20:53 / 05.06.2020
2 522

"Love yourself" компанияси

"Love yourself" компанияси
- Келинпошша, қаранг, сизни эшик олдида чақиришяпти.
- Хўп бўлади, деди-ю қўлидаги чалмани тандирга қўйиб, йўл йўлакай қўлларини ювиб, дарвоза томон йўналди. Остонада уни икки замонавий аёл кутиб туришарди.
- Ассалому алайкум, келинглар, хуш келибсизлар, - дея жилмайиб кутиб олди
- Салом. Биз косметика, парфумерия ишлаб чиқарувчи компаниясиданмиз, - деди қора кўзойнак таққан аёл. Исмингиз нима?
- Гулойим.

- Жуда чиройли исмингиз бор экан, опа. Бизда сиз учун ажойиб нарсалар бор, - дея сумкасидан бирин-сирин бежирим қадоқдаги маҳсулотларни ола кетди наригиниси. - Мана бу юз учун кундузги крем, бунисини кечқурун суртасиз, лекин уни суртишдан аввал мана буниси билан юзингизни тозалаб оласиз, буниси озиқлантирувчи ниқоб, юзингизни бир ҳафтада икки марта мана бу скраб билан тозалайсиз, юзга совун ишлатиш мумкин эмаслигини биласиз-а? Бу эса кўз атрофидаги ажинлар учун.

Гулойим ҳеч бирини эслаб қола олмади. Битта юзга шууунча нарсами, тўғрироғи икки юзга.
- Куним юз парваришлаш билан ўтарканда, - деб юборди бехосдан.
- Опа, буларни ишлатсангиз юзларингиз ёшаради, мана булар эса қўл крем, буниси чарчаган оёқлар учун. Бир нарса сўрасам, ёшингиз нечада, опажон?!
- Йигирма етти ёшман, деди Гулойим негадир айтишга иккиланиб.
- Вой тавба, опа эмас, сингил экансиз-ку, биз иккимиз ҳам ўттиз тўрт ёшмиз.

“Ҳа энди, қуш уясидек кичкина “дом”да бир иш қилмай яшагандан кейин, сен ёшармай мен ёшарайми.”
- Опалар, буларингиз қанча ўзи?
- Булар ҳаммаси юз учун тўплам, атиги 210 минг туради, қўл ва оёқ кремлар анча арзон.
- Оҳҳо, бу пулга бир қоп ун олса бўлади-ку, деб юборди яна ўзини босолмай.
- Майли унда Гулойимхон, ўзингиз биласиз, лекин аёл киши ўзига қараб юриши керак, латофатли ва дилбар кўринишга эга бўлсагина ҳаммага ёқади. Юзингизга сира эътибор бермас экансиз. Қаранг, қорайиб, ажин тушиб кетибди.

Гулойимнинг устидан муздек сув қуйилгандек бўлди. Нима дейишини, нима қилишини билмай қолди.
- Биз яна келамиз, ўйлаб кўринг, деди-ю икки аёл ортига ўгирилиб кета бошлади.

Гулойим у ерда қанча турди билмайди, бирдан хамири ошиб кетгани эсига тушди. Тандир қалаб, ўт ёқди, олов тушгунча, нонларни ясаб, дарров ёпиб олди. Бу вақт ичида хаёли фақат бояги суҳбатда эди. Балки улар ҳақдирлар, ростдан ҳам ўзига қараб юрмагани учун кўпинча камситилишга учрар.

Ишларини тугатгач, ҳовлидаги кўзгуга қаради. Ҳа, уларнинг гапида жон бор. Кўзгудаги акси унга қараб дўқ урди: бугундан бошлаб ўзингга қара, юзларингни, қўлларингни парваришла, дегандек чимирилди. Афсус, бояги нарсаларни сотиб олмадида. Лекин чирой учун айнан ўша маҳсулотлар бўлиши шартми?

У болалигида аммалари қўллаган усулларни бир-бир эслади, турмуш ўртоғининг телефонини яширинча олиб интернетдан анча маълумот олди ва режа тузди. Эртадан бошлаб у бошқа аёлга айланишга қарор қилди.

