
Бемор бўлишнинг бир яхши томони бор — ўйлашга, мушоҳада қилишга вақтингиз бемалол бўлар экан. Маълумки, одамзод тана ва руҳ (жон)дан иборат бўлади.
Олимлар ўлим тўшагида ётган турли ёшдаги олти минг одамни текшириб кўриб шундай хулосага келган: беморнинг жони узилган пайти мурда 0,04 грамм енгиллашаркан. Демак, жоннинг оғирлиги 0,04 грамм келаркан. Шуниси қизиқки, янги туғилган чақалоқ ўладими, 90 ёшли чол ўладими, оғирлиги бир хил — 0,04 грамм. Демак, руҳ қаримайдиган, танага бўйсунмайдиган, алоҳида яралган субстансия экан. Ўйлаб кўрсам, бутун жамият ана шу субстансия учун ишлар экан. Оғир ва енгил саноат, транспорт, қурилиш, озиқ-овқат саноати, бичиш-тикиш, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, ресторанлар, поликлиникаю касалхоналар танамизга хизмат қилар экан. Буларнинг ҳеч бири руҳимизга керак эмас!
Қимматбаҳо хориж машиналарини минамиз, 80-90 кило келадиган гўштимизни у ёқдан-бу ёққа олиб бориш учун керак, руҳимизга кераги йўқ — у учиб юради. Совуқ еганимиз учун кийинамиз, руҳ эса совуқ ҳам емайди, исиб ҳам кетмайди. Танамиз учун қор-ёмғирдан тўсадиган бир бошпана керак, руҳ учун мутлақо кераги йўқ. Руҳга тилла тақинчоқлар ҳам керак эмас. Ҳатто армия ҳам танамизга хизмат қилади — у ер-бу еримизга ўқ тегишидан, танамиз портлаб кетишидан асрайди.
Хўш, руҳимизга нима хизмат қилади? Руҳнинг «озиқа»си нима? Қўша-қўша нақшинкор иморатлар, ялтир-юлтир кийим-кечак, дуру гавҳар керак бўлмаса, унда руҳ учун нима керак?
Руҳимиз у қадар инжиқ эмас. Унинг «нон»и — Аллоҳнинг каломию адабиёт ва санъат.
Шу пайт хаёл суришнинг белига тепиб, ҳамшира келиб қолди:
— Капилница олами-из!..
Игнадан илма-тешик бўлиб кетган билагимга яна игна тиқиб чиқиб кетди.
Булар тағин танамни даволашяпти…
Шароф БОШБЕКОВ
Манба: Оила даврасида «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар