Компьютерлар пайдо бўлиши билан жуда кўп одамлар ўтириб ишлаш тарзига ўтди. Табиийки, бу бутун кунни тик оёқда ўткизишдан кўра ёқимлироқ. Аммо, кўплаб бошқа ёқимли нарсалар сингари, ўриндиқда ҳаракатсиз вақт ўтказиш бир мунча салбий оқибатларга олиб келади.
Ўтроқ турмуш тарзи қандай муаммолар келтириб чиқаради?
1. Вазн орттириш
Ҳаракатланиш танадаги тўқималарни қондаги липидлар миқдорини бошқарувчи ва озиқ-овқатдан сўрилган ёғ ва шакарни қайта ишлашга ёрдам берадиган липопротеинлипаз ферментини ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Ўтириб вақт ўтказиш тарзи, албатта, ушбу фермент етишмаслигига олиб келади ва ёғ сўрилиши ишига салбий таъсир ўтказади. Натижада сиз семира бошлайсиз.
Узоқ ўтириш метаболик синдром хавфини оширади. Бу нафақат узоқ вақт ўтирадиган, балки жисмоний машқлар билан шуғулланмайдиган одамлар учун ҳам бирдек алоқадор.
Баъзан спортдан узоқ инсонлар ҳам ортиқча калорияни парчалай олишади, яъни улар ҳаракатсиз ўтирмасдан юришади, тик туришади, қимирлашади. Шу сабабли иш куни давомида фақатгина юриш ва туриш имконияти туғилган тақдирда ҳам ундан унумли фойдаланинг.
2. Эрта ўлим хавфи
Бир миллионга яқин инсон саломатлигини кузатиш тадқиқотлари шуни кўрсатадики, кўп ўтирадиган одамларда эрта вафот этиш эҳтимоли кўпроқ. Фактлар келтирадиган бўлсак, ўтиришга мослашган турмуш тарзини олиб боришда эрта ўлим хавфи 22–49 фоизга ошади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, жисмоний фаоллик етишмаслиги дунё бўйича кузатиладиган ўлим ҳолатларининг 6 фоизига сабаб қилиб кўрсатилади. Шунингдек, ҳаракатсизлик кўкрак бези ва йўғон ичак саратони ҳолатларининг тахминан 21-25 фоизи, диабет ҳолатларининг 27 фоизи ва юрак-қон томир касалликларининг 30 фоизида асосий омил ҳисобланади.
3. Қандли диабет ва юрак касалликлари
Тадқиқотчилар деярли 30 хил сурункали касалликларни нофаол ҳаёт тарзи билан боғлашади. Хусусан, узоқ вақт ўтириш юрак-қон томир касалликлари авж олиши хавфини оширади. Бундан ташқари, агар сиз узоқ вақт ўрнингиздан турмасангиз ва кунига 1500 қадамдан кам пиёда юрсангиз, танангизда инсулинга қаршилик ортади. Бу эса иккинчи тоифали диабетнинг асосий сабабидир.
4. Суяк ва мушаклардаги оғриқ
Узоқ вақт ноқулай ўриндиқда ўтирувчилар учун бел ва бўйин оғриқлари бегона эмас. Жисмоний фаоллик етишмаслиги умуртқа қовурғалари ва мушакларига салбий таъсир кўрсатади, қон таъминотининг асосий ролига салбий таъсир қилади, натижада келажакда ҳаракатланишни қийинлаштирувчи сурункали оғриқлар юзага келади.
Оқибатда аянчли занжир пайдо бўлади: сиз кўп ҳаракат қилмаганингиз сабабли мушакларингиз оғрийди ва мушакларингиз оғримасин деб кўп ҳаракат қилмайсиз.
5. Депрессия ва ташвиш
Тадқиқотчилар узоқ ўтиришни депрессия ва ташвишланиш билан боғлайди. Жанубий кореялик мутахассислар томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, кунига 8-10 соат ўтириб ишловчи инсонларнинг бу ҳолатда фақат 5 соат сарфлайдиганларга нисбатан жиддий депрессив касалликка чалиниш эҳтимоли кўпроқ. Психологларнинг фикрига кўра, нофаол турмуш тарзида тушкунлик уч баравар ортади.
Бундан ташқари, жисмоний фаолиятнинг етишмаслиги стрессни орттиради. Кунига 6 соатдан кўпроқ ўтириб ишлайдиган ходимлар жиззакироқ бўлишади ва уларда ёқимсиз ҳолатларга тоқат қилиш қийинроқ кечади.
Муаммодан қандай қутулиш мумкин?
Кундек равшанки, камроқ ўтириш ва кўпроқ ҳаракатланиш зарур. Аммо бир кичик фарқни ҳам ҳисобга олинг. Маастрихт университети тиббий маркази мутахассислари олиб борган тажрибаларга кўра, бор имкониятларни ишган ҳолда кичик муддатли жисмоний юклама аввалги кўп соатли ҳаракатсиз ўтиришнинг ўрнини қоплаб бера олмайди.
Бошқа бир тадқиқот шуни кўрсатдики, узоқ вақт давомида ўтириб ишлаш ундан кейин қанча жисмоний фаолият амалга оширишингиздан қатъи назар зарарли бўлиб қолаверади.
Демак, ҳаракатсиз иш кунидан кейинги мунтазам машғулот залларига қатнаш вазиятни юмшата олмайди.
Миннесота штатидаги Майо клиникаси тадқиқотчиси доктор Жеймс Левин «кундалик фаолиятнинг термогенези» атамасини ишлаб чиқди, бу бизнинг уйқу, овқатланиш ва спортдан ташқари барча ҳаракатларимизга сарфлайдиган энергиямиздир. Юриш, тик туриш, сирпаниш, ҳаттоки ошхонани тозалаш ва идишларни ювиш — умуман, кичик бўлган, аммо доимий амалга ошувчи хатти-ҳаракатлар ўтиришга мослашган турмуш тарзидан келиб чиқадиган муаммоларга бардош беришга муайян интенсив машғулотга қараганда кўпроқ қодир.
Жисмоний тиббиёт ва реабилитация бўйича Америка кенгаши доктори Эдвард Ласовский қуйидагиларга мунтазам равишда амал қилишни тавсия этади:
- Камида ҳар 30 дақиқада ўрнингиздан туринг ва ўз хонангиз ёки офисингизни айланиб чиқинг.
- Телевизор томоша қилиш ёки телефонда гаплашишни тик турган ҳолда амалга оширинг. Сиз икки карра ютасиз: биринчидан, зарур жисмоний машғулотни бажарасиз, иккинчидан, суҳбат ва телевизор учун сарфланадиган вақтни қисқартирасиз, чунки буни тик турган ҳолатда ҳеч ким соатлаб давом эттира олмайди.
- Агар сиз столда ишласангиз, креслодан воз кечишга ҳаракат қилинг. Созламага эга баланд стол сотиб олинг ва тик турган ҳолатда ишланг. Баъзилар югуриш йўлакчасида юриб ишлашга ҳам муваффақ бўлишади.
Колумбия Университетининг Ирвинг тиббиёт маркази тадқиқотчилари фикрига кўра, енгил, аммо доимий жисмоний фаоллик эрта ўлим хавфини 17 фоизга камайтиришга кифоя қилади ва агар бунга югуриш ҳамда велосипед ҳайдаш қўшилса, натижа 35 фоизгача ортади. Умуман олганда, иложи борича камроқ ўтиришга ҳаракат қилинг. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади