17:57 / 04.11.2018
3 802

Сунъий онг ёрдамида диний зўравонлик сабаби ўрганилди

Сунъий онг ёрдамида диний зўравонлик сабаби ўрганилди
Ҳалқаро олимлар гуруҳи 31 октябрда “Artificial Societies and Social Simulation” (Сунъий жамиятлар ва ижтимоий симуляция) журналида “A Generative Model of the Mutual Escalation of Anxiety Between Religious Groups” (Диний гуруҳлар орасидаги безовталикнинг эскалациясини моделлаштириш) мавзусидаги тадқиқот натижаларини эълон қилган. Оксфорд университети бу тадқиқот ҳақида тафсилот ёзган. Қуйида шу тафсилот ўзбекчага таржима қилиниб, эътиборингизга ҳавола этилди.

Тадқиқотнинг қисқача аннотацияси

Янги тадқиқот сунъий онгга (СО) эга системаларнинг психологик жиҳатини ўрганаётган илмий изланишлардан биридир. Компьютер моделлаштириш ва когнитив психологияни қўшган ҳолда СО тизими яратилган. Тизимни одам диндорлигини ўхшата оладиган робот, дейилса, тушунарли бўлади. Яъни олимлар диндор робот яратиб, диний зўравонликка олиб келувчи шартлар ва турткиларни ўрганмоқчи бўлишган. Натижаларнинг кўрсатишича, одамлар ишонган эътиқод ёки одамларнинг ўзи эътиқодига қанчалик тўғри амал қилаётгани савол остига олинса, безовталик ва агитация пайдо бўлади.

Тадқиқотдан мақсад нима бўлган?

Одамлар табиий равишда зўравонми (violent) ёки бу одат ташқи (динга ўхшаган) омиллар таъсирида ривожланадими? Мисол учун, диний эътиқод бир нечта гуруҳлар орасида ксенофобик таранглик ва ташвишли вазият яратиб зўравонликка етаклайдими ёки йўқми? Тадқиқотнинг мақсади шу саволларга жавоб топиш эди.

Тадқиқот кимлар томонидан қилинган?

Илмий изланиш Англиянинг Охфорд, АҚШдан Бостон ва Туфтс ҳамда Норвегиядан Адгер университети олимлари томонидан олиб борилган. Мақолада зўравонликни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни ўрганиш ният қилинган.

“Диндор робот” қандай яратилди?

Одамнинг психологиясини ўхшатиш учун кўп-агентли (бир нечта йўналишда ўйлай оладиган тизим) СО яратилган. Олимлар роботнинг қандай ўйлаши ва ўзини қандай қилиб бирон гуруҳ вакили деб тасаввур қилишига қизиқишган. Шахсий эътиқод қандай қилиб бирор гуруҳ эътиқодига мувофиқлашади?

Психологияга эга СО агентини яратиш учун тадқиқотчилар когнитив психология назарияларидан фойдаланишди. Инсоннинг қандай фикр юритиши ва маълумотни таҳлил қилиши дастурлаштирилди. Шу орқали когнитив психологияга эга робот яратилди.

Ҳар хил эътиқодга мансуб одамлар бир-бири билан қандай муносабатда бўлишини ўрганиш учун минглаб СО агентлари яратилган ва “сунъий жамият” шароитини ҳосил қилинган. “Одамлар” (СО агентлари) бир-биридан ёши ва этник жиҳатдан фарқ қилган.

Сунъий жамиятда индивидуаллар эркин ҳаракатланиши мумкин ва баъзи эҳтимолий хавфлар ҳам бўлган. Мисол учун, табиий фалокатлар ёки “одамлар”нинг ўзаро зиддиятга бориши мумкин бўлган.

Натижалар

Натижаларнинг кўрсатишича, кўп ҳолларда бирор катта гуруҳга аъзо бўлмаган индивидуал ўша гуруҳ эътиқоди ёки қадриятларини тан олмаслиги ксенофобик тарангликка олиб келган. Бошқа омиллар билан солиштирилганда, бу эҳтимоли энг катта бўлган ижтимоий хавфдир. Яъни одамлар ишонган эътиқод ёки уларнинг ўзи эътиқодига қанчалик тўғри амал қилаётгани савол остига олинса, безовталик ва агитация пайдо бўлади. Аммо ташқи ёки гуруҳ аъзоси томонидан эътиқодни савол остига олиш орқали пайдо қилинган безовталик ва таранглик бешта вазиятдан фақат биттасида тартибсизликлар келтириб чиқарган.

Хулосалар

Баъзи динлар жуда кучли садоқатни талаб қилиш тенденциясига эга. Бу эса бошқа гуруҳ ёки эътиқод вакилларига нисбатан зўравонликни пайдо қилиши мумкин.

“Пировардида дин ва маданиятни ўрганиш учун СОдан фойдаланишда, одам психологияси аниқ моделлаштирилиши керак. Чунки психологик омиллар дин ва маданиятнинг негизи ҳисобланади. Шунинг учун диний зиддиятларнинг сабаби одамлар кўраётган маълумотни қандай талқин қилишидадир”, – дейди тадқиқот муаллифларидан бири Жастин Лейн (Justin Lane).

Диний зўравонликларнинг сабабини ўрганиш ҳар хил зиддиятларнинг олдини олишда ёрдам бериши мумкин. Тадқиқот натижалари барқарор жамиятлар қуришда ва ҳар хил гуруҳ аъзоларини яхшироқ интеграция қилишда қўлланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сунъий онг ёрдамида диний зўравонлик сабаби ўрганилди