Ҳар йили апрель келса, шу воқеа эсимга тушаверади.
Отам раҳматли қовун, тарвуз, узум, анор, олма каби меваларни қишга ғамлаб қўйиб, то май ойигача сақларди. Ҳар гал уйда палов пишса, изидан қовун сўйилиши одат тусига кирганди. Бундай мева-чева, полиз маҳсулотларини қишга сақлаш кишидан ўта маҳорат ва қунт талаб қилади. Ахир, қишнинг қаҳратони — совуқ кунлари бор. Отам уларни гўдакни авайлагандай сақларди.
Апрель ойининг охирлари эди ўшанда. Отам бир куни мени олдига чақириб:
— Аканг анчадан бери келгани йўқ. Невараларимни соғиндим. Сақлаётган қовун-тарвузларимиз ҳам оз қоляпти. Ҳар қайсидан биттадан ол-да, шаҳарга жўна, — деб биттадан тарвуз-қовунни тўрвахалтага солиб берди.
Шу пайтгача турганидан қовун ва тарвузнинг у-бу жойлари урилиб, заҳа еган. Отам билан қовун-тарвузлар орасидан сайлаб-сайлаб шугинани топган эдик. Шаҳарда яшайдиган акамларникига жўнар эканман, отам:
— Янганг гап қилмаса бўлди-ёв, — деб қолди.
«Гап топиб, ўлибдими, жон дер, қовунни апрелгача сақлашнинг ўзи бўладими? Бозорда тиллага ҳам топилмаса», дедим ичимда.
Йўлга тушдим.
Жиянларим ур-сур қилиб, қўлимдаги тўрвахалтага ёпишишди. Келинойим билан сўрашган бўлдим. Акам ишда экан. Кечқурун меҳмон шарафига уйда ош қилинди. Акам билан анча вақтгача гаплашиб, чақ-чақлашиб ўтирдик. Ош сузилди. Ошни еб бўлгач, келинойим акамни ошхонага чақирди. Акам мен олиб келган қовунни тиликлаб, лаганларга қўяётган экан, қўлимни ювгани даҳлизга чиқдим. Шунда келинойимнинг:
— Дадам ҳам хўп зиқна-да, келиб-келиб заҳа еган қовунларни бизга жўнатибди, — деган гапи қулоғимга чалинди. Ичимда бир нима чирт узилгандай бўлди.
Беихтиёр отамнинг гапи хаёлимга келди. Қовун пича заҳа еган бўлса-да, жуда ширин эди, жиянчалар қувона-қувона ейишди. Келинойимнинг гапи кўнглимни хира қилган эса-да, жиянларимнинг қувонганига мен ҳам хурсанд бўлдим. Беихтиёр отамнинг «арининг заҳрин чекмаган болнинг қадрини не билсин», деган ҳикматомуз гапини эсладим.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
Хоразм вилояти
Хоразм вилояти
Манба: Od-press.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”