14:26 / 02.04.2018
8 147

«Эр-хотиннинг ёши ўзаро муносабатларига таъсир этадими?» (18+)

«Эр-хотиннинг ёши ўзаро муносабатларига таъсир этадими?» (18+)
«Эрим мендан саккиз ёш катта. Қачон қарама «Кўп нарсага ақлинг етмайди, ҳали ёшлик қиласан» деб насиҳат қилгани-қилган. Унинг йўл-йўриқлари, ҳатто, ётоқхонамизда ҳам тинмайди…» «Меники эса ўзим билан тенгдош. Балки шунгадир уришсак ҳам тезда ярашиб оламиз. Кейин «нозик» муносабатларда ҳам қарашларимиз ўхшаш…» «Тергаб, йўлга солиб тургани яхши-да. Ёши ўзингдан кичик бўлса, аёл эканингни ҳам унутиб қўяркансан, гоҳида…»

Булар тўқима «ҳикоя»лар эмас, шифохонада навбат кутаётиб эшитганларим, аслида. Эр-хотин ўртасидаги ёш тафовути эҳтимол кимгадир у қадар жиддий кўринмас. Бироқ айнан шуни деб, келиша олмаётган ёхуд бир-бирини ҳамон «англаш» билан овора бўлган оилалар ҳам йўқ эмас орамизда. Хўш, бунинг сабаби нима? Нозик муносабатларга таъсири борми? Мавзуни ҳаётий мисоллар ёрдамида таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Тиббиётда инсон ёши иккига ажратилади. Бири организмнинг биологик ёши, иккинчиси эса психологик ёш. Айтайлик, ёшингиз 40да, аммо ўзингизни 30 ёшлардек ҳис этасиз. Демакки, кўринишингиз ҳам шунга мос. Аслида, ёш нисбий тушунча. Бироқ оилавий муносабатларда у муаммога сабаб бўлса, албатта ечимини топиш зарур. Суриштирувимизга кўра, аниқланган ҳолатларни таҳлил қила туриб, аёлларга маслаҳат беришни лозим топдик. Негалигини эса саҳифа сўнгида билиб оласиз.

ТЕНГДОШЛАР…
Ёшликдан бир-бирига кўнгил қўйган синфдош ёхуд коллеж, институтда танишиб, севишиб қолган жуфтликсиз. Турмуш қургунингизга қадар бир неча йил учрашиб юриб, бир-бирингиз ҳақида тўлиқ маълумот олгансиз гўё. Аммо бир оила бўлиб яшай бошлагач, тасаввурларингиз бойийди. Тўғри, нозик муносабатларда жиддий муаммонгиз йўқ. Чунки қарашларингиз ўхшаш. Бу борада ягона тўсиқ – бир-бирингизни тушунмаслигингиз. У «эр» мақомини истайди, сиз бўлса, «Қўлимдан келганича ҳаракат қилаяпман» «режими»ни маъқул кўрасиз. Хўш, «сан-ман»ингиз ётоққача кириб бормаслиги учун нима қилиш лозим?

– У бир вақтлар ортингиздан эргашиб, туни билан деразангиз тагида ўтириб чиққан ошиғингиз бўлса ҳам, эндиликда «лавози»ми ошган. Жуфтингиз у! Шунга яраша муомалани истайди. Энди сизни навбатингиз – хушомад қилишу мулозаматни ўрнига қўйишга.

– «Аввал бошқача эдингиз» каби важларни бас қилинг! Ёш қизча эмас, аёлсиз энди!

– Ёшингиз тенглиги сабаб айрим мавзуларда бир ҳил фикрлайсиз, баъзиларида эса аксинча. Агар бу яқинлик масаласидаги мунозара бўлса, жуфтингизга имкон беринг, фикрини тингланг.

– Ўхшаш фикрлашингиз муносабатларда бир хилликни юзага келтирмасин. Ранг-баранглик киритишга ҳаракат қилинг. Йўқса, эҳтирослар алангаси сўниб, «шартли эр-хотин рефлекси» пайдо бўлиши мумкин.

1-2-3 ЁШ ФАРҚ БЎЛСА…
Психологлар фикрича, эр-хотин ўртасидаги бундай ёш тафовути энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири саналади. Аммо айнан мана шу оилаларда эҳтирос ва тушунмовчиликлар тенгма-тенг юриши айтилади. Сабаб? Ёш тафовути бир йилни ташкил қилган жуфтликлар кўпинча бир-бирини тинглашмайди. Эр-хотин орасидаги ёш фарқи икки йил бўлганларда эса бир-бирига ён босиш тақчил. Уч ёш – бунда кўпинча эр-хотин муносабати аёл характери ва билимдонлигига боғлиқ. Хўш, «шахсий» ҳаётда-чи?

