Бир танишим ўғил уйлантириш ташвишига тушди. Бир куни кўриб, «келин топилдими?» десам, ҳасрат қилди: «Қуриб кетсин, танлаб-танлаб биттасини маъқул кўргандим. Э, шим кияр экан! Бўлмайди, дедим!» «Шим кийгани учун ҳам келин қилмаяпсизми?» сўрадим қизиқиб. «Шим киядиган заифа оиласидаги эркаклар билан тенг бўлишга интилади, аёлларга хос кўпгина фазилатларни четлаб ўтган бўлади», деди у. Танишимнинг бу фалсафаси мени анча ўйлантирди ва ушбу мавзуни қаламга олишимга туртки бўлди.
Фақат ўзингиз учун чиройли бўлманг!
Шим сизга қулайлик воситасими ёки модадан ортда қолмаганингизни таъкидлаб турувчи далилми? Модага қизиқсангиз, эътибор бергандирсиз — кейинги пайтларда жаҳонга таниқли дизайнер-модельерлар аёллар гардеробидан шимни олиб ташлашди. Бунинг ўрнига нафис кўйлаклар, юбка-кофталарни тақдим этишмоқда.
Шим бир қарашда қулай — ҳаракатланиш осон. Аммо аксарият қиз-аёлларимиз сонларининг сиқилиб оғриши, ўтирганларида қовуқнинг қийилиб оғришини тан олишган. Бу ҳолатни кейинги йилларда урфга кирган тор шимлар келтириб чиқараяпти. Ҳа, бу номигагина шим, аслида колготка! Фарқи — товони йўқ, холос. Бу либосни кийганда жигар, буйрак ҳамда бошқа аъзоларнинг эзилиб-сиқилиши, терининг нафас ололмаслиги, томирларнинг зўриқиши ва уларда қон айланишининг бузилиши кўп кузатиладиган ҳолат. Айниқса, турмуш қурмаган ёш қизларимиз ва она бўлишни истайдиган жувонларимиз учун бундай шимлар хатарнинг ўзгинаси! Ҳозир муштдай қизчаларимиз ҳам «модний» бўлиб юришни исташади. Уларнинг кўнглига қараган оналар келажакда арзандаларининг тос суяги, жинсий аъзолари ва бачадонида пайдо бўлган касалликларни даволатиш учун бунақа шимларнинг юз-минг нархи баробарида пул сарфлаб, етказа олмай юришади…
Шим кийманг, демаймиз. Касби тақозо этадиганлар ёки оёғида нуқсони борлар, совуққа тоби йўқлар учун бу либос қулай. Оёғингизга ёпишмай, кенггина бўлиб турган шимни бўксани ёпиб турадиган кўйлак-кофталар билан кийсангиз жуда ярашади. Кўп аёл-қизларимиз совуқ мавсумда шимга ўтиб олишади. Ахир, сотувда қалин кўйлаклар, юбка-кофталар кўп, қўнжи тиззадан ҳам баланд этиклардан дидингизга мосини харид қилсангиз бўлади. Ёпишиб турадиган шим, умуман, барча либослардан қишда совуқ ўтади, ёзда терини ҳаво билан таъминламайди.
Шу гаплардан кейин шимдан «ихлосингиз» қайтиб, кўйлакларга эътибор қаратсангиз яхши. Аммо кўйлакнинг кўйлакдан фарқи бор. Бу борада насиҳатларни давом эттириб, энсангизни баттар қотириб ўтирмаймиз-у, машҳур француз дизайнер-модельери Коко Шанелнинг бир гапини келтириб ўтамиз: «Кўйлак ёки юбка этаги тиззани ёпиб туриши керак. Чунки аёлнинг гавдасидаги энг хунук жой тиззадир!»
«Шимми бу, гамашми бу?..»
Таниқли рассомлар ўз асарларида эркакларни кенг елка, тўғри бел ва ингичка оёқли қилиб ва шуларни бўрттириб кўрсатувчи либосларда тасвирлашган. Ҳозир шу тасвирларга жон битиб, замонамизга кириб келгандай…
«Авваллари ихчам, этаги бўксани ёпиб турадиган футболкалар бўларди, шу ёзда турмуш ўртоғимга шунақа футболка олиш учун бозорни роса айландим. Ҳамма жойда тор, қўлинг қимирласа, киндигинг очилиб кетадиган футболкалар сотувда. Ўзим истаган футболкани топа олмай қайтиб кетдим, бунақаларини турмуш ўртоғим, барибир, киймайди», дейди бир дугонам куйиниб.
Енгсиз, этаги калта, алламбало суратлар солинган футболкалар, қизил-пушти, атлас кўйлаклар… Лекин ҳозир мавзумиз шим ҳақида, айни дамда эркаклар шими ҳақида.
«Йигитларимиз эгнида…»
Шу ўринда яна бир воқеани келтирсам. Талабалик пайтимда дугонам билан шим олиш учун бозорга тушдик. Жинси бозори бор экан, айланиб юрибмиз. Бир пайт мен истаган рангдаги шимни кўриб, югуриб бордим. Сотувчи илжайиб қараб турибди. «Нега тиржаяди?» деб ҳайронмиз. Билсак, бу ерда эркаклар шими сотилар экан, мен харидор бўлган шим ҳам… «Ўлсин, худди хотинларникига ўхшаркан», деди дугонам кулиб.
Яна ўша тор шим, шакл-шамойили яққол билиниб турган бўксаю сонлар… Фақат бу сафар йигитларимиз эгнида! Шим жониворнинг сон ва болдир қисмлари оқартирилганки, эгаси юрганда таманно қилаётганга ўхшайди.
Рисоладаги костюм-шим ҳар қандай ёшдаги эркакларимизга қандай ярашади! Жентльмен! Жуда жинсига ишқибоз бўлсангиз, кенгроғи ҳам топилади. Сотувчилар товарни харидорнинг талабига қараб олиб келишади. Қандайдир бир тўда ўарб тақлидчиларининг кўнглига қараб, сиз ҳам тангу тор кийинаяпсизми? Сизга ўхшаганлар кўпайса, улар ҳам рисоладагидек кийинадиган бўлиб қолишармиди… Айтмоқчимизки, кўрганларингизни ёппа кўчириб олмай, фақат яхши жиҳатларини ўзлаштиринг.
Умумий мулоҳаза
Инсондаги мавжуд кичкина «деталь» ҳам унинг бутун борлиғи, руҳиятига таъсир кўрсатиши аниқ. Масалан, туфлингиз оёғингизни сиқаётган бўлса, минг кўркам кийинганингиз билан кайфиятингиз аъло бўлмайди, тўғрими? Шунингдек, жамоат орасига кирганингизда уларнинг сўзсиз шунчаки қарашлари ҳам сизда муайян хулоса уйғотади: «Сочимга ажабланиб қарашди, турмагим ярашмабди-да… Кўйлагим ростдан чиройли, ҳамманинг ҳаваси келади!»
Шундай экан, «ўзимга ёқса бўлди, ўзгалар билан ишим йўқ», деб юрманг. Сизга фақат ва фақат ҳавас, майли, озгина ҳасад билан қарашларига интилинг. Бунинг учун оддийлик, сиполик, эркинлик, қулайлик ва нафосатни ўзлаштириб олсангиз, кифоя. Билиб қўйинг, сиз интиладиган мода оламининг шиори: «Энг яхши мода — қулайлик ва ярашиқлилик»дир!
Кўйлак, туфли, илиқ пардоз, ихчам сумка ва бежирим турмакланган сочларга эга аёл дарҳол эркаклар ҳурматини қозонади. Улар аёлни қўпол, боз устига улардан «ўзлаштирилган» кийимларда, совуқ рангларда, тўзғиган сочларда кўришдан чарчашган. Улар учун аёл чиройли, мағрур ва нафис капалак. Улар аёлдаги сирлиликни, яширин жозибани, майинликни қўмсашмоқда.
Ирода Умарова
Манба: mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади