03:50 / 26.04.2020
5 351

Хурмонинг хосиятлари

Хурмонинг хосиятлари
Қуръони каримда хурмо меваси жаннат неъматлари қаторида зикр этилган. «Мевалар, хурмо ва анорлар бордир» (Раҳмон, 68).
Хурмо Қуръони Каримнинг 8 та жойида ёлғиз ва 12 жойида бошқа мевалар қаторида (узум, анор ва ҳ.з.) зикр қилинган. Унинг поясини қадимда қурилиш ашёси, баргларини эса гилам, елпиғичлар ясашда ишлатишган.

Рамазон ойида ифторлик дастурхонининг кўрки, албатта, қуритилган хурмо ҳисобланади. Унинг мазфати, кабкаб, бархи, анбара, хадрави каби бир қанча турлари бор. Ислом таълимотида келтирилишича, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлари давомида истеъмол қиладиган озуқалар ичида айнан хурмо энг машҳури ҳисобланган. Бу борада кўплаб ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Оиша розияллоҳу анҳу деди: “Ойдан ойга қараб турардик, Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларида қозон осилмасди, емагимиз фақат хурмо билан сут бўларди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ансорий қўшнилари баъзан бизга ичишимиз учун сут келтириб беришарди. Биз шуни ичардик” (Бухорий ривояти). “Саҳиҳайн” китобида Саъд ибн Абу Ваққосдан келтирилган ривоятда эса шундай дейилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки эрталаб учта ажва хурмосидан тановул қилса, унга ўша кун заҳар ҳам, сеҳр ҳам таъсир қилмайди”.

Хурмо саломатлик борасида ҳам жуда фойдали неъмат ҳисобланади. Ёқимли ва ширин таъм берадиган углеводларга бой. Қуруқ мева таркибида фолий кислотаси, шунингдек, РР, В ва А витаминлари, темир, цинк ва магний миқдори кўп.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, А витамини болаларнинг ўсиши ва суяклари мустаҳкам бўлишига ижобий таъсир кўрсатади, кўриш қуввати, эшитиш қобилиятини оширади, асаб тизими фаолиятини яхшилайди, қон томирларини юмшатади. Ичак яллиғланиши, ошқозон ярасига шифо бўлади.

Хурмо бошқа меваларга қараганда фосфорга бой. Юз грамм хурмо мевасида қирқ грамм фосфор бор. Бу эса суяк ва тишнинг бақувват бўлишини таъминлайди.
Рўзадор кишининг ифторлик ва саҳарликда хурмо тановул қилиши кун бўйи толиқмаслигига кўмак беради.

Баъзи кишиларга ушбу мевани истеъмол қилиш учун чеклов мавжуд. Жумладан, қандли диабетга чалинган кишиларга. Чунки у қондаги шакар миқдорини жуда тез оширади. Қолаверса, юқори калорияга эга бўлгани учун семириш ва ортиқча вазндан азият чекувчи кишиларга ҳам тавсия этилмайди. Шунингдек, тишларида кариеснинг ривожланиши юқори бўлганлар ҳам уни меъёрида истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ.

Қуритилган хурмо мевасининг фойда ва зарарларини ҳисобга олган ҳолда катталар кун давомида 3–5 дона, болалар эса 1–2 дона ейиши етарли ҳисобланади. Қуритилган хурмони бутунлигича ейиш тавсия этилади. Унинг пўстлоғини зинҳор арчманг, чунки жуда кўп қимматли моддаларга эга.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Хурмонинг хосиятлари