Эр-хотин муносабатлари бир текис муносабатлар эмас. Йиллар давомида бу муносабатлар кўп маротаба синалади, дарз кетади, ҳатто синиши ҳам мумкин. Оилавий бахт боқий бўлиши мумкинми?
Психолог ва сексапотологларнинг таъкидлашича, оилавий бахт учун кўп нарса керак эмас. Бахтиёр оила бу бор нарса. Бундай оилада фақат бир томон эмас, балки эркак ҳам аёл ҳам ўзини бахтиёр ҳис эта олади.
Ҳозирги кунда ёш келин-куёвларга қилинаётган сарполарни кўриб, кўпчилик оилавий бахт учун тахт керак деб ўйлашини тушуниш қийин эмас. Ёш эр-хотинни бошланғич оилавий ҳаётида имкон қадар кўпроқ буюмлар билан таъминлаб, уларнинг турмушидаги барча моддий эҳтиёжларини олдиндан қоплаб қўйсак, эр-хотин бекаму кўст яшаб бахтиёр турмуш кечирадилар, деб хато ўйлаймиз. Кейин эса қанча сарпо қилинишидан қатъий назар ажралиш, хафачилик ва оила барбод бўлишини кўрамиз. Мебел қанча қимматлашмасин, сарпо кийимлари қанчалик кўпаймасин, оилани сақлаб қолиш имконияти унга боғлиқ эмаслигини тушунамиз.
Оилавий бахт - бу авалло эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар натижасидир. Унга катта оила, сарполар ва ҳатто янги машина ҳам ижобий таъсир кўрсата олмайди.
Эр-хотин муносабатларининг яхшиланиши ҳам, ёмонлашиши ҳам уларнинг бир-бирига бўлган муносабатига боғлиқ. Бу эҳтирос туфайли жўш ураётган жинсий муносабатлар эмас, ота-онаси қилган сарполардан келиб чиқадиган молиявий муносабатлар ҳам эмас, қайнона хизматини қилиш кераклигини таъкидловчи ижтимоий муносабатлар ҳам эмас. Бахтли ҳаёт учун керак бўлган эр-хотин орасидаги энг муҳим муносабат - бу бир-биридан миннатдор бўлиш муносабатидир.
Эр-хотин муносабатларидаги энг катта ҳато - бир-биридан миннатдор бўлмаслик!
Эркак аёли унга чиройли нонушта тайёрлагани учун ичида бўлса ҳам миннатдор бўлишни билиши керак, чунки аёли унинг учун ҳаракат қилди, унинг кўнглини олишни истади. Яъни аёли айнан у учун тинмаётганини тушуниб қадрлашни билиши керак. Ҳамма шундайку, демай, мен учун фақат шу аёл шундай дея ўзини хурсанд қила олиши керак. Хотин бўлгандан кейин қиладида, демай, берилаётган эътибор учун авалло тақдиридан, кейин эса аёлидан миннатдор бўлишни билиши керак.
Аёл ҳам эридан миннатдор бўлишни ўрганиши лозим. Бозорлик қилиб келса, унинг учун, болалари учун ҳаракат қилаётганини тушуниши керак. Тунда унга ёқимли ҳаракат қилаётганини сезган аёл ичида бўлса ҳам эридан миннатдор бўлиши керак. Чиройли кийим ёки совға сўраб олиб, эрига бор хурсандчилигини кўрсата билиши керак.
Аёлми, эркакми ўз турмуш ўртоғидан олаётган барча муносабатни норма сингари қабул қилиши нотўғри. Оила деган кемани чўкиб кетмаслиги учун иккови ҳаракат қилаётган бўлса, демак улар бир-бири учун ҳаракат қилмоқда. Шуни иккови ҳам англаши лозим. Миннатдорчилик инсонни қаноатлантиради.
Ота-онасини қарзга ботириб уйини ясаттирган аёл эридан миннатдор бўла олармикин? Куёвлик хизматини қилмай туриб бош-оёқ таъминланиб қўйилган эр аёлини қадрлай олармикин?
Психологиянинг қайси рукунига юзланманг, бахтли муносабатларнинг негизида миннатдорчилик ҳисси ётади. Динимизда буни шукроналик деб атаймиз.
Муҳими, яхшиликни кўра билиш. Мисол учун эри бошқа аёл кўнглидан чиқиб хотинига қўполлик қилаётганда миннатдор бўлиш асло керак эмас. Ёки бўлмаса куни билан ижтимоий тармоқлардан бошини кўтармай, кўзгуни олдидан кетмайдиган аёлга ҳам миннатдорчилик шарт эмас.
Лекин озми-кўпми оилам, уйим-жойим, болам-чақам дейдиган эркак ва аёл ўзаро бир-бирларига миннатдорчилик ҳиссини кўрсатишни ўрганишлари лозим. Кўчадан нон олиб келса ҳам, ўпиб қўйинг. Эртасига музқаймоқ келади. Нонуштага эрта туриб қуймоқ тайёрладими, ўпиб қўйинг, эртаси куни сомса кўрасиз.
Биз эса кўпинча шерикларимизнинг камчиликларини яққол сезамиз, уларга урғу берамиз, тўғрилашга ҳаракат қиламиз ёки шу деб ранжиб юрамиз. Кунда қилинадиган яхши амалларига эса оддий ҳолдек қараймиз.
Кўзга кўринарли жойга қолдирилган биргина "Раҳмат" ёзуви, уни ўқиган инсонни қалбини бир зумда ёриштира олади.
Синаб кўринг, бугун турмуш ўртоғингизга ҳар куни қилиб юрадиган бирон иши учун ундан миннатдор эканлигингизни кўрсатинг. У иш майда бўлса ҳам миннатдор эканлигингизни сезсин. Ўпиб қўйинг, миннатдорчилик сўзларини айтинг, хурсандчилигингизни намоён қилинг, қилган оддий ишини совға сингари қабул қилинг. Натижаси сизни жуда тез хурсанд қилишига аминмиз.
Манба: Uzbaby.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хитой Япония ва саккизта давлат фуқароларига визасиз режимни жорий этади
Россия Украинага “зудлик билан” маҳбусларни алмашишга тайёрлигини билдирди
Песков АҚШнинг амалдаги маъмуриятини Украинадаги вазиятни кескинлаштиришда айблади
"Йиртқич" овга чиқди...
Комил Алламжоновга суиқасдда гумонланиб 5 киши қамоққа олинди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Сингапурда жаҳон шахмат тожи учун баҳс бошланди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида виза тартиби янада эркинлаштирилиши мумкин