1. Дангасалик. Агар Ўзингиз ва бошқаларнинг ҳаётини кузатсангиз, бир нарсага амин бўласизки, илм олишда бўлсин, тижорат қилишда бўлсин - дунё ва охиратнинг ҳар қандай ишларида киши аксар ҳолларда икки сабабдан муваффақиятсизликка - бахтсизликка учрайди:
Дангасалик: Приоритетларни тўғри белгилай олмаслик.
Агар мана шу икки муаммони ҳал қила олсангиз, йўлингизда бундан бошқа муаммолар ҳам учраши табиий. Бироқ инсониятнинг аксарини мағлуб қилган энг асосий тўсиқлардан ўтиб олган ва ғалабага анча яқин келган бўласиз.
Келинг, шу икки муаммони ўрганиб, унга муолажа қидириб кўрамиз.
Дангасалик шундай балоки, у сизга нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам кўплаб ёмонликлар олиб келиши мумкин.
Ҳаётингиз давомида учратган кишиларингизнинг деярли аксари араб, инглиз, япон, немис каби хорижий тилларни ўрганишга урин(аёт)ган ёки масалан, Қуръон ёдламоқчи ҳаракат қилиб юрган бўлади-да, бироқ кўпинча мақсадларига эриша олмайди. Муваффақиятсизликлари сабаби ўрганиш-ёдлашга қодир эмасликларидами? Асло! Зеро, кимдир 10 марта, кимдир 100 марта, кимдир 300 марта, кимдир 1000 марта такрорлаб, охири барибир ёдлайди. Демак, агар такрорлайверса ва тўхтаб қолмаса, ҳар қандай одам ҳам тил ўрганиши ёки Қуръон ва бошқа илмларни ёдлаб юбориши мумкин. Аммо дангасалик кишини тўхташга мажбур қилади. Шунга кўра, мен инглиз ёки араб тилини ўрганмоқчи эдим, ўрганолмадим, дейишингиз "мен дангасаликка таслим бўлдим" дейишингиздир.
Намоз ўқимайдиган одамлар билан гаплашсангиз, биласизки, уларнинг аксари намоз ўқиш бенамозликдан яхшироқ эканини эътироф этадилар. Ўзларини намоз ўқиб юрган кунлари ўқимай юрган кунларидан кўра яхшироқ, кўтаринкироқ, маънан юқорироқ ҳис этганларини тан оладилар. Намоз ўқиш вожиб эканини биладилар.
Демак, аксар ҳолларда уларнинг бенамозликлари сабаби намозни ижобий нарса деб қарамасликлари, инкор қилишлари ёки Аллоҳга имон келтирмасликлари эмас, балки дангаса эканликларидир. Улар таҳорат қилиш, масжидга бориш ёки панароқ жой топиб, намозларини ўқиб олишга эринганларидангина ўзлари эзгулик эканини англаган ишларидан маҳрум бўлиб юрадилар. Баъзида бошқа ишларни намоздан муҳимроқ кўришлари ҳам улар учун тўсиқ бўлаётган бўлиши мумкин ва бу ҳолда муаммонинг сабаби иккинчи нуқта – приоритетларни хато белгилашлари бўлади. У ҳақда бошқа пайт ёзарман.
Ҳар қандай касалликни енгишнинг уч босқичи бор:
1. Уни таниб, яхши билиб олиш.
2. Сизда ўша касаллик борлигини тан олиш ва ундан қутулишни хоҳлаш.
3. Унга қарши кураш – муолажа.
Хўш, дангасалик нима?
Кўпчилик дангасаликни “ҳеч нарса қилмаслик“ деб таърифлайди. Бу - хато.
Дангасалик ҳеч нарса қилмаслик эмас. Дангасалик - кераксиз ёки фойдали бўлса-да, иккинчи даражали бўлган ишлар билан машғул бўлишдир.
Масалан, филолог учун шеър ёки бадиий китоб ўқиш, тарихчи учун тарихий асарларни ўқиш дангасалик бўлмаса, доктор (табиб) учун ўз соҳасига оид китоблардан ўқишга эҳтиёжи бўлган бир вақтда бадиий-тарихий асарларни ўқиш дангасалик бўлиши мумкин.
