЛТОНОВА
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи