00:53 / 09.05.2019
3 853

Ниятга яраша ажр...

Ниятга яраша ажр...
Рамазон ойи бошланиши билан ижтимоий тармоқларда рўзадорлар учун ифторлик-саҳарлик акциялари, хайр-саховат ишлари ҳақида ўқий бошладик. Бир гуруҳ савоб умидидаги юртдошларимиз эҳтиёжманд, саҳарлик ва ифторлик қилиш учун имкони бўлмаган кишиларга таомлар етказиб беришни йўлга қўйганлари ҳақида ўқигандик. Бу хабардан мамнун бўлиб, саҳифаларимизда бошқа фойдаланувчилар учун ҳам манфаатли бўлсин деган умидда бўлишдик.

Рамазоннинг илк кунлари саховатпеша инсонлар саҳарлик ва ифторлик хизмати учун буюртма берганларнинг аксарияти ўзига тўқ, мурувватга эҳтиёжи бўлмаган кишилар эканлиги, фақат биргина аёл касалхонада бетоб эрига қараётганини истиҳола билан айтиб саҳарликка буюртма берганини эшитиб ҳайратдан ўзимизга келолмадик. Мақолани тайёрлаш жараёнида саховатли йигитлар билан боғланишга ҳаракат қилдик.

– Шундай бўлди,- деди исм-насабини ошкор қилмаслигимизни сўраган инсон. – Лекин йўлга тушириб олдик, Аллоҳга шукр. Биз савоб умидида бу ишга киришганмиз, ҳамма нарсаси рисоладагидек бўла туриб, ўзини муҳтожлар ўрнига қўйиб ёрдам тиланганларни ҳам, бизни ҳам Аллоҳ кўриб турибди,Ўзи қайси бандасига ажр,қайси бандасига гуноҳ ёзишни билади.

Муборак кунларда “Корзинка.уз” тармоқли дўконларида йўлга қўйилган саховат акциялари барча мусулмонларни мамнун этди. Бу дўконларда рўзадорлар учун ифторлик дастурхонлари ташкил қилиш билан бирга, бир қути Рамазон хурмоси харид қилган харидорга бир литр “Нестле” ичимлик суви совға қилиняпти. Рўзадорларга, Рамазонга бўлган ҳурмат ва муҳаббатни бошқа дўкон соҳиблари ва сотувчилар “Корзинка.уз”чилардан ўргансалар, бўлар эди...

“Мазасини татиб кўринг...”

Бозорларимиздаги яна бир ҳолат кўнгилни хира қилади: Рамазон кунлари харид қилмоқчи бўлган маҳсулотнинг нархини сўраганда “Мана, еб кўринг, жуда мазали, таъмини татинг,” дегувчилар “Рамазон ҳурмати” деган ибора маънисини мулоҳаза қилсалар бўларди. Рамазон ойида ҳатто “Рўза бўлмасангиз еб кўринг!” дейиш ҳам жоиз эмас. Чунки, бу ойда рўза фарз қилинган! Демак, ўзини мусулмон ҳисоблаган инсон рўза тутиши керак. Бизнингча, буни англаш учун одам олим ёхуд авлиё бўлиши шарт эмас.

Нима демоқчи эдик?

“Чақани чақага қўшиб ҳисобладим, бир чақа экан дунё қиймати”, деган экан донишлардан бири. (Аллоҳ наздида пашшанинг қанотичалик қиймати йўқ бу дунёнинг...) Бир чақага арзимас дунё деб, боқий саодатдан маҳрум бўлишлик гумроҳликдир. Мўминлар мудом яхшиликда ибрат бўлишга интилганлар. Биз ҳақимизда “сотувчи” ёки “одам” деб эмас, МУСУЛМОН деган нисбат билан гапирадилар. Ўрни келганда бир ўзимиз бутун мусулмонлар қиёфасини акс эттирамиз. Шундай экан, амалимиз ҳам мусулмонга хос бўлсинки, бошқа дин вакиллари гўзал динимиз Исломни ва биз мусулмонларни ҳурмат билан эътироф қилсинлар. Бизга ҳавас қилсинлар, биздан ўргансинлар, бизга интилсинлар...

Маълумот учун:
Гўшт: (бир килограмм) 47- 50 минг сўм.
Тухум: (донаси) 450-650 сўм.
Уй тухуми: (донаси) 800-1000 сўм
Кўкатлар: (боғи) 500 сўм
Новвот: (бир килограмм) 10 минг сўм
Қулупнай: (бир килограмм) 6 мингдан бошланган, 15 минггача бор.
Бодиринг: (бир килограм) 2 мингдан бошланган, 5 минггача бор.
Помидор (бир килограми) 13-16 минг.
Умида АДИЗОВА тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ниятга яраша ажр...