15:41 / 28.03.2019
4 067

Мулоҳаза: "Ўзбекча ҳаёга шайтоний назар тушмасин...”

Мулоҳаза: "Ўзбекча ҳаёга шайтоний назар тушмасин...”
Мана шу ўринда ўзбек аёли, яъни она ўз сўзини айтиши лозим. Афсуски, ҳозирча айнан оналарнинг ҳайбаракалласи ва қўллаб-қувватлаши туфайли ўзбек қизларининг шармандали ечиниш (чунки кийиниш деб бўлмайди) жараёни шиддат билан кетмоқда. Ҳолбуки, эҳтиросли ўзбек йигитлари минглаб йиллар мобайнида қизлар танасининг бирор мучасини кўриб қолмоқ орзусида куйиб яшашган. Улар гўзал кийимлар ичига яширинган қизлар вужудидаги сирли назокатга маҳлиё бўлиб, унга интилишарди.

Энди йигитлар интиладиган марралар қизларнинг ўзлари томонидан бекордан бекорга таклиф этилмоқда. Айрим ўта замонавий кишилар, «Гап кийимдами, кўнгил тўғри бўлса бўлди-да?», тарзида савол қўйишади. Ҳолбуки, кийимнинг ўзи кўнгилнинг ифодаси. Кўздан яширилиши лозим бўлган мучани очишга, уни эътиборни тортадиганроқ ҳолатга солишда айнан кўнгил иштирок қилган. Кўнгилни айрим паст кўчаларга кириш истагидан ўз вақтида қайтариш ҳам баъзан миллат маънавияти учун зарурдир.

Андишасизлик, ўз вужудини кўз-кўз қилишга интилиш туйғуси ҳамма замонларда ҳам бўлган. Лекин улар ҳеч қачон ҳозиргидай умуммиллий кўлам касб этмаган. Андиша ва ахлоқ ҳозиргидай оёқости қилинмаган. Агар фақат кўнгил ҳисобга олинадиган бўлса, яланғоч юравериш ҳам мумкин-ку! Ўзбек учун либос табиий-эстетик заруриятгина эмас, балки ахлоқий-маънавий парда ҳамдир. Ҳар тонг эшик олдини супураётган келинларнинг кўпчилигига бир эътибор қилинг: уларнинг бир қўллари супургида бўлса, бир қўллари ҳамиша ёқасида.

Келинлардаги ўзбекча ҳаё шайтоний назар тушмаслиги учун биров бор-йўғидан қатъий назар савқи табиий билан кўкракларини бекитишга ундайди. Бу ҳол уларнинг жозибасини оширади. Миллат шаънини ўткинчи модалардан устун қўйиб, ўзини бир қадар парда ортига олиши билан ўзбек аёли эҳтиромга сазовор бўлади. Ўз баданининг ҳар бир мучасини кўз-кўз қилиб турган яратиқлар эса бизнинг ахлоқимизга кўра, эркаклар ҳурматига лойиқ саналмайди.

Тўғри, одамзод давр билан бирга яшайдиган, унинг таъсиридан четда туролмайдиган ўткинчи хилқат. Ҳар қандай одам ҳам даврнинг ўзгаришларига бир қадар мослашиши лозим бўлади. Лекин бир қадар мослашиш билан тамомила ёт таъсирлар етовига тушиб қолиш бошқа-бошқа нарсаларки, маънавиятли ўзбек аёллари ҳали бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари керак бўлади. Чунки ўзбек қизлари минглаб йиллар давомида ўзи ва яқинларининг орини сақлашни энг юксак аъмол санаганлар.
Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мулоҳаза: "Ўзбекча ҳаёга шайтоний назар тушмасин...”