08:54 / 01.09.2020
3 617

Уй шароитида қандай қилиб йогурт тайёрлаш мумкин?

Уй шароитида қандай қилиб йогурт тайёрлаш мумкин?
Фото: «Povar.ru»
Пробиотикларга бой бўлган, уйда шароитида табиий тайёрланадиган йогурт таркибидаги нордон сут бактериялари сабаб унинг истеъмолидан кейин ичаклар микрофлораси яхшиланади. Қолаверса, иммунитет ҳамда суякларни мустаҳкамлаш хусусиятига эга бўлган мазкур маҳсулот вазн ташламоқчи бўлганлар учун айни муддао.

Уйда тайёрланган йогурт асосан икки маҳсулот: сут ва ачитқи ўрин олиши керак, қолгани эса фантазиянгизга боғлиқ. Таъбга қараб мева, ёнғоқ, резавор ва писта қўшиш, исталса салат ёки кўкат ва саримсоқ аралаштириб гўштли таомга соус тайёрлаш ҳам мумкин. Йогуртни уй шароитида тайёрлаш осон ва қимматга тушмайди.

Керакли маҳсулотлар: сут, ачитқи.

Сут қандай бўлиши керак?
Сут табиий ва бошқа қўшимчаларсиз бўлиши керак. Агар бундай сутдан фойдаланишнинг иложи бўлмаса, дўкондан пастеризацияланган, таркибида ёғ 3,2 фоиздан кам бўлмаган сут харид қилиш керак. Йогуртнинг консистенцияси унга қанча миқдорда сут қўшилганига боғлиқ бўлади: сут қанча кам бўлса, йогурт шунча қуюқ бўлади.

Ачитқи
Ачитқи икки хил — қуруқ ва суюқ ҳолда бўлиши мумкин. Уларнинг ҳар иккисининг фарқи унчалик бўлмагани билан суюқ ачитқи яроқлилик муддати тугашига яқин таъсирини йўқотади. Шунинг учун ҳам қуруқ ачитқидан фойдаланиш тавсия қилинади. Флакон ёки идишларга солинган қуруқ ачитқини дўкон ёки дорихоналардан харид қилиш мумкин. Битта флакондаги ачитқи одатда 1-3 литр сутга етади.

Қандай тайёрланади?
Таркибида бўлиши мумкин бўлган зарарли бактерияларни ўлдириш учун сутни қайнатиб олиш шарт. 1-3 литр сутни 37-40 даража ҳароратда пишириб олинг, кейин эса совутинг. Ачитқини қўшинг ва яхшилаб аралаштиринг. Аралашма солинган идишни кўрпага ўраб, иссиқроқ жойга 8-10 соатга қўйинг. Тайёр бўлган йогуртдан кейинги йогурт учун ачитқи сифатида ҳам фойдаланса бўлади.

Ачитқи ўрнига тайёр ҳолдаги ортиқча қўшимчаларсиз бўлган йогурт ёки сметана ишлатса ҳам бўлади. Бунинг учун 1литр сутга бир ош қошиқ сметана қўшиш ва аралашмани юқорида таъкидланганидек иссиқ жойга қўйиш керак бўлади.

Фото: «Домашний Очаг»
Термосда тайёрлаш учун
Керакли маҳсулотлар: 1 литр сут, 200 гр табиий йогурт.

Тайёрланиш жараёни:
Сутни 38-40 даража ҳароратда пиширинг. Термосни яхшилаб ювиб, қайнаган сув билан чайинг. Сув солинг ва 1-2 дақиқа ичида қолдириб, кейин тўкиб ташланг. 100 гр сутга йогуртни аралаштиринг. Кейин сутнинг қолган қисмини қўшинг ва яна аралаштиринг. Аралашмани термосга солинг ва 6-8 соатга устини ёпиб қўйинг. Тайёр йогуртни идишга солиб, 8 соатга музлаткичга қўйинг.

Эсда тутинг: Ачитқи қўшилган йогуртни узоқ вақт сақламаслик керак. Вақт ўтганидан кейин у таъмини йўқотиб боради. Уй шароитида тайёрланган йогуртни 3-4 кундан ортиқ сақлаб бўлмайди. Мева, мураббо, асал, ёнғоқ ва резаворларни истеъмолдан аввал қўшиш керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Уй шароитида қандай қилиб йогурт тайёрлаш мумкин?