19:46 / 17.08.2021
9 547

«Ўлсам жанозамни булбул ўқисин» шеъри муаллифи Бибисора Туробова ижарама-ижара юрганини маълум қилди (видео)

«Ўлсам жанозамни булбул ўқисин» шеъри муаллифи Бибисора Туробова ижарама-ижара юрганини маълум қилди (видео)
Ижтимоий тармоқларда «Ўлсам жанозамни булбул ўқисин» мисралари билан бошланадиган шеър Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ёзилган дея нотўғри талқин қилиб келинган.

Фото: YouTube
Ушбу шеър муаллифи, шоира Бибисора Туробова «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида шеърнинг ёзилиш тарихи, ҳаттоки халқ шоиралари Бибисора Туробовани виждонсизликда айблашгани, шоира 21 йилдан буён ижарада яшаётгани, ҳозиргача ушбу шеър Президентнинг шеъри дея сотилаётгани ҳақида гапириб берди.

- "Бу шеър 2011 йилда ёзилган. Ўша йили инсульт бўлиб қолгандим, бир томоним ишламай қолган. Хаёлимда ‘у ёққа’ кетиб қоладигандек бўлганман. Кейин фарзандларга васият ёзгим келган, ўлсам ундоқ қилинглар, ўлсам бундоқ қилинглар деб. Бу васиятни тўрт қатор, тўрт қатор қилиб ёздим.

Кейин бу шеър ўзидан ўзи ‘Ўлсам жанозамни булбул ўқисин’ деган сарлавҳали шеър бўлиб кетди.

Дилбар Оҳуновага қўлёзмасини берганман. Муфтий ҳазратнинг ҳам қўлларига берганман, Бу шеър ҳажларда ўқилган. Арофат тоғида ‘Субҳаналлоҳ’ деган шеъримни муфтий ҳазрат микрофонда ўқиганлар. 7 миллион одам дуо қилди, деб, менга сарпо қилиб келгандилар.

Шу шеър кейин халқнинг тилида ‘Каримов ёзибди, ўзига ёздирибди, қабримнинг бошига дарахт экинглар дебди, тўртта стул ясатинглар дебди’, бўлиб кетди.

Бу шеърни Дилбар ўқиб юрарди, кейин Дилбарни кўрмадим. Замин ФМ да ишларди. Бир куни онаси телефон қилди, улар марғилонлик экан. Онасига номеримни топиб берибди-да, Бибисора опага айтинг, бу шеърни ўзиники қилиб олсин, шеър жуда оммалашиб кетди, муаллифи ‘ота’ бўлиб қоляпти, дебди.

Кейин Ислом Каримов вафот этган 2016 йили ‘Китоб дунёси’ газетаси ‘Ўлсам жанозамни булбул ўқисин’ сарлавҳаси билан босиб чиқарди. ‘Дугоналар’ журналига Ҳалима Худойбердиева ҳам чиқарди. Ҳалима опа ‘Фарзандларга насиҳат’ деб чиқарди.

Газетага чиққандан кейин бир нечта таниқли шоираларимиздан Бибисора виждонини еб қўйибди, Ислом Каримовнинг шеърини ўзининг номидан чиқарибди, деган эътирозлар бўлибди. Бир халқ шоираси ‘Китоб дунёси’ таҳририятига телефон қилиб, уларга шикоят ҳам қилган экан. Газета бош муҳаррири ижодий сафарда бўлганлиги учун у ерда ишлайдиган қизлар ваҳима қилишибди. Бўлган воқеани ёзувчи Қўчқор Норқобилга айтишган экан, у кулиб, бу шеър Бибисора опаники, агар Бибисора опанинг шеъри бўлмаганида, сен ҳам, мен ҳам, Бибисора опа ҳам уйида ўтирмасди, дебди.

Ислом Каримовнинг жанозаси кунлари, адашмасам, жума куни эди. Таксига чиқсам ҳам, радиода ҳам, хуллас, жуда кўп жойларда шу шеърни қўйишяпти, одамлар шу шеърни эшитиб, йиғлашяпти.

Эртаси куни Ислом Каримов тушимга кирди. Аллоҳ гувоҳ. 50 ёшларда, ўша Президент бўлган йилларидаги либослар, мош гуруч соч-соқол. Ўша вақтларда шеър ота томонидан ёзилганига ўзимни ишонтириб юрибман. Тушимда отам тирик экан, отам тирик экан, деб бўйниларига осилиб, йиғлабман. Қўлимни пастга олдилар. Исро сурасидан икки оят ўқидилар. Пешонамдан ўпдилар. Сенга бошқа гапим йўқ, дедилар. Кейин бирдан кетиб қолдилар.

Уйғонсам бомдод вақти экан. Таъбирномани изладим. Қарасам, ҳар ёмонликдан кейин иккита яхшилик бор, ҳар қайғудан кейин иккита хурсандчилик бор, дегани экан. Энди менга яхши гаплар бўлса керак, деб ўйладим.

Бир куни олдимизга Самарқандга бориб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб қайтган водийлик зиёратчи келди. Самарқандда ‘Ўлсам жанозамни булбул ўқисин’ шеърини Ислом Каримов ёзган, дея Ислом Каримов портретига ушбу шеърни ёзиб, уни фалон сўмдан сотишаётган экан.

Мен ўша портретни кўтариб, видеомурожаат йўллаганман. Видеомурожаатим инсофинг борми, отанинг қабрига кунига 4-5 минг одам боради. Қайси виждонинг билан буни пуллаяпсан? Мен бу ерда нафақамга суяниб яшаяпман, деган мазмунда бўлган.

Уларни судга беринг, дейишди. Мен уларни судга беришим учун адвокатга пул керак. Ўзим беморман. Суднинг орқасидан юргандан кўра, яна битта шеър ёзақоламан. У пул юқмайди барибир, бу дунёнинг ўзидаёқ чиқиб кетади. Ҳали у ёқда-ку савол жавоби бор
", - дейди шоира Бибисора Туробова.

Маълумот учун, Бибисора Туробова Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, меҳрибонлик уйи директори лавозимларида фаолият юритган. Шоира 21 йилдан буён уйсиз, айни вақтда Дўрмон ижод уйида яшамоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Ўлсам жанозамни булбул ўқисин» шеъри муаллифи Бибисора Туробова ижарама-ижара юрганини маълум қилди (видео)