11:26 / 27.04.2018
7 185

Нега ибодат қиламиз?

Нега ибодат қиламиз?
Шифокор дори ичиши зарурлигини тайинласа, бемор: “Бундан сизга бирор фойда борми?” дейиши мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки дорига шифокор эмас, касал муҳтож. Шу сингари, бизга буюрилган ибодатлардан Аллоҳга асло наф йўқ, биз учун фойда бор.

Ер юзини ойналардан иборат деб фараз қилсак, улар ёруғлик ва иссиқликни қуёшдан олиши аён. Бироқ уларда акс этиш ёки этмасликдан қуёшга манфаат ҳам, зиён ҳам йўқ. Бу ҳодиса бўлмаса-да, унинг тафти, нури, етти рангидан ҳеч нима камаймайди. Мазкур жараёнда бутун фойда ойналарга бўлади. Улар қоронғуликдан қутилиб, ойдинланиш учун қуёшга муҳтож.

Ўхшатишни бироз кенгайтириб, қуёшни илм, ирода, қувват ва ҳаёт; ойналарни эса ақл ва шуур эгаси сифатида тасаввур қилайлик. Ақл ва шуур эгалари – ойналарнинг муҳаббати қуёшнинг мукаммаллиги, муҳташамлигига нима қўшади? Ёки исён қилиб, унинг қудратидан нимани камайтира олади? Ўсимлик ва ҳайвонларга ёруғлик, тафт беришдан қуёшга нима наф? Ёхуд бермаслигидан унинг ўзига қандай зиён етади? Албатта, фойда ҳам, зарар ҳам ўсимлик ва ҳайвонларга оиддир.

Худди шу сингари, борлиқларни яратиш билан Аллоҳ таолонинг сўнгсиз камолига бирор даража қўшилгани тушунилмайди. Чунки мавжудотни яратмаса ҳам, У Зотнинг буюклигидан бирор нарса камаймас эди. Ҳақ таоло на яратиқларнинг йўқдан бор бўлишига, на фаришталарнинг ҳамду сано айтишларига ва на инсонларнинг ибодат, итоатига муҳтож эмас. Булар бўлса-бўлмаса, У Зот ҳамду санога лойиқ, шериги, мисоли, тенги бўлмаган Аллоҳдир.


Манба: Irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Нега ибодат қиламиз?