Шунга кўра, дангасалик - муҳимроқ ишлар турганда иккиламчи ёки умуман кераксиз нарсаларга вақт сарфлашдир.
Юқоридаги қоидадан хулоса қилсак бўладики, ҳар бир шахс учун дангасалик ҳар хил кўриниш ва шаклларда бўлади. Демак, аввало ўзимизнинг дангасалигимиз қандай кўринишларда эканини аниқлаб олишимиз керак.
Масалан:
1. Ухлаш (6-7 соатдан кўп бўлса).
2. Узоқ овқатланиш.
3. Бефойда суҳбатлашиш.
4. Турли ўйинлар(айниқса, компютер ва PlayStation ўйинлари).
5. Ижтимоий тармоқларда беҳуда вақт сарфлаш.
6. Хаёл суриш.
7. Бадиий филмлар ва китоблар, хусусан сеиралларга ортиқча вақт сарфлаш.
8. Фойдали бироқ иккиламчи ишларга чалғиш.
Агар ўзингиздаги дангасалик кўринишларини аниқлаб ололсангиз, икки ютуққа эришибсиз:
1. Сизда ушбу касаллик борлигини тан олдингиз.
2. Унинг сиздаги кўринишларини аниқлаб олдингиз.
Шундан сўнг муолажага ўтсангиз бўлади. Дангасаликнинг ўзимдаги кўринишлари устидан қозонган баъзи ғалабаларимга сабаб бўлган бир услубни сизлар билан баҳам кўрсам.
1. Дуо. Тонгги ва тунги зикрларда:
“Аллоҳ, дангасаликдан паноҳ сўрайман“ деб дуо қилинг.
2. Дангасаликнинг ўзингиздаги кўринишларини рўйхат қилиб олинг. Кейин ўшаларни қилмайдиган бўлинг. Ҳар сафар ўзингизни дангасалик бўлган ишлардан бирортасини қилаётганингиз ҳолда топганингизда, ўша ишдан тўхтаб, хонанинг ўртасига бориб тик туриб олинг. 30-40 сония ўтмай “бундай туравермайман-ку“ дейсиз-да бирор фойдали иш топиб қиладиган бўласиз.
Хулоса: дангасалик ҳаракатсизлик эмас, бефойда ҳаракатдир. Агар ўша ҳаракатдан тўхтасангиз, фойдалиси учун бўшлиқ пайдо бўлади. Кейин бўшлиқни приоритетларни тўғри белгилаш орқали тўлдирасиз.
Билингки, бирламчи ишлар туриб, иккиламчиларига чалғиш ҳеч нарса қилмасликдан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин. Зеро, ҳеч нарса қилмаётган одам фойдали иш қилиш учун бўшлиққа эга бўлади. Иккиламчи ва фойдаси жуда оз бўлган ишларга чалғиган одам эса ўша иш билан алданиб, мен ҳар қалай шу ишни қиляпман, деб ўзини адаштириб юради.
Шунга бўлса керак, ривоят қилишларича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўлимларидан олдин қилган насиҳатларида “Фарзларни қўйиб, нафлларга алданманг“ деган эканлар. Сабаби, фарз намозларини ўқимай, кечаси нафл ўқийдиган ёки ота-онасига яхшилик қилмай, дўстларига зиёфат бериб юрган кишиларни иблис шу яхши ишлари билан алдаётган бўлади. Оқибатда эзгу ишлар улар учун ёмонликка, фарзлардан тўсувчи ҳалокатга айланиб қолади.
Худди шундай, ўзининг соҳасидаги илмий китобларни ўқимай, бадиий асарга шўнғиб юрган талаба “мен фойдасиз иш қилмаяпман“ деб ўз-ўзини алдайди.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Эй Одам боласи! Сен саноқли кунлардан бошқа нарса эмассан. Ҳар бир кунинг кетгани бир бўлагингдан айрилганингдир. Бир бўлагинг кетгани тамом бўлишингга оз қолганидир".
Аллоҳ бизларга икки дунёда яхшилик билан эсга олинадиган буюк ишларга, саргузаштларга бой гўзал ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин! Оқибатимизни хайрли қилсин! Тирик мурда бўлиб бефарқликда яшаб юришдан паноҳ берсин!
Маҳмуд УCМОН
Мадина Ислом университети талабаси
Мадина Ислом университети талабаси
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди