18:55 / 08.05.2018
11 023

Бандаларни ҳалокатдан асрагувчи – моҳи Рамазон

Бандаларни ҳалокатдан асрагувчи – моҳи Рамазон
Қалбларимизни қувонч ва меҳр- мурувватларга тўлдириб, ўн икки ой султони – моҳи Рамозон кириб келди. Бу ойда бандаларга Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ваъда қилиниб, дўзах оловидан сақлагувчи рўза фарз қилинди. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” ("Бақара" сураси,183-оят).

Аллоҳ таоло бандаларига Рамазон кунларида еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюрди. Бу ой шундай ойки, биринчи ўн кунлиги раҳмат, икинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир. Рўза тутиш Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодатлардан биридир. Бу амални адо этиш замирида кўпчилик билмаган қанчадан-қанча ҳикмат ва фазилатлар бор. “Рамазон ойи баракот ойидир. Аллоҳ таоло бу ойда гуноҳларни кечиради, дуоларни қабул қилади. Бу ойнинг ҳурматини жойига қўйинг! Фақат жаҳаннамга кетадиган одамгина бу ойда раҳматдан маҳрум қолади.” (Табароний ривояти)

“Рамазон ойи муборак бир ойдир. Аллоҳ таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Бу ойда раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Бу ойда шундай бир кеча борки, минг ойдан ҳам қадрлидир. Бу кечанинг (Қадр кечасининг) хайридан маҳрум қолган одам ҳамма хайрдан маҳрум қолган ҳисобланади.” (Насоий ривояти)

Юқорида зикр этилганидек, Аллоҳ таоло бандаларига Рамазон ойида еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюрди. Зеро, инсонни ҳалокатга бошловчи бирдан – бир нарса қорин истаги ва эҳтиёжи бўлиб, шу туфайли Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаво жаннатдан ер юзига туширилган эди. Бу дарддан қутулишнинг йўли вақти – вақти билан очлик ҳолатини бошдан кечириб туриш бўлади. Умуман, одамзодни тўғри йўлдан оздириб, нопок ишларга чорловчи нарса ҳам қорин ташвишидир. Шундан кейин бошқа кўнгилхушликлар учун йўл очилади. Чунки қорни оч одамнинг хаёлига таомдан бошқа нарса келмайди. Очлик ҳолатига сабр қилиш жуда катта матонатни талаб қилади. Аксинча, кўп еб – ичиш бу ҳолатни бузиб, энг аввало қалбни хиралаштиради. Қалб бутун бир салтанатни бошқариб турган ҳукмдордир. Агар бу салтанат таназузулга учраса, тананинг бошқа аъзолари ҳам унга бўйсунмай қўяди. Бунинг оқибатида ҳар бир қалб нафс ва шаҳват қулига айланадди.

Рамазон ойи бандаларни ана шундай ҳалокатлардан асрагувчи ойдир. Бу ойда бандалар қалби Аллоҳнинг раҳмати билан нурафшон бўлгувчи ойдир. Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зебу-зийнатлари ва ҳою-ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, барокотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.

Шундай экан, ушбу муборак ойни ғанимат билиб, Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига эга бўлмоқ учун интилайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ойини мағфират, раҳмат ва барокат ойи бўлишини насиб айласин.
Хуршида Усмонова,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси

Манба: Xadicha.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бандаларни ҳалокатдан асрагувчи – моҳи Рамазон