22:48 / 25.12.2018
4 545

Ғор ва олтинлар...

Ғор ва олтинлар...
Бир подшоҳ ярим кеча ўз қўшини билан бир ғордан ўтиб борар экан, “Оёғингиз остида учраган нарсалардан олиб кетинг” дея амр қилди. Қўшиндагилардан бир гуруҳи: “Кўп юрдик, жуда чарчаганмиз, энди кечаси билан оёғимиздаги нарсаларни ҳам йиғамизми?” – деб ҳеч нима олмадилар.

Иккинчи бир гуруҳ: “Подшоҳимиз айтган экан, бир оз тўплай қолайлик, буйруққа қарши чиқмайлик. Зеро, подшоҳга бўйсуниш керак”, – деб озгина нарса олдилар. Учинчи гуруҳ эса: “Подшоҳимиз бежизга бундай демади, бунда қандайдир ҳикмат бўлиши керак”, – дея тўрваларини тўлгунча қўлга илинган нарсалар билан тўлдирдилар.

Кун ёришганда қарасаларки, олтин конининг ёнидан ўтган эканлар. Оёқларига теккан нарсалар эса олтин бўлган экан. Буни билганларида эса, ҳеч нарса олмаган биринчи гуруҳ: “Эҳ, нега олмадик-а!? Нега подшоҳимизнинг гапига кирмадик, қанийди олганимизда... Битта бўлса ҳам олганимизда эди”, – деб пушаймон бўлдилар.

Озгина олган иккинчи гуруҳдагилар: “Эҳ, яна озгина олсак эди. Чўнтакларимизни, халталаримизни тўлдирсак бўлар экан...” – деб қолишди. Кўп олган учинчи гуруҳ эса: “Кошки кераксиз нарсаларимизни ташлаб юбориб, кўпроқ олганимизда эди. Ҳамма нарсаларимизни тўлдирганимизда эди. Бундан ҳам кўпроқ олиб қолганимизда эди...” – дея кўп олганларига қарамай янада кўпроқ олмаганига афсусланишибди.

Қиссадан ҳисса

Ривоятда келтирилган Подшоҳ – Аллоҳдир! Қўшин – бандалар, ғор – бу дунё, қоронғулик – ҳаётимиз, олтинлар – солиҳ амаллар ва савобли ишлардир! Кун ёришиши – Қиёмат кунидир.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга намоз ўқинг, солиҳ амал қилинг деб буюряпти. Бандаларни бир қисми худди биринчи гуруҳга ўхшаб, намоз нима керак, савоб нима керак деб ўзбошимчалик қилиб гуноҳ қилишда давом этмоқда. Бошқа бир гуруҳ бандалар ихлоси, Охиратга, Жаннат ва Дўзаҳга ишонмасада Аллоҳни айтгани ёки одамлар кўзи учун кам-кам бўлсада нимадир савоб ишларни қилиб қўйишяпти. Учинчи гуруҳ бандалар эса Аллоҳни буйруғига тўлиқ амал қилиб савоб ва солиҳ амаллар устида. Бир кун ғордан чиқамиз, яъни Қиёмат қойим бўлиб бу дунёда Аллоҳ буюрган амаллар қанчалар қийматга эгалигини тушунамиз. Лекин унда афсус қилганимиз билан кеч бўлади. Аллоҳ буюрдими, демак ҳикмати ва фойдаси бор.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ғор ва олтинлар...