Бу воқеанинг бўлганига ҳам мана роппа роса 11 йил бўлди. Ўша кезлари мен Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти “Исломшунослик” йўналиши 4-босқич талабаси эдим. Шу билан бир қаторда Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) тумани Себзор даҳаси “Ат-Термизий” жомеъ масжидининг ноиби бўлиб бир муддат фаолият юритаётган пайтларим эди.
Ўшанда Туйғун ҳожи ака (Аллоҳ раҳмат қилсин уларни) масжид мутаваллиси сифатида иш олиб борардилар. Биз у киши билан кўп ҳамсуҳбат бўлардик. Тақволи, шу билан бир қаторда Қуръон илмини ўрганишга бўлган шавқлари жуда кучли инсон эдилар. Бир куни намоздан сўнг ёнимга бир сурани ёд олиб келганликларини айтиб келдилар. Кирилл ёзувидаги китобдан ёд олганликлари боис талаффузларида бир мунча хатоларини сездим. Ўзларига айтиб кўнгилларини ранжитишни истамадим, аммо уларга афзалроқ бўладиган бир таклиф билдирдим.
– Ҳожи ака, Қуръонни ўқишга тушиб кўрмайсизми? Ўзим сизга ёрдам берардим – дедим. Шунда ҳожи ака:
– Яҳёбек буни ўзим ҳам жуда жуда истардим бироқ, 73 га чиқиб қолдим шу ёшда зеҳним етармикан – дедилар.
– Э, ҳожи ака сиз бир бошлаб олинг, бу ёғига Аллоҳ ўзи сизни зеҳн ҳам ғайрат ва шижоат билан қувватлайди, – дея жавоб бердим.
Улар тасдиқ ишорасини қилгандек бошларини охиста силкитдиларда чиқиб кетдилар. Эртаси куни намоздан сўнг худди мактаб ўқувчиларидек дафтар ручка билан мен ўтирган хонага кириб келдилар. Дафтарларига санани қайд этиб қўйдилар. Ўша кундан бошлаб араб алифбосини бошладик. Улар қунт ва сабр билан ўргандилар, мен эса устозларимдан ўрганганларимни уларга ўргатиб ҳузр олардим.
Шу зайлда кунлар ўтди. Дарсимизнинг 30 куни. Ўша куни сира ёдимдан чиқмайди. Туйғун ҳожи ака имло ва талаффузни, ҳарфларни қўшиб ўқишни тугатиб, Қуръонга тушадиган кун эди. Одатдагидек намозни адо қилиб бўлганимиздан сўнг, ёнимга келдилар. Дарсни бошладим. Ҳожи ака “Бисмиллоҳ” деб Қуръонга тушдилар. Субҳаноллоҳ. Киши Аллоҳнинг каломини ўқиб ўрганиши учун ёшнинг чегараси ҳеч қандай ўрин тутмаслигини гувоҳи бўлдим. Ёнимда 73 ёшга чиққан, соч-соқоли оқарган, нуроний отахон Қуръонни ўқирди. Қалби эзилиб кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. У кишининг қувонч бахтиёрлик кўз ёшларини кўриб ич-ичимдан севиндим.
Мени ёнимдан кетар соатда ҳожи ака сабоқ олишларидан олдин қилган ниятлари ҳақида сўз очиб қолдилар:
– Яҳёбек, сиздан дарс олишимдан аввал иншаоллоҳ, Қуръонга тушган куним битта зиёфат қилиб бераман деб ният қилгандим. Субҳаноллоҳ, Аллоҳ мени шу кунга етказди. Энди зиёфат мендан. Кечга бизникига албатта ўтинг, – деб кўзида кўз ёшлари қуришига улгурмай, шошганча чиқиб кетдилар.
Айтилган вақт келиб, шом намозидан сўнг уларни уйларига бордик. Қаранки, 73 ёшида Аллоҳнинг каломини ўқишни ният қилиб, 30 кун деганда ўзлари мустақил Қуръон ўқиб қалблари эзилиб йиғлаган куни, кечга бориб омонатни топширдилар. Эртаси куни уларни сўнгги йўлга кузатдик.
Янгиер шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур жомеъ масжиди бош имом хатиби Яҳё Абдужабборов домланинг сўзларини Рустамжон Ҳусанов оққа кўчирди
Манба: Qadriyat.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди