14:05 / 04.12.2018
9 433

Пайғамбарнинг жаннатдаги қўшниси

Пайғамбарнинг жаннатдаги қўшниси
Дунёда неча-неча подшоҳлар, пайғамбарлар, авлиёлар, уламолар, олимлар борки, буларнинг барчасини тўққиз ой қийинчилик, машаққат ила бу дунёга келишига сабабчи бўлган зот – бу мўътабар, муштипар она.

Ривоятларда келишича, Мусо алайҳиссалом ўзига жаннатда ким қўшни бўлишини билиш истагида Аллоҳ таолога илтижо қилдилар. Бир куни шундай нидо келди: «Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг ва дўстинг бўлади…». Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қассоб қайси ибодати учун бунга муносиб кўрилганини билиш ниятида йўлга чиқдилар. Бориб қассобни ахтариб топдилар. Қассоб ҳазрати Мусонинг ҳақ пайғамбар эканини билган ва бунга имон келтирган, лекин пайғамбарнинг ўзини кўрмаган эди, шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Таом тайёрлаб, дастурхон тузади. Овқатланишга киришишдан олдин у деворга осиғлиқ бир саватни ерга туширди ва ундан қимирлашга мадори қолмаган бир қари кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна саватга солиб, деворга илиб қўйди. Шунда кампир нималардир деб пичирлади. Унинг нима деяётганини тушунмаган Мусо алайҳиссалом қассобдан сўради: «Бу кампир кимингиз бўлади?»

Қассоб: «Бу аёл менинг онам. Ўтириб-туришга, еб-ичишга мадорлари етмайди. Шунинг учун ўзим овқатлантираман, сув ичираман, тозаликларига қарайман. Кўлимдан келганича хурсанд қилишга уринаман», деди.

Мусо алайҳиссалом: «Ҳозиргина нимадир деб пичирлаганди, шунда нима деди?» деб сўрадилар.

Қассоб: «Парвардигорим, мен ўғлимдан розиман, Сен ҳам ундан рози бўл! Жаннатда уни ҳазрати Мусога қўшни қил, деб дуо қилди», деди.

Шунда Мусо алайҳиссалом ўзини танитиш вақти келганини тушунди ва: «Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусоман. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини сўраб илтижо қилган эдим. Жаноби Ҳақ сен эканингни маълум қилди. Сенга хушхабар бўлсин, онангга қилган хизматларинг эвазига Аллоҳ сендан рози бўлди. Онанг дуосини қабул айлади ва сени жаннатда менга қўшни қилди», дедилар.
Салимжон қори ҚОДИРОВ

Манба: ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пайғамбарнинг жаннатдаги қўшниси