– Аёл жуфтидан уялиши, унинг истакларига қарши бориш мумкин. Эркак эса бунинг аксини истайди.

– Аёл яқинлик борасида фикрларини очиқ айтолмайди. Эркак эса бунга имкон яратиш кераклигини тушунмайди.

– Аёл рўзғор ишлари, болалар билан ўралашиб, «нозик» муносабатларни иккинчи ўринга суриб қўяди. Эркак, унга бу ҳолат табиийки ёқмайди.

Келтирилган ҳолатлар таҳмин бўлиши ҳам мумкин. Аммо фаразларнинг рўёбга чиқиши ёки аксинча хаёлларда қолиб кетиши ўзингизга боғлиқ.

8-10 ЁШ ФАРҚ БЎЛСА…
Турмуш ўртоғингиз уйлангунича карьера қилган, «оёққа туриб» сўнг оила қурган йигитлардан. Ҳаёт мактабида саводи чиққанки, кези келганида насиҳатларидан «қонингиз» қайнайди. Ўзингизни худди ёш боладек сезасиз. Алам қилгани ёлғиз қолганингизда ҳам бу хис сизни тарк этмайди. Шуни деб, ҳаракатларингизни назорат қиласиз, бирор ишни нотўғри бажаришдан чўчийсиз. Хўш, нега шундай? Ўйлаб кўрганмисиз?

– Орангиздаги ёш тафовути ҳақидаги ўйлар миянгизга зулукдек ёпишиб олган. Ҳар ўйлаганингизда асаб торларингизни сиқаверади. Аслида эса ёшдаги фарққа эътибор бермаслик керак. Ахир бахт, ёшингизга қараб берилмайди-ку.

– Ёрингиз олдида уқувсиз кўринишдан қўрқасиз. Имкон беринг, ўргатсин, йўлга солсин. Эркаклар буни ёқтиришади.

– У билан кўпроқ суҳбатлашинг. Аммо турмушдаги муаммолар ётоқхонага кирмасин. Шахсий ҳудудда фақат сиз ва у, демак мавзу иккингиз ҳақингизда.

– Турланишни ўрганинг! Зеб беринг, кўркам бўлинг, сизни кўриб жуфтингизнинг кўзи қувнасин!

АЁЛ 3–4 ЁШ КАТТА БЎЛСА-ЧИ?
Юқоридаги вазиятларга қараганда нисбатан камроқ учраса-да, бундай оилаларда ҳам муаммолар йўқ эмас. Норозилик икки тарафдан ҳам чиқиши мумкин. Эркак ўзига нисбатан ҳурматсизликдан нолиса, аёл истаклари амалга ошмаётганидан шикоят қилади. Аслида эса ўзаро уйғунликка эришиш керак, холос.

– Умр йўлдошингизнинг ёши сиздан кичиклиги боис уни рашк қиласиз, баъзан «Мен у истаётган аёл бўлолаяпманми?» каби ўй ҳам таъқиб қилади. Ўзингизга ишончингиз баланд бўлса, ҳар қандай таннозни ортда қолдирасиз.

– Гоҳида эрингиз ўзини ноқулай сезаётгандек туюлади. Бундан чиқди муносабатларингизга ўзгартириш киритиш лозим. Етакчиликни унга топширинг. Аёллик макрини ишга соларсиз-а?!

– Аёллар организмига хос алмашинув жараёнлари ҳамма қатори сизда ҳам содир бўлади. Аммо бунинг учун аввалдан «ноғора чалиш» шарт эмас. Асабни қанчалик эҳтиёт қилсангиз, ўзгаришлар шунчалик билинмай кечади.

– Билимдон ва устамон аёл бўлинг. Токи турмуш ўртоғингиз ўзини беклардек сезсин. Шунда ўртангиздаги ёш фарқи ҳам билинмайди.

– Энг муҳими, ёшингиз ҳақида ўйлашни бас қилсангиз, турмушингиз ҳам, муносабатларингиз ҳам осойишта бўлади.

«Нега бизга кўзгу тутасиз, эркаклар-чи?» дея ранжиманг. Жуфтингиз бош бўлса, сиз бўйинсиз. Муносабатларни йўлга солишда бош роль сизники! Муҳими, ижрони бўрттириб юборманг. Ҳар қандай вазиятда ва ҳар қачон жуфтингизни тўрга чиқаринг. Шунда ютқазмайсиз!
Андролог-сексопатолог
Дилмурод ЭРГАШЕВ.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Эр-хотиннинг ёши ўзаро муносабатларига таъсир этадими?» (18+)