Мўмина хола тинимсиз қўнғироғи чалинаётган эшикни очиш учун зиналардан шошиб пастга тушди.
-- Боряпман, мана ҳозир! Овоз берди хола.-- Ким у?
-- Менман, онажон, Нафосат...
-- Нафосат, қизим?!
Мўмина хола икки йил аввал қизини узатган эди. Куёви яхши йигит. Неварали бўлди. Уни жуда яхши кўради. Ўригидан данаги ширин, деганлари шу-да.
-- Тинчликми қизим, кетма-кет қўнғироқни чалдинг? Нима бўлди? Қани кир, ичкарига! Бер, қучоғингдаги ширинтойни.
-- Жонимга тегди онажон! -- Қизи ичкарига кирар-кирмас ичидагини тўкиб сола бошлади. -- Ортиқ чидолмайман. Қайтмайман, у уйга энди қадам босмайман!
-- Тинчлан, ичкарига кир. Бу эшик олдида гаплашиладиган гапмас. Мен чой қўяйин, гаплашиб, она бола бир чой ичайлик.
-- Хўп онажон! Мен болани ухлатаман.
Мўмина хола чой қўяётиб ичидан қиринди ўтди. Нима бўлган экан-а? Куёв бирор нима дебдими?
-- Хўш гапир-чи, тинчликми, иншааллоҳ? Нима экан, сени бу ерга жаҳл билан келтирган?
Нафосат йиғидан шишган кўзларига яна ёш олиб, ўксиниб-ўксиниб йиғлай бошлади. “Бормайман, уйига қайтиб бормайман” дея такрорлаётган қизидан жаҳли чиққан Мўмина хола:
-- Нима бўлганини тушунтирсанг-чи!, деди.
--Тортишиб қолдик-да, нима бўлсин яна? “Зерикдим, сайёҳатга чиқайлик” дедим. “Ишим кўп, ҳозир таътил ололмаяпман. Ишхонадан изн бермайдилар”, деди. Меҳмонхонадаги гилам эскирди, юмшоқ мебелларга мос келмаяпти, алмаштирайлик, дедим. Ҳафта охири дўстларимиз келади, хижолатли дедим. “Уйимга мени эмас, ашёларимни кўргани келадиганлар дўстим эмас!”, деди. Онажон, бу одам мени жинни қилади!
Мўмина хола дастурхон тузаш учун ошхонага кетганида, ҳамон Нафосат эридан шикоят қилаётган эди. Она патнис кўтариб кирди.
-- Мени эшитмаяпсиз-а, онажон?
-- Нега эшитмайман,, деди Мўмина хола зўраки табассум билан.-- Эшитяпман, албатта! Бир пайтлар мен ҳам сендай ота уйимга йиғлаб борган эдим. Онамга дийдиё қилиб, эримникига қайтмаслигимни айтгандим.
-- Кейин-чи?
-- Кейинми? Раҳматли бувинг, менга гўзал танбеҳ берди. Қўлтиғимга қистириб келганим бўғчамни қўлимга тутқазиб: “Бу уйда сенга энди жой йўқ! Биласанки, чиққан қиз чиғириқдан нари! Қани, эрингни олдига бор-чи! Узр сўра, ёлворгин, сени кечирсину, уйига қабул қилсин!” деди ва мени уйдан ҳайдагандек қилиб эшик орқасига қўйди.
Ўшанда, онамдан қаттиқ ранжигандим. Ўз онамга ёқмадим, туғилиб ўсган уйимга мени қабул қилмадия, деб хафа бўлдим. Аммо кейинчалик англадимки, яхшиям онам шундай йўл тутган экан. Кейин сен туғилдинг. Даданг билан гўзал, саодатли умр кечиряпмиз. Мени ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтож қилмади. Аллоҳ уни менга кўп кўрмасин! Мен дадангдан икки дунёда розиман, Раббим ҳам ундан рози бўлсин! Ана шунақа, гаплар қизим...
-- Бу билан нима демоқчисиз? Яъни, сиз ҳам бувимга ўхшаб мени орқага қайтариб юборасизми?
-- Мени диққат билан эшит қизим! Тарих такрорланди ва яна такрорланади. Бир куни сен ҳам мендан эшитганларингни қизингга айтасан. Мулоҳаза қил, жон қизим, сенга динингни ўргатдик. Динини ўрганган, намозхон, гўзал ахлоқли инсонга узатдик. Ҳа, булар ота-онанинг вазифаси ва биз буни Аллоҳ розилиги учун сенинг саодатингни кўзлаб бажардик. Фахриддинни даданг ҳам, мен ҳам яхши кўрамиз. Қўли, кўнгли очиқ йигит. Сен ва фарзандингни жуда яхши кўради. Сизларни бундан ҳам яхши яшашингиз учун кечаю кундуз меҳнат қиляпти. Истаганинг бир зумда муҳайё бўлади. Бизга ўхшаб йўқсиллик, муҳтожлик кўрмайсиз, кўрмагин ҳам илоҳим! Кирингни мошина, идиш-товоғингни мошина ювади, гиламларингни чанг ютгич тозалайди. Нон ёпай, печка ёқай деб машаққат чекмайсан. Уйлар комфорт, ҳамма шароит муҳайё. Ҳатто уй хизматчиси ҳам ишлатасиз. Сен ва сенга ўхшаганларга ҳаловат оғир келяпти, қизим! Бу қилиғинг турган-битгани эркалик... Сен ишлаб пул топмаганинг учун билмайсан, нон арслоннинг оғзида эмас, нақ меъдасида! Нима қилсин, эринг ишидан айрилсинми? Бошқа иш топиш осон эканми? Эрингни гоҳ таътил, гоҳ гилам деб эзасан. Шундоқ ҳам ишдан ҳориб-чарчаб келган эркакка сокин муҳит яратиб бермайсан. Аллоҳ кўрсатмасин, касал бўлиб қолса, ё бошқа нарса бўлса, унда нима қиласан?
Ўзингга кел, қизим! Зинҳор кераксиз нарсаларни, дунё молини деб эрингни қийнама. Эскининг қадрини билмаган, янгига эришмас, дейдилар. Ортиқча истак ва харажатлардан қоч, ўзингни эрингнинг ўрнига қўйиб кўр. Кун бўйи одамлар билан мулоқотда бўлиш, уларга бир нимани тушунтириш осон эмас. Тил-забони чаққон аёл бўлма! Бундай хотинлар ҳеч кимга ёқмайди. Эрингнинг уст-бошига диққат қил! Эркак ташқарида аёлининг рафторини кўрсатади. Дазмолланмаган кўйлак ва шим эрингдан олдин сени ерпарчин қилади.
Зинҳор, овозингни эрингга кўтарма, унинг изнисиз бирор ишга қўл урма! Бизни кўргани келганингда ҳам рухсатисиз остона ҳатлама! Эрингни табассум билан, завқланиб кутиб ол!. Дугоналарингга эринг ҳақида гапирма, эрингга дугоналарингни эрини мақтама! Ҳеч кимга биров билан таққосланиш ёқмайди. Ўзингни, уст-бошингни гўзал кўрсат! Ҳатто ота-онангга ҳам эрингдан шикоят қилма! Турмушни бузиш осон, қуриш қийин. Оилангни асра, уйингнинг ҳаловати бўл, энди ота уйингда меҳмонсан! Сенинг уйинг, ўрнинг эрингнинг олдида! Эрингни ранжитсанг бизни ранжитган бўласан. Зинҳор буни унутма! Сендан рози бўлишимизни истасанг, уйингга қайтиб хўжайинингдан узр сўра, қизим. Онаси гапларини мулоҳаза қилиши учун қизини ёлғиз қолдириб, ошхонага ўтди. Нафосат онасининг ҳақлигини ўйларди. Аслида эри яхши инсон. Ёмон одатлари йўқ. Ҳеч қачон уни ранжитмаган, истаганини муҳайё қилишга ҳаракат қилади. Гиламлари ҳам унчалик эскирмаган, одамларнинг гап-сўзи ҳузурини бузишга арзийдими?Нафосат шу тарзда ўйлар экан, хижолат чека бошлади
-- Бола уйғонди, йиғлаяпти-ёв, бир қара қизим, деган овоз хаёлларини тўзғитди.
Нафосат боласини кийинтириб, ўзи ҳам ҳижобининг рўмолини ўраб чиқди.
-- Ҳа қизим, кетяпсанми?, сўради онаси.
-- Қайтаман онажон, деди Нафосат. -- Сиз ҳақлисиз. Тезроқ уйга бориб, куёвингиз ишдан қайтгунича яхши кўрган таомларини ҳозирлайин. Эрталабки дилхираликларимни кўнглидан чиқарай...
-- Яхши қизим! Сен энг тўғри қарорга келдинг. Мўмина хола худди шундай қилади, жон болам...
Нафосат онасининг қўлларини тавоф қилиб, икки кўча наридаги ўз уйи томон кетди. Мўмина хола қизининг ортидан термулиб, узоқ дуо қилиб қолди...
Умида АЗИЗ
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”