16:56 / 24.07.2018
3 494

«Ўзимнинг мақолчи хотиним!»

Сўзларнинг ҳам жинси бормикан, деб ўйлаб қоламан, баъзан. Бирини эркак айтсагина ярашади, бири аёлнинг ўзгинаси учун ўйлаб топилгандек. Асосан, рўзғорга аралашиб, уй юмушлари билан куймаланиб, югур-чопдан бўшамаётган аёл тилига вазият тақозоси билан не-не нақллар келмайди, дейсиз! Бир қарасангиз, «ёпиғлиқ қозон»ни очмасликни сўраб, қўшни аёл билан сирлашишга тушиб кетади, бир қарасангиз, сизни «чучварани хом санаган» кишига чиқаради-қўяди. Нима бўлганда ҳам, зинҳор-базинҳор унинг «совунига кир юволмайсиз». Хуллас, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, аёлни безаб турувчи фақат упа-элик эмас! Мундоқ эътибор берсангиз, аёлларга чинакамига ҳусн бағишлаб турувчи, кайфиятини ифодаловчи шу – нақллар! Буни мен, маҳалламизда барчага маълум ва машҳур «Мақолчи Шарофатхоннинг» «законний» эри айтяпман! Мана шулардан уч-тўрттаси.

Бор товоғим, кел товоғим, бормасанг-келмасанг, ўртада син товоғим!

Буни бирор эркак кишидан эмас, аёллардан кўп эшитамиз. Рафиқамнинг айтишича, ушбу нақл, асосан, қуда-андачилик муносабатларига тааллуқли экан. Аёллар бу борада ишнинг кўзини билади, деймизми ёки киришимлими, хуллас, «товоқ синдирмаслик» масъулияти ҳар жиҳатдан уларга боғлиқ.

Билганим шуки, одатга кўра, қудалар бир-бириникида тўйнингми ё зиёфатнингми исини олса, дарров йўлга тушади. Қуруқ қўл билан эмас, албатта, тоғора ҳозирланади. Тансиқ таом, сарпо, совға-салом билан йўқлашнинг ўзгача гашти бўлса керак-да. Биз эркаклар бу «тактика»нинг сирини билолмай, сочимизга оқ тушади-ёв.

Хуллас, нима деётгандим, кетарда қуда томон ҳам бўш келмайди, келган тоғорани «сийлаб» қайтаради. Мабодо, бунинг акси бўлса борми, томошанинг каттасини кўрасиз! Қисқаси, бу нақлнинг маъноси «Қудангиз сизни сийлаб, шунча нарса бериб юборибдими, сиз ҳам уни сийланг, бўш қайтарманг. Кези келиб, уникида бирор йиғин бўлиб қолса, сиз ҳам худди шундай йўл тутасиз. Акс ҳолда, қуда-андачилик муносабатлари совийди», дегани. Ўрта йўлда товоқ синдириб юрманг, тағин,хонимлар!

Урвоғига чидаган юпқа қилсин

Хотинимнинг «мақоллар» бисотида шунақаси ҳам бор экан. Эшитиб ҳайрон қолдим. Сўрасам, у шундай деди: «Урвоқ – хамир муштлаётганда, ёяётганда тахта ва супрага ёпишиб қолмаслиги учун сепиладиган ун. Айниқса, «юпқа» тайёрланаётганда урвоқнисбатан кўпроқ ишлатилади. Бу – мақолнинг тўғридан-тўғри маъноси. Маъжозан олиб қаралганда эса «Бир иш қилмоқчи бўлсангиз, чиқимидан қочманг, чўчиманг, дадил қадам ташланг!», дегани бўлади. Қизиқ, бу нақлни хотиним менга теккизиб айтдимикан ё?..

Чиққан қиз – чийдан ташқари

Биламиз, бу мақолни кўп эшитгансиз. Айниқса, «Куёвингиз мени хафа қилди» дея энди арз қиламан деганингизда онангиз «Чиққан қиз – чийдан ташқари», дейдилар. Яшасин, оилапарвар қайноналар! Шарофатхон, нима дедингиз?!

Энди бу мақолнинг тарихига тўхталсак (маъноси айни эркакларбоп, менга жуда ёқади!). Этнографлар уни Самарқанд вилоятининг Намозгоҳ қишлоғида ёзиб олинганини маълум қилишади. Мақол изоҳи шундай келтирилади: «Модомики, эркак уйга ва уйдагиларга хўжайин экан, хотиннинг қариндошлари айрим ҳоллардагина унинг турмушига аралашадилар. Чий – ўтовга ташқари томондан қопланадиган қамиш тўсиқ. Бундан келиб чиқадики, турмушга берилган қиз чийдан, ўтовдан, демак, оила аъзолигидан ташқарига чиққан. Шунинг учун унинг янги оиласи, турмушига бўлар-бўлмасга аралашавермаслик керак».

Эрга тегиш осон, этик тортиш қийин

Эшитмаган бўлсангиз, диққат қилинг. Қадимда эрнинг, шунингдек, қайнота-қайнонанинг этик-маҳсисини тортиб ечиб қўйиш келинлик вазифаси, фарз саналган. Бирмунча қийин, баъзан кишига малол келувчи мана шу «этик тортиш»да бутунбошли уй-рўзғор ишлари қалашиб кетгани, аёл кишига нечоғли оғирлиги ўз ифодасини топган. Тўғриси, бу мақолни хотинимдан кўра, мен тез – тез ишлатаман. Яхши-да, ортиқча гап – сўзга ҳожат йўқ. «Эрга тегиш осон, этик тортиш қийин», десангиз бўлгани.

«Келинлик – сизнинг қизлик даврингиз эмас, шундай экан, энди бундай қийинчиликларга кўникинг, чиданг», дейилмоқчи-да, унда.

Мени ҳам мақолчи, деб ўйламанг. Янгангиз, Шарофатхондан эшитганларимни айтиб бердим, холос. Шу-у-унча маълумотни мияга сиғдириб юриш қийин-да, менга ҳам. Охори тўкилмаган гапларни сизга илиндим. Янгилари бўлса хабарлашамиз!
Шарофатхоннинг эри Қўчқорвой

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Ўзимнинг мақолчи хотиним!»