Эрта тонг. Гулойим барвақт туриб уй ишларига шўнғиди, сигир соғди, сут устидаги кўпикдан олиб юзига суртди. Нонуштага ажойиб қуймоқ тайёрлади, тухум пўчоғини олиб қўйди ва вақт топиб унда қолган жиндек массани юзига суртди. Ундаги ўзгаришни қайнона аллақачон сезди. Кечаги гапларни сал нарироқда эшитганди, келинига раҳми келиб, шартта ўша кремларни ҳам олиб бермоқчи бўлди-ю, лекин ҳали пенсиясини олмаган эдида, аксига олиб ўғли ҳам уйда эмасди. Шўрлик келин, ҳақиқатдан тинмайди, болалар, уй ишлари, дала, ҳаммасини эплайди бояқиш, ҳа, шу ташвишларга кўмилиб, ўзини йўқотиб қўйди, келингинам, дея хаёлидан ўтказди у. Кейин дилига тугиб қўйди, нафақа олай, албатта келинимга ўша косметика-ю кремларини олиб бераман.

Бу орада Гулойим тушлик учун таом ва салат тайёрлади. Бодрингни арчиб, пўстини юзига суртди. Овқатлангач ҳамма дам олгани кириб кетишди, келин идишларни ювуб, қатиқдан бир парча матога озроқ солиб ерга қўйиб қўйди. Сал суви кетгач, уни ҳам юзига суртди.

Эртаси куни ҳам шундай табиий ниқоблар тайёрлаб юзларини парваришлади. Картошка ва асалдан, мевалардан, ҳатто товуқлар ейдиган кепакдан ҳам юз учун фойдаланди. Қаймоқлардан куппи пишди, ундан чиққан сариёғдан қайнонасидан сўраб бир пиёла олди, уни қўлига крем сифатида ишлатди. Атиргул гулбаргларидан гулоб тайёрлади. Қош ва киприкларига ўсма қўйди. Нафсиламбрини айтганда, Гулойим ҳақиқий гул ойимга айлана бошлади.

Унинг кундан кунга гўзаллашиб бораётгани атрофдагиларни ҳайрон қолдирар, фақат қайнона ҳаммасидан хабардор, иложи борича келинига имкон яратиб беришга уринарди.
Ажойиб кунларнинг бирида яна дарвоза тақиллади. Гулойим лаббай деб уларга юзланди.
- Салом, бизга Гулойим керак эди, сиз синглиси бўлсангиз керак, - дейишди таниш аёллар.

Гулойим уларни кўриб алланечук бўлиб кетди. Чунки аввалига уларнинг гапларидан жуда хафа бўлган эди, лекин шу туртки бўлмаганида ҳозирги ўзгариш қаёқда эди. Гулойим уларга ўша маҳсулотларсиз ҳам гўзал бўлиш мумкин эканлигини, муҳими ўзига эътибор ва меҳр бериш кераклигини тушунтириб қўйишни истаган эди. У нафақат юзига, балки кийимларига ҳам жиддий аҳамият беришга одатланди.

- Ассалому алайкум, яхшимисизлар опажонлар. Мен ўша Гулойимнинг ўзиман, - деди жилмайиб.
Аёлларнинг иккиси ҳам қора кўзойнакларини бирдан олишди. Кўзойнак ортида ҳайрат тўла кўзлар Гулойимни бошдан оёқ “рентген қилиб чиқди”.
- Вой бунча ўзгариб кетдингиз, жуда чиройли бўлиб кетибсиз, ўн ёшга ёшарибсиз! Қайси компаниянинг маҳсулотларини ишлатдингиз? Ё биздан кейин бошқалар келганида кремларни улардан олдингизми?
- Йўқ, мен умуман бошқа компаниянинг маҳсулотларини ишлатаяпман, улар анча арзон ва самарали.

Нафақасини дастрўмолига тугиб келаётган қайнона ҳам бирдан тўхтаб қолди.
- Қайси компания, айтақолинг энди?
Кеча хўжайинидан инглиз тилида “ўзингни сев” қандай айтилади деб сўраб олганди.
- Love yourself компанияси, майли яхши юринглар, - дедию, ортига бурилиб мамнун ҳолда уйга кириб кетди. Ҳовлида қайнонаси жилмайиб келинига қараб турарди.

Муаллиф Дилором Бегматова

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Love yourself" компанияси