00:47 / 26.01.2019
5 462

Судхўрнинг тавбаси

Судхўрнинг тавбаси
Ҳасан Басрий (қуддуса сирруҳу) ҳазратларининг талабаларидан бири Ҳабиби Ажами ҳазратлари аввал жуда бадавлат киши бўлган. Судхўрлик билан шуғулланиб, фоизга пул берарди. Бир куни айни овқат маҳали эшигига бир тиланчи келди ва Аллоҳ йўлига садақа истади.

Ҳабиб тиланчининг юзига эшикни ёпиб, фақирни қайғуга қўйиб бўш қайтарди. Дастурхонга қайтиб ўтирганида, идишдаги овқат қонга айланган эди. Бу ҳодисадан даҳшатга тушиб, қаттиқ қўрқув босди Ҳабибни. Ўрнида туролмади. Бир жума куни Ҳасан Басрий ҳазратларининг уйига йўл олди.

Юриб бораётганида ўша атрофда ўйин ўйнаётган болалар, Ҳабиби Ажамини кўриб, бир-бирларига:
– Қочинглар, Ҳабиб судхўр келяпти! Оёғининг гарди бизга қўнса биз ҳам унингдай бадбахт бўламиз, – деб қочдилар.
Болаларнинг маломатлари Ҳабибни қайғуга қўйди.

Ҳасан Басрийнинг суҳбатларига бориб, қўлларини тавоф қилди. У зотнинг ҳузурида тавба қилди. Ҳасан Басрий (қуддуса сирруҳу) уни шогирдликка қабул қилдилар.
Уйига қайтаётганида ундан қарз олган қарздорлар, қарзи ва фоизини сўрашидан қўрқиб қоча бошладилар.

Ҳабиби Ажами уларга жавобан:
– Қочманглар, бугун аслида мен сизлардан қочишим керак эди, – деди. – Ва кимга қарз берган бўлса, ҳаммасидан кечганини айтди.

Болаларнинг ёнидан ўтиб кетаётганида, бу гал бир-бирларига:
– Қочинглар, тавба қилган Ҳабиб келяпти. Оёғимиз чанги устига қўнмасин. Қўнса биз Аллоҳга гуноҳкор бўламиз, – дея қочишди. Бу сўзларни эшитиб, Ҳабибнинг кўзларидан ёш оқди.

Чин юракдан, йиғлаб Аллоҳга ҳамд айтди:
– Эй Роббим! Сенга чексиз ҳамду санолар бўлсин! Бир тавба билан номимни ёмонлар орасидан ўчириб, яхшилар орасига қўшдинг!
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Судхўрнинг тавбаси