09:20 / 23.11.2018
4 324

Лондондан мактуб: "Улуғвор мусиқа..."

Лондондан мактуб: "Улуғвор мусиқа..."
Ўзбекистонда туғилиб ўсган бўлсам-да, хорижда яшаш кўпчилик ватандошларимиз сингари менинг ҳам тақдиримга битилган экан.

Аммо мен бугун тили, дини, урф-одатлари тамомила бошқача бўлган ўлкада қи­йинчиликларни енгиб ўтиш ва у ердаги тараққиётдан завқланиб яшаш ҳақида гапирмоқчи эмасман. Буни аксарият юртдошларимиз ўз бошларидан кечирган. Лекин ҳар бир киши учун, у қайси давлатда бўлмасин, қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган бир қадрият бор, у ҳам бўлса – инсонийлик. Кишиларни дини, миллати, ирқига қарамасдан ҳурмат қилиш, ишончга ишонч билан жавоб бериш.

Бу ерда тез-тез турли тадбирларда оиламиз билан иштирок этиб турамиз, ҳар хил миллат вакиллари бу кичик ўлкада шунчалик чиройли шаклда мужассамлашганки, киши­лар бир-бирини бутун умр бўйи учратмаган бўлса-да, тадбирда соатлаб суҳбатлашишади, бир-биридан ўрганишади ва ўргатишади.

Яқинда Шотландияда бўлиб ўтган тадбир ҳеч бирига ўхшамаган, юрагимга яқин ҳолда кечди.

Лоссимут – Шотландиянинг шарқий қирғоғида жойлашган кичкина шаҳарча. У ерда турмуш ўртоғим хизмат қилган. Ҳарбий Ҳаво кучлари дивизия офицерлари ва хизмат муддатини ўтаганлар оилалари билан учрашув ташкиллаштирилди. Офицерлар қароргоҳига таклиф этилдик ва меҳмонлар учун дастурхон ёзилди.

Анъанага кўра, таомдан сўнг Британия гимни ижро этилиб, қиролича Елизаветта II шарафига қадаҳ кўтарилди. Сўнгра собиқ ҳарбий хизматчиларнинг хорижлик турмуш ўртоқлари ҳурмати сифатида мен, яъни ўзбекистонлик ва нидерландиялик меҳмонлар учун Нидерланд ва Ўзбекистон мадҳиялари жонли оркестрда куйланди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти учун" дея бутун зал қадаҳ кўтарди. Юртимиздан узоқда ўз мадҳиямизнинг кутилмаган ҳолда янграши кишининг юракларини ўйнатиб юборар экан! Гимндан сўнг норасмий суҳбатлар авж олди. Меҳмонлар билан Ўзбекистон ва халқимиз анъаналари ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Лоссимутдаги офицерлардан бирининг турмуш ўртоғи Жанубий африкалик экан. "Менинг аёлим учун Жанубий Африка гимни шу пайтгача куйланмаганди" деганда фахрланиб кетдим.

Тадбирга масъул бўлган кишилардан бири Ўзбекистон ҳақида яхши билишини таъкидлади. Ва биринчи бор ўзбекистонлик фуқаронинг иштироки уларнинг эътиборини торт­ганлиги ва мусиқий гуруҳга интернет орқали матн ва мусиқа ноталарини ўрганиш учун икки кун вақт кетганини айтиб ўтди. Суҳбат давомида "Мусиқангиз жуда улуғвор янграр экан", дея алоҳида таъкидлаб ўтди.
Зоҳида МИЛНЕ-БОЙМАТОВА.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Лондондан мактуб: "Улуғвор мусиқа..."