15:17 / 04.12.2018
5 843

Оламлар сарварининг дояси

Оламлар сарварининг дояси
Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, итоат қилиб, муҳаббат қўяр эканмиз, У зотдан ўрнак олиш учун ҳаётларини, сийратларини ва сифатларини, суннатлари ва хулқларини, ҳилқатларини ва таржимаи ҳолларини билишимиз лозим.

Айниқса, бу Робиъул-аввал ойида Пайғамбаримизнинг ҳаётларини сийратларини ўрганиш билан бирга, У зотнинг ёнларида турган, бирга бўлган кишилар ҳақида яқиндан маълумотларни билгимиз келади.

Ёш келинчак Омина Абдуллоҳнинг вафотидан кейин фақатгина боласи билан овунишни ўйларди. Бу бола унинг биринчи фарзанди эди. Атрофидаги аёллардан ҳомилалик белгилари ҳақида кўп нарсалар эшитар, аммо у ҳолатлардан бирортаси ҳам ўзида бўлмаганидан лол қоларди. Унинг бу аҳволини кўрган баъзи аёллар бир-бирларига ҳайрон бўлиб:

– Қўшни, бу Омина тобора гўзаллашиб кетяпти, ҳомиладорман деб бизни алдаётган бўлмасин тағин, – дейишарди.

Ниҳоят, робиъул-аввал ойининг ўн биридан ўн иккисига ўтар кечаси тўлғоқ тута бошлади. Дарров қўшни аёллардан иккитасини чақиришди. Улар Шифо ва Фотима деган қўшнилар ҳамда Умму Айман деган жорияси Оминанинг ёнларида туришди.

Омина онамизга Шифо розияллоҳу анҳо доялик қилганлар.

Неча йиллардан бери бола туғдиравериб кўзи пишиб кетган бу аёллар уйдаги ажиб ҳолатларни кўриб ҳайрон қолдилар. Уйда чироқ йўқ эди. Аммо унга эҳтиёж ҳам қолмади. Чунки уй кундуз каби ёруғ, фақат бу ёруғлик қуёшдан бўладиган ёруғликка ўхшамас эди.

Шу онда Омина атрофида умрида сира учратмаган гўзал мавжудотларнинг байрам қилаётганларини кўрди. Омина ётган бу хона кичик, гўзал мавжудотлар эса, бундай хоналарнинг йигирматасига ҳам сиғмайдиган даражада кўп эди. Улар учун худди девор йўқдек, бемалол кириб келаверар, хонанинг деворлари бу гўзал махлуқлар учун мутлақо тўсқинлик қилмасди.

Бу севинч, бу байрамнинг шарофати нима эди? Бу гўзал хилқатлар кимлар ўзи? Бу мавжудотларни бошқа хотинлар ҳам кўряптими?! Омина бу саволларни жавобини билмасди. У ҳатто туш кўраяпман деб шубҳаланаётган эди. Хурсандчилик қилаётганлар – Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари – энди оламларга раҳмат ёғилиши ҳақида сўзлашарди… .

Демак, оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авф розияллоҳу анҳони Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади.

Онасининг исми Салмо, эрининг исми Авф, ўғиллари Абдураҳмон розияллоҳу анҳу ва Асвад розияллоҳу анҳу, қизи Отика розияллоҳу анҳолардир (Муҳаммад ибн Саъд, “ат-Табақотул-кубро” (8/248)).

Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, байъатда қатнашди, бошқа мусулмонлар қаторида ҳижрат қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу жаннатий эканига башорат олди.
Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби

Манба: fargonaziyo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оламлар сарварининг